Янгиликлар

Мўйноқда метеостанция ўрнатилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази, Шўрланиш шароитида биодеҳқончилик халқаро маркази (ICBA) ҳамда Япониянинг Киото университети ўртасида имзоланган меморандум доирасида бир гуруҳ олимлар томонидан Мўйноқ туманидаги тажриба участкасида автоном мини метеостанция ўрнатилди.

Станция бутунлай автоном бўлиб, алоҳида хизмат кўрсатилишини талаб этмайди. Қурилма аккумуляторли батарея, қуёш панели ва датчик кўрсаткичларини ёзиб оладиган логгердан иборат. Станцияга АҚШнинг Onse компанияси томонидан ишлаб чиқарилган HOBOware сенсорлари ўрнатилган, мазкур сенсорлар орқали вегетацион қатламнинг ва ундан юқоридаги об-ҳаво ҳарорати, атмосфера босими, қуёш радиацияси, ҳаво тезлиги ва йўналиши, ёғингарчиликлар, тупроқ намлиги ва ҳарорати, ер ости сувлари даражаси аниқланади. Мазкур кўрсаткичлар ўсимликларнинг ўсишини ва ҳосил бўлаётган биомассаларни баҳолашга кўмак бериб, Оролбўйи иқлим шароитларига мос ўсимлик навларини аниқлаш имконини беради.

Киото университети профессори Кенжи Танака станцияни илмий-амалий тадқиқотлар олиб борилиши учун мўлжаллангани алоҳида қайд этиб, станцияни ўрнатишда жонбозлик кўрсатган Оролбўйи халқаро инновация маркази масъул ходими Темур Хўжаназаровга ҳамда Киото университети профессори Шиожири Дайяга миннатдорчилигини изҳор этди. Ўз навбатида, Киото университети олимлари йиғилган маълумотлардан Оролбўйи ҳудудидаги иқлим ўзгаришларини тадқиқ этиш учун фойдаланадилар.