Янгиликлар

InnoWeek-2019. Халқаро инновацион-инвестицион форумида 108,7 млн. долларга тенг англашув меморандумлари ва инвестиция шартномалари имзоланди

Ҳафталик доирасидаги йирик тадбир — “Халқаро инновацион-инвестицион форум”да хорижий дипломатик ваколатхоналар раҳбарлари, маҳаллий ва хорижий тадбиркорлар, илмий-тадқиқот институтлари ходимлари, ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

Халқаро инновацион-инвестицион форумда 35 дан ортиқ хорижий ва 20 нафардан ортиқ маҳаллий спикерлар қатнашди. Хусусан, БМТ Осиё ва Тинч океани иқтисодий ва ижтимоий комиссиясининг (ЭСКАТО) Осиё-Тинч океани технологиялар трансфери маркази раҳбари (ОТТТМ) Мичико Эномото, Арманистон Республикаси Юқори технологиялар вазири ўринбосари Гегам Варданян форум спикерлари сифатида сўзга чиқди.

Ҳафталикнинг биринчи кунида Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан Хитой, Туркия, Исроил, Польша ва Ҳиндистондан ташриф буюрган инвесторлар билан икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган умумий қиймати 96,5 млн.долларга тенг бўлган англашув меморандумлари имзоланди. Ҳафталикнинг иккинчи кунида Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Жанубий Корея инвесторлари орасида икки томонлама ҳамкорликни назарда тутувчи умумий қиймати 6,3 млн.доллар, учинчи кунида инвестор ва ташаббускорлар иштирокида умумий қиймати 5,9 млн.долларни ташкил этган инвестиция шартномалари имзоланди. Ҳафталик давомида жами умумий қиймати 108,7 млн.долларга тенг бўлган англашув меморандумлари ва инвестиция шартномалари имзоланди.

Халқаро инновацион-инвестицион форум доирасидаги 3 та секцияларда муҳокамалар ташкил этилди.

Глобал инновациялар индексида Ўзбекистон Республикаси кўрсаткичларини яхшилашга доир таклифларни ишлаб чиқиш бўйича давра суҳбатида мамлакатимизни 2030 йилга келиб Глобал инновациялар индексида кучли 50 та давлат қаторига қўшиш каби улкан мақсад ҳақида сўз кетди. Мазкур мавзу вазирлик томонидан амалга оширилаётган барча йўналишдаги ишларнинг асоси бўлиб ҳисобланиши семинар давомида алоҳида таъкидланди. Шунингдек, семинарда биринчи маротаба Глобал инновацион индекс (GII) асосчиси Elsevier компанияси билан ҳамкорликда Ўзбекистонни GII киришидаги асосий омиллар борасида онлайн мулоқоти амалга оширилди. Тадбирда Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари А.Назаров, молия вазири ўринбосари О.Исаков, Elsevier Netherlands GII компанияси ҳудудий директори А.Оспанова ва бошқа хорижий ва маҳаллий экспертлар қатнашдилар.

Қишлоқ хўжалигида қўлланиладиган инновацион ечимлар мавзусидаги семинарда Россия, Польша, Исроил, Ўзбекистон ва бошқа хорижий давлатлар вакиллари ўзларининг тақдимотлари билан чиқишди. Тадбирда вазирликлар, идоралар, олий таълим ва илмий тадқиқот институтлари ҳамда иссиқхона, балиқчилик, ўсимликлар етиштириш соҳалари вакиллари бевосита иштирок этдилар. Семинар давомида муҳокамалар асосида иштирокчилар аниқ таклифлар ишлаб чиқиш бўйича ўзаро келишиб олдилар.

Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётида сунъий интеллектдан фойдаланиш ва бу соҳанинг ривожланиш истиқболларига бағишланган семинарда қизғин музокаралар бўлиб ўтди. Стартаплар ва инновацион ечимларнинг қўлланилишида сунъий интеллектга асосланган лойиҳаларни жорий этиш юзасидан иштирокчилар ўз чиқишларини намойиш этдилар. Мазкур тадбирда 18 та хорижий давлатларидан соҳанинг етакчи компания вакиллари ўз тақдимотлари билан қатнашдилар.