Янгиликлар

Ўқитувчи ва мураббийлар куни муборак бўлсин!

Ўқитувчи – дунёдаги энг эъзозли, эҳтиром ва эътиборга лойиқ, қалбларга яхшилик, эзгулик, комиллик олиб кирувчи муборак касбдир. Устозларимиз ёшларга илм, билим бериш билан бир қаторда баркамоллик сари етаклайдилар. Устоз ҳар бир инсоннинг келажаги учун тамал тошини қўйишда муҳим роль ўйнайди. Шунинг учун ҳам халқимизнинг устоз отангдек улуғ, деган пурҳикмат нақлида ўқитувчи ва мураббийларга бўлган самимий эҳтиром намоён. Ҳар биримиз қайси соҳада меҳнат қилмайлик, устоз ва мураббийларга эҳтиёж сезамиз. Aввалига мактабгача таълим муассасаси, кейин мактаб, навбати билан олий таълим юртида ҳам биз устоз ва ўқитувчилардан сабоқ оламиз.

30 сентябрь куни Абу Али ибн Сино номидаги ёш биологлар ва кимёгарлар ихтисослаштирилган мактаб-интернатида 1 октябрь – Устоз ва мураббийлар куни муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди. Тадбирга Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов ташриф буюриб, таълим масканида ўқувчиларга билим ва тарбия бераётган устоз ҳамда мураббийларни касб байрамлари билан қутлади.

Тадбир давомида мактаб ўқувчилари ва уларнинг ота-оналари сўзга чиқишди. Келажагимиз асосчилари ҳисобланмиш ёш кимёгарларнинг ота-оналари фарзандларига кўрсатилаётган эътибор ва берилаётган билимдан мамнун эканларини изҳор этдилар. Вазир мактаб директори Жамолиддин Камолов ва бошқа фаол устозларни фахрий ёрлиқ ва совғалар билан табриклади.

Шу ўринда Инновацион ривожланиш вазирлиги барча устоз ва мураббийларни 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан чин дилдан муборакбод этади. Келажагимиз пойдевори – ёшларимизга билим ва зиё нурини таратишдан асло чарчаманг!