Янгиликлар

Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректорлар иштирокида давра суҳбати ташкил этилди

Жорий йилнинг 29 ноябрь куни Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Олимжон Тўйчиев раҳбарлигида олий таълим муассасаларининг ҳудудлар кесимида илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректорлар иш фаолиятини мувофиқлаштирувчи координаторлар иштирокида давра суҳбати ташкил этилди. Давра суҳбатига вазирнинг Германиялик Юқори мартабали маслаҳатчиси Карстен Хайнц ҳам таклиф этилди.


Суҳбат давомида О.Тўйчиев 2019 йилда амалга оширилган ва 2020 йилда режалаштирилган ишлар тўғрисида тўхталиб ўтди. Олий ўқув юртидан кейинги таълим тизими бўйича ишлар таҳлил қилинди ва келгуси режа-топшириқлар белгилаб берилди.


Тадбир доирасида вазирнинг Юқори мартабали маслаҳатчиси К.Хайнц Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Германиянинг таълим ва тадқиқотлар бўйича федератив вазирлиги билан ҳамкорликда Германия тадқиқот институтларида икки ҳафта давомида малака ошириши учун танлов асосида саралаб олинган 13 нафар ўзбекистонлик ёш олимларнинг қисқа муддатли илмий стажировкалари ҳақида маълумот берди. Стажировка ўтаб келган ёш олимлар ўз навбатида ташриф натижаларига кўра ишлаб чиққан тавсияларини илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректорларига тақдим қилишди.


Суҳбат якунида проректорлар томонидан тажриба алмашиш ва ўзаро ҳамкорликни янада яхшилаш мақсадида ҳар ойда битта ҳудудда илм-фан, таълим ва ишлаб чиқаришни интеграция қилиш мавзусида илмий-амалий анжуманлар ўтказиш таклифи илгари сурилди ва маъқулланди.