Янгиликлар

Қорақалпоғистонлик 20 нафар ёш олим Беларусга стажировкага жўнатилади

24 август куни Инновацион ривожланиш вазирлиги масъул ходимлари Қорақалпоғистон илм-фанини ривожлантириш, илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш жараёнларини янада жадаллаштириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасида хизмат сафарида бўлиб қайтдилар.

Хизмат сафари натижаларига кўра қорақалпоғистонлик 20 нафар ёш олим Беларусь Республикасининг нуфузли олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида стажировкага ўташ учун танлаб олинди. Қорақалпоғистон Давлат Университети, Қорақалпоғистон давлат педагогика институти, Фанлар академиясининг Қорақалпоғистон бўлими илмий-тадқиқот институтларининг 20 нафар ёш олимлари жорий йилнинг сентябрь ва октябрь ойларида Беларусда қисқа муддатли илмий стажировка ўтайдилар.

Шу пайтга қадар Ўзбекистон—Беларусь илмий-техникавий ҳамкорлик доирасида 100 нафардан ортиқ ёш олимлар ва 30 нафар олий таълим муассасаларининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректорлари ва илмий-тадқиқот институтларининг илм-фан бўйича директор ўринбосарлари Беларусь Миллий Фанлар академияси ва Беларусь Республикаси Таълим вазирлигининг ихтисослашган ташкилотларида илмий стажировка ўтадилар. Стажировкага бориб келган мутахассислар Ўзбекистон Республикаси ва Беларусь давлатлари ўртасида илғор тажриба алмашиниш ҳамда илмий алоқаларни кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ташкил этилган илмий стажировкалар юқори даражада ташкил этилганини қайд этдилар.

Таъкидлаш жоизки, Беларусь илмий ишланмалари бугунги кунда машинасозлик, ускунасозлик, энергетика, микробиология, тиббиёт, фармацевтика ва бошқа соҳаларда муваффақиятли жорий этиб келинмоқда. Ресурс тежовчи ва энергия самарадорлигини таъминловчи технологиялар, саноат биотехнологиялари, наноматериаллар ва янги энергия манбалари, тиббиёт ва фармацевтика, ахборот ва аэрокосмик технологиялар, ишлаб чиқариш технологиялари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта қишлаш ва сақлаш, экология ва атроф-муҳитдан рационал фойдаланиши каби соҳалар мамлакатнинг инновацион ривожланишининг устувор йўналиши саналади.

Қорақалпоғистонга сафар доирасида Нукус шаҳридаги Қорақалпоғистон давлат университетида Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг Қорақалпоғистон бўлими раиси, ЎзР ФА вице-президенти Нагимет Айимбетов, Қорақалпоғистон давлат университетининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Изимбет Турдимамбетов иштирокида семинар ташкил этилди. Семинарда Инновацион ривожланиш вазирлигининг Фан ва илмий-техник тадқиқотларни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Отажонов илмий-техник лойиҳаларни грант асосида молиялаштиришнинг янги тизими ва олимларнинг мақолаларини хорижнинг нуфузли, импакт-фактори юқори бўлган илмий нашрларида чоп этишга кўмаклашиш учун яратилган “Proofreading” хизмати ҳақида йиғилганларга сўзлаб берди.