Янгиликлар

Халқаро робототехника мусобақасида Ўзбекистон ғолиб бўлди!

InnoWeek-2019 инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида  Халқаро робототехника мусобақасида юртимиз ёшлари жамоавий ҳисобда бирини ўринни эгаллади. 

Икки ёш тоифасида (9-16 ёшдагилар “Junior” ва 17-23 ёшдагилар “Senior”) халқаро робототехника мусобақаси жорий йилнинг 29-31 октябрь кунлари "Ўзэкспомарказ" миллий кўргазмалар мажмуасида ўтказилди. Катталар учун ташкил этилган мусобақа илк маротаба Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ўртасида Ислом тараққиёт банки, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва ИҲТнинг Илм-фан ва технологиялар бўйича доимий қўмитаси (COMSTECH) билан ҳамкорликда “The First OIC Robotics Challahge” номи билан ташкил этилган бўлиб, мусобақада ИҲТга аъзо 25 давлатдан жамоалар қатнашди.

Халқаро мусобақанинг биринчи кунида “Senior” ёш тоифасида “Robo-sumo” мусобақасининг саралаш босқичи ўтказилди ва 18 давлатдан келган жами 82 нафар маҳаллий ҳамда халқаро иштирокчилар кейинги босқичга чиқиш учун беллашдилар. Шунингдек, “Junior” ёш тофасидаги “Waste sort out” ва “Kegelring” мусобақаларида Марказий Осиё давлатларидан ташриф буюрган ёш иштирокчилар қатнашдилар. Мусобақанинг юқори даражада ўтишини таъминлаш мақсадида Малайзия, Миср, Покистон ва Туркиядан мутахассис ҳакамлар жалб этилди.

Халқаро робототехника мусобақасининг иккинчи кунида “Senior” ёш тоифасининг “Robo-football” йўнилишида 9 та давлатдан келган 40 нафар иштирокчи ўртасида саралаш босқичи ҳамда “Junior” ёш тоифасида “Robo-sumo” бўйича саралаш босқичи ўтказилди.

Мусобақаларнинг учинчи кунида икки ёш тоифасида ярим финал ва финал босқичлари ўтказилди. Ярим финал босқичида финал йўлланмасини қўлга киритиш учун Иордания, Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистондан келган иштирокчилар беллашдилар. “Senior” ёш тоифасининг “Robo-football” йўналишида Иордания, Ўзбекистон, Қозоғистон вакиллари ярим финал ўйинларида иштирок этдилар ва якунда Иордания ва Ўзбекистон вакиллари финал йўлланмасини қўлга киритди. Финал баҳсида Иордания вакиллари ғолиб деб топилди, Ўзбекистон жамоаси иккинчи ўрин, Қозоғистон жамоаси эса учинчи ўринни эгаллади.

“Robo-sumo” йўналишининг “Play-off” баҳсларида Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон вакиллари иштирок этдилар.  Финалда Тожикистон ва Қирғизистон вакиллари баҳс юритиб, Тожикистон вакиллари биринчи ўрин, Қирғизистон иккинчи, Ўзбекистон учинчи ўринни эгаллади.

“Junior” ёш тоифасининг уч йўналишида ҳам ғолиблар аниқланди. “Waste sort out” йўнилишида Қозоғистондан келган икки жамоа биринчи ва иккинчи ўринларни, Ўзбекистон вакиллари учинчи ўринларни эгаллаган бўлса, “Kegelring” баҳсида барча совринли ўринлар Ўзбекистон вакилларига насиб этди. “Junior” ёш тоифасининг “Robo-sumo” йўнилишининг ярим финал баҳсларида Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистондан келган вакиллар иштирок этдилар. Биринчи ўринни Қирғизистон, иккинчи ўринни Ўзбекистон вакиллари эгалладилар, учинчи ўрин Тожикистондан келган вакилларга тегди.

Мусобақа ғолибларига медаллар ва эсдалик совғаларни Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Бошқарув кенгаши аъзоси доктор Ҳасан Басри Арслан, ИҲТнинг Илм-фан ва технологиялар бўйича доимий қўмитаси директори маслаҳатчиси доктор Сайид Хуршид Ҳасанаин ва Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири, академик Иброҳим Абдураҳмонов топширдилар. “Senior” ёш тоифасининг ғолибларига Ислом ҳамкорлик ташкилоти томонидан ажратилган “Robo-football” йўнилишида биринчи ўринни қўлга киритган жамоа учун 6000 АҚШ доллари, иккинчи ўрин учун 4000 АҚШ доллари, учинчи ўрин учун 2000 АҚШ доллари хамда “Robo-sumo” йўнилиши бўйича биринчи ўрин учун 5000 АҚШ доллари, иккинчи ўрин учун 3000 АҚШ доллари, учинчи ўринни олган жамоага эса 1000 АҚШ долларига тенг чеклар тақдим этилди.

“Junior” ёш тоифасининг ғолибларига эса мусобақа ҳамкор ва ҳомийлари Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси  ва Artel компанияси томонидан тақдим этилган қимматбаҳо совғалар топширилди. 

Мусобақа якунларига кўра умумжамоа ҳисобида Ўзбекистон биринчи ўринни, Қирғизистон ва Қозоғистон иккинчи ҳамда учинчи ўринларни эгаллади.

 

“Waste sort out” йўналиши, “Junior” ёш тофаси

1-ўрин: Қозоғистон — Жандарбек Абилай, Нурахмет Аскар

2-ўрин: Қозоғистон — Емур Куаниш, Даниэл Рашидов

3-ўрин: Ўзбекистон — Сагдуллаев Умарбек, Абдурашидбек Саъдуллаев

 

“Robo sumo”  йўналиши, “Junior” ёш тоифаси

1-ўрин: Қирғизистон — Артем Погорелов, Кутман Ахматов

2-ўрин:  Ўзбекистон — Азизбек Шокиров, Исломжон Каримжонов

3-ўрин: Тожикистон — Мусо Шариф-зодо, Амир Хаитов

 

“Kegelring” йўналиши, “Junior” ёш тоифаси

1-ўрин: Ўзбекистон — Юрий Яковец, Роман Пягай

2-ўрин:  Ўзбекистон — Артур Бражников, Диёр Баходиров

3-ўрин:  Ўзбекистон — Марк Тен, Диана Тен

 

“Robo Sumo” йўналиши, “Senior” ёш тоифаси

1-ўрин: Тожикистон — Амира Ибрагимова, Суннатулло Икромов (мукофот 5000 АҚШ доллари)

2-ўрин: Қирғизистон — Сагиндик Абдирасулов, Чингиз Маратбек уулу (мукофот 3000 АҚШ доллари)

3-ўрин: Ўзбекистон — Шодияхон Ахрорхўжаева  (мукофот 1000 АҚШ доллари)

 

“Robo football” йўналиши, “Senior” ёш тоифаси

1-ўрин: Иордания  — Abdulloh Abwdabasch, Nooraldeen Al-Asbahi (мукофот 6000 АҚШ доллари)

2-ўрин:  Ўзбекистон — Санжар Севаров, Санжар Рўзимуродов (мукофот 4000 АҚШ доллари)

3-ўрин: Покистон — Ahmed Ali, Awais Khan (мукофот 2000 АҚШ доллари)

 

 

Давлат

Олтин

Кумуш

Бронза

Жами

1

Ўзбекистон

1

3

3

7

2

Қирғизистон

1

1

0

2

3

Қозоғистон

1

1

0

2

4

Тожикистон

1

0

1

2

5

Иордания

1

0

0

1

6

Покистон

0

0

1

1