Янгиликлар

Сурхондарёда вилоятнинг 2030 йилгача инновацион ривожлантириш концепцияси муҳокама этилди

Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Азимжон Назаров бошчилигидаги вазирлик ходимлари Сурхондарё вилоятига ташриф буюрдилар. Ташрифнинг асосий мақсади мамлакатимизнинг жанубий олис қисми бўлган Сурхондарё вилоятининг мутасадди раҳбарлари, олий таълим ва илмий тадқиқот муассасалари олимлари, вилоятнинг етакчи-илғор ёшлари, фермерлар ва тадбиркорларни кенг жалб этган ҳолда Сурхондарё вилоятининг 2030 йилгача Инновацион ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқишдир.


Вилоятнинг 2030 йилгача Инновацион ривожлантириш концепциясининг асосий мақсади вилоятнинг барча тармоқлардаги мавжуд салоҳиятларини янги нигоҳ билан ўрганиш ва халқнинг турмуш тарзи ва ҳаётини яхшилашда инновацион таклифлар ишлаб чиқишдан иборат.
— Юртимизнинг қадимий цивилизация марказларидан бири бўлган Сурхондарё вилоятининг ҳозирги кунда ҳам мамлакатимизнинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишида хиссаси каттадир, – дейди Инновацион ривожланиш вазир ўринбосари А. Назаров. — Айниқса, вилоятда сўнги йилларда саноат тармоқлари ва туризмни ривожлантириш йўналишларида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Вилоятнинг илмий салоҳиятини оширишга ҳам қаратилган амалий ишлар олиб борилмоқда.


Сурхондарё вилоятини 2030 йилгача инновацион ривожланишининг концепцияси вилоят иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаси эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда инновацион фаолиятни самарали ташкил этиш, фан ва ишлаб чиқаришнинг мустаҳкам интеграциясини таъминлаш сифатини яхшилаш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш мақсадида ишлаб чиқилган. Концепция Сурхондарё вилоятини инновацион ривожланишининг стратегик мақсадлари, устувор йўналишлари, вазифалари, ўрта ва узоқ муддатли истиқболдаги босқичларини белгилайди ҳамда дастурлар ва комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш учун асос бўлади.


Шунингдек, ташриф давомида вилоятнинг ҳозирда мавжуд бўлган муаммолари ҳам батафсил таҳлил қилинмоқда. Айниқса, ёшларнинг ўз ғояларини мамлакатнинг иқтисодий ва ижтимоий ривожлантиришга йўналтириш ва уларни амалга оширишдаги камчиликларни бартараф этиш ва мунтазам тарзда қўллаб-қувватловчи инновацион экотизимни шакллантириш бўйича муҳокамалар олиб борилди.
Ташриф доирасида вилоятдаги олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, фермер хўжаликлари, тадбиркорлар ҳамда вилоят ташкилотлари иштирокида амалий семинарлар ва учрашувлар ўтказилди.