Янгиликлар

Корея Республикаси Инсон ресурсларини ривожлантириш миллий институти вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида Инновацион ривожланиш вазирлиги масъул ходимлари Корея Республикаси Инсон ресурсларини ривожлантириш миллий институти (NHI) мутахассислари билан учрашдилар.

Профессор Хван Инпё (Hwang Inpyo) бошчилигидаги 19 нафар жанубий кореялик мутахассислардан иборат делегация билан учрашувдан мақсад Корея Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида давлат бошқаруви, ээлектрон ҳукуматни ривожлантириш, молия, солиқ ва божхона соҳаларига АКТ тизимини жорий қилиш, шунингдек кадрларни қайта ўқитиш бўйича икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш имкониятларини ўрганишдир.

Таъкидлаш жоизки, 1949 йили ташкил этилган NHI давлат хизматчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича Корея Республикасининг бош ўқув-таълим муассасаси ҳисобланади. 2018 июнида Давлат бошқаруви академияси ва NHI ўртасида ҳамкорлик тўғрисида англашув меморандуми имзоланган.

Учрашув аввалида Инновацион ривожланиш вазирлиги Таълим ва соғлиқни сақлашга инновацияларни жорий қилиш ҳамда тадқиқ этиш бошқармаси бошлиғи Бахтинур Худанов стратегик режалаштириш тизимини ташкил этиш ҳамда давлат бошқарувининг инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологиялардан кенг фойдаланишга асосланган замонавий шаклларини жорий этиш, илмий-тадқиқот ва инновация фаолиятини ривожлантириш соҳасини, шу жумладан, инновацион ғоялар ва технологияларни ишлаб чиқиш соҳасини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда унга инвестицияларни кенг жалб этиш масалаларини ўз ичига олган инновацион ривожланишнинг муҳим йўналишлари ҳақида делегация аъзоларига сўзлаб берди.

Профессор Хван Инпё ўз навбатида Инновацион ривожланиш вазирлиги ходимлари куз ойида Кореядаги NHI университетида стажировка ўташ дастури имкониятидан фойдаланишлари мумкинлигини билдирди. Бу дастур доирасида барча харажатлар Корея томонидан қопланишини алоҳида таъкидлади.

Инновация вазирлиги мутасаддилари келажакда Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Корея Республикаси Инсон ресурсларини ривожлантириш миллий институти (NHI) ўртасида ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёр эканликларини билдиришди.