Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазирлиги Хажеттепе Технополиси билан ҳамкорликни йўлга қўймоқда

Жорий йилнинг август ойида Туркия Республикаси Хажеттепе университетининг Технологияларни ривожлантириш зонаси (Хажеттепе Технополиси) вакиллари Ўзбекистонга ташриф буюрдилар. Ташриф доирасида турк делегацияси Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг вакиллари билан учрашув ўтказди.

Ушбу учрашувда турк томондан Хажеттепе Технополиси Бошқарув раиси профессор Кандан Гокчеоглу, Бошқарув раиси ўринбосари профессор Ахмет Бурчин Йерели ва бошқа вакиллар иштирок этдилар.

Хажеттепе технополиси 2003 йили Хажеттепе университетининг Инновацион юқори технологияли тадқиқот маркази сифатида ташкил этилган бўлиб, мазкур технополиснинг асосий мақсади университет ва ишлаб чиқариш ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, янги технологик билимларни яратиш, кичик ва ўрта бизнеснинг юқори технологияларга мослашишига кўмаклашишдир.

Бугунги кунда Хажеттепе технополисида 300 нафарга яқин резидент-компаниялар фаолият юритмоқда. Улар ахборот технологиялари, фармацевтик биотехнологиялар ва биотиббиёт, электротехника ва электроника, телекоммуникациялар, мудофаа саноати, замонавий материаллар ва нанотехнологиялар, тоғ-кон саноати, машинасозлик соҳасидаги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этмоқдалар. Резидент–компаниялар бир қатор солиқ ва мажбурий тўловлардан озод этилган.

Бундан ташқари, Хажеттепе технополиси таркибида илмий-тадқиқот институти, технологиялар трансфери маркази ҳамда инкубация марказлари фаолият юритмоқда.

Учрашув давомида келгусида амалга ошириладиган ишлар бўйича олиб бориладиган ҳамкорлик йўналишлари белгилаб олинди. Хусусан, технологиялар трансфери, билим ва тажриба алмашиш, қўшма инновацион лойиҳаларни амалга ошириш, стартап ва инновацион лойиҳаларнинг қўшма танловларини ташкил этиш ва молиялаштириш, инновацион фаолиятни венчур молиялаштириш ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик олиб боришга келишиб олинди.

Шу билан бирга, тажриба алмашиш бўйича қўшма дастурларни ташкил қилиш, илғор технологиялар, инновацион менежмент ва инновацион экотизимни ривожлантириш соҳасида малака ошириш ва етук кадрларни тайёрлаш мақсадида Хажеттепе технополисининг филиалини Ўзбекистонда очиш ҳақида келишиб олинди.

katalog.pdf