Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазирининг маслаҳатчиси Мун Чжэ Ин Корея­—Ўзбекистон муносабатларини мустаҳкамлаш йўлида фаолият юритмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Иннинг жорий йилнинг 18-21 апрель кунлари республикамизга амалга оширган давлат ташрифи ташрифи, икки давлат орасидаги муносабатлар ривожланишининг янги босқичига олиб чиқди.

Инновацион ривожланиш вазирлиги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, замонавий фан-таълим йўналишларида янги инфратузулмаларни ташкил қилиш, илмий фаолият самарадорлиги ва молиялаштирилишини ошириш, инновацион тадбиркорлик ва стартап корхоналарини ташкил қилиш ҳамда ёш авлодни тарбиялашни йўлга қўйиш орқали инновацион экотизим ва тижоратлаштириш тафаккурини шакллантириш борасидаги ишларни янада самарали ташкил қилиш учун Жанубий Кореядан вазирликка маслаҳатчи сифатида Ким Жонг Хён жалб қилинди.

Жаноб Ким Жонг Хён Корея Республикасининг Сонгюнгван Университети ва Чунг Анг Бизнес мактабини якунлаган. 30 йилдан ортиқ Корея Республикасининг Ер, инфратузилма ва транспорт вазирлиги ҳузуридаги Пудратчилар халқаро уюшмасида меҳнат қилган. 2009 йилда Ким Жонг Хён Пудратчилар халқаро уюшмасининг бошқаруви Раисининг ўринбосари лавозимига тайинланган.

Жорий йилнинг июль ойида Ким Жонг Хён ва вазирлик вакиллари Корея Республикаси вазирликлари ва компаниялари билан ўндан зиёд учрашувлар ўтказдилар. Жумладан, Кичик ва ўрта тадбиркорлик ва стартаплар вазирлиги, Ер, инфратузилма ва транспорт вазирлиги, Илм-фан ва ахборот-технологиялари вазирлиги, Корея инвестиция венчур корпорацияси, Корея венчур уюшмаси, Халқаро пудратчилар уюшмаси, “KIND” ҳамкорлик ва инфратузилма маркази, “Yonsei University” университети, “INNOBIZ” уюшмасида музокаралар ўтказилди.

Хизмат сафари доирасида Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Корея Республикаси Халқаро пудратчилар уюшмаси ўртасида англашув меморандумлари имзоланди, ташриф уюштирилган вазирлик ва идоралар ҳамда уларнинг таркибидаги бўлинмаларнинг асосий фаолият йўналишлари билан танишилди, улар билан амалга ошириладиган келгусидаги ўзаро ҳамкорлик йўналишлари белгиланди.

Юқоридагиларни инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, стартаплар ва инновацион лойиҳаларни молиялаштиришни ичига олган ҳолда инновацион экотизимни ривожлантиришда хорижий тажрибани татбиқ этиш мақсадида бугунги кунда Ер, инфратузилма ва транспорт вазирлиги ҳамда Корея Республикаси Хорижий инфратузилма корпорацияси билан англашув меморандумларини имзолаш режалаштирилган. Шу билан бирга, Кичик ва ўрта тадбиркорлик ва стартаплар вазирлиги билан венчур инвестициялаш соҳасида фаолиятни кенгайтириш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

Шунингдек, 2019 йилнинг 3—5 сентябрь кунлари Инновацион ривожланиш вазирлигининг вакиллари Корея Республикасида ўтказиладиган Инфратузилма соҳасида глобал ҳамкорлик бўйича Еттинчи конференцияда лойиҳаларни амалга ошириш учун манфаатдор шахслар ва инвесторларни жалб этиш мақсадида тақдимотлари билан иштирок этадилар.

Корея Республикаси билан инновацион ва венчур экотизимини ривожлантириш, маҳаллий илм-фан тадқиқотлар салоҳиятини ошириш, тажриба ва билимлар билан алмашиш, малака ошириш дастурларини ишлаб чиқиш, технологиялар трансфери ва республика илмий-тадқиқот муассасаларининг тадқиқотчилик фаолиятини кенгайтириш соҳаларида ҳамкорликни янада ривожлантириш режалаштирилмоқда.