Янгиликлар

Чехия мутасаддилари билан инновацион ривожланиш соҳасида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди

Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Азимжон Назаров Прага шаҳрида бўлиб ўтган Ҳукуматлараро комиссия ишида иштироки доирасида Чехия Республикаси Таълим, ёшлар ва спорт вазирлиги масъули Соня Врнатова билан музокаралар олиб борди.

Суҳбат чоғида илмий-технологик соҳада ҳамкорлик ва икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар илмий ва техник маълумотлар билан ўзаро алмашиш, ташкилотларнинг илмий жамоалари, хусусан Ўзбекистон ва Чехиянинг тадқиқотлар, инновацимон ривожланиш соҳаларида фаолият юритувчи олий таълим муассасалари ва тадқиқот институтлари билан ҳамкорликни йўлга қўйишга кўмаклашишга келишдилар.

Томонлар илм-фан, технологиялар, инновациялар соҳасида тажриба алмашиш мақсадида икки мамлакат илмий муассасаларига тадқиқотчиларининг икки томонлама сафарларини ташкил этиш масалалари кўриб чиқдилар. Ҳамкорликда илмий-техник лойиҳалар танловларини эълон қилиш, олимларни стажировкаларга жўнатиш орқали Ўзбекистон ва Чехия илм-фан, инновацион соҳаларда ўзаро манфаатли фаолият олиб бориши мумкин.

А. Назаров, ўз навбатида, хусусий техник университет – Логистика олий мактаби (Visoka skola logistiky) ректори проф. Иван Хлавон билан учрашди. Чехия томони ўзаро манфаатли йўналишлар бўйича ҳамкорликда дастурларни амалга ошириш таклифини берди. Бундай дастурлар доирасида талабаларда бизнес доиралар вакиллари билан учрашиш, икки давлатнинг илм-фан ва технологиялардаги тажрибаларидан фойдаланилган ҳолда яратилган ишлаб чиқариш жараёнлари ва инновациялар билан танишиш, турли тадқиқот ва олий таълим муассасаларига экскурсиялар ташкил этиш имконияти пайдо бўлади.

Шунингдек, Чехия Республикаси Технологик агентлиги( TACR) бошқарма директори Т. Халова билан ҳам музокаралар олиб борилди. TACR амалий тадқиқотларни ва мамлакатдаги экспериментал ривожланиш бўйича ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бош ташкилотлардан бири бўлиб, ташкилот мутасаддилари мазкур йўналишлар бўйича Инновацион ривожланиш вазирлиги билан биргаликда фаолият юритиш, тажриба алмашиш, янги билимларни олиш услублари ва амалиётидан фойдаланиш, ҳамкорликда тадқиқотлар олиб бориш юзасидан қизиқишларини билдирдилар.