Янгиликлар

Нефть-газ соҳасида инвестицион лойиҳаларни амалга оширишга бағишланган илмий конференция ўтказилди

1 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги И.М. Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети филиалида “Илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси – нефть-газ соҳасида инвестицион лойиҳаларни амалга оширишнинг муҳим омили” мавзусида республика илмий-техник конференцияси ташкил этилди.

Нефть-газ саноати мамлакатимиз иқтисодининг тез суръатларда ривожланиб бораётган соҳаларидан бўлиб, унинг фаолияти нафақат нефть-газ саноатини ривожлантириш, балки юқори малакали кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини оширишни ҳам ўз ичига олади.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирининг биринчи ўринбосари в.б. Шароф Ражаббоев, “Ўзбекгеофизика” АЖ бош директори Анвар Тошқулов, “Ўзбекнефтегаз” Ходимларни ўқитиш ва ривожлантириш бўлим бошлиғи Зуҳриддин Аброров, Тошкент Давлат техника университети ректори Садриддин Туробжонов, Тошкент Кимё-технология институти ректори Шуҳрат Муталов, ЎзРФА Умумий ва ноорганик кимё институти директори Бахтиёр Зокиров ва бошқалар иштирок этдилар.

Конференциянинг ялпи мажлисида минерал-хом ашё базасини мустаҳкамлаш, геология-қидирув ишларини устувор ривожлантириш, нефть-газ конларини аниқлаш ва бурғилаш ишларини ташкил этиш, нефть-газ соҳасида замонавий ва инновацион технологияларни қўллаш, кимё ва бошқа табиий фанлардаги масалалар кўриб чиқилди.