Янгиликлар

Олмон тадқиқот институтларида малака оширишга кетаётган ёш олимларни Германия элчиси қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Германиянинг таълим ва тадқиқотлар бўйича федератив вазирлиги билан ҳамкорликда 13 нафар пухта тадқиқот режасига эга ўзбекистонлик ёш олимларни Германия тадқиқот институтларида икки ҳафта давомида малака оширишлари учун саралаб олди.

Таъкидлаш жоизки, 86 нафар номзод ушбу дастурга қизиқиш билдириб онлайн ариза топширди. Аризалар Инновацион ривожланиш вазирининг германиялик юқори мартабали маслаҳатчиси Карстен Хайнц бошчилик қилган, вазирлик мутасадди ходимларидан ташкил топган комиссия томонидан кўриб чиқилди ва танлов мезонлари асосида баҳоланди. Иккинчи босқичда суҳбатдан муваффақиятли ўтган ёш олимларга Германия тадқиқот институтларида икки ҳафта давомида малака оширишлари учун грант дастури бўйича йўлланма берилди.

Ёш олимлар 6 октябрь куни Германияга икки ҳафталик малака оширишга жўнаб кетишади. Сафар арафасида уларни Германия Федератив Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Гюнтер Лео Оверфельд қабул қилди.

– Ўзбекистон билан қатор лойиҳаларни амалга ошираётган бўлсак-да, – деди элчи, – мана шундай юқори даражада илм-фан соҳасида тажриба алмашиш ишлари илк бор амалга оширилмоқда. Ўзбекистонлик ёш олимларнинг Германияга сафари натижалари илм-фан соҳасида ҳамкорликда қўядиган кейинги қадамларимизни белгилаб беради.

Юртимиз олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари илмий ходимларидан иборат тадқиқотчилар гуруҳи икки ҳафта мобайнида Германиянинг Берлин, Постдам, Халле, Лейпциг ва Дрезден шаҳарларида жойлашган нуфузли университетлар, тадқиқот марказлари, технологик инкубаторлар, инновацион компаниялар фаолияти билан танишадилар.

Олмонияга стажировкага кетаётган ёш олимларнинг ўртача ёши 27 ёшни ташкил этади. Уларнинг тадқиқот ишлари қизиқарли ва турли соҳаларда бўлиб, робототехника, муқобил энергия, инновацион қурилиш материаллари, зараркунанда ҳашаротларга қарши экологик тоза воситалар билан курашиш каби лойиҳаларни қамраб олган. Инновацион ривожланиш вазирининг юқори мартабали хорижий маслаҳатчиси Карстен Хайнц стажировка арафасида иштирокчиларга семинар ташкил этди. Семинарда К. Хайнц Германиянинг инновацион маданияти ва инновацион ландшафти тўғрисида таҳлилий маълумотлар билан ўртоқлашди. Ёш олимлар эса ўз лойиҳаларининг тақдимотини ўтказдилар. Семинар маҳорат дарси шаклида ташкил этилган бўлиб, кенг қамровли муҳокамалар тадқиқотчиларнинг Германиядаги сафардан қандай билим ва малакаларни олиб келишларига йўлланма вазифасини бажарди.