Давлат илмий дастурлари

ИЛМИЙ ФАОЛИЯТГА ОИД ДАВЛАТ ДАСТУРЛАРИ

Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси механизми жорий этилди, долзарб тематик мавзулар бўйича мунтазам равишда танловларни эълон қилиб бориш амалиёти татбиқ этилди. Вазирлик томонидан мунтазам равишда ташкил этилаётган танловлар доирасида шакллантирилган ҳамда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳадаги долзарб муаммоларнинг илмий ечимини таъминлашга қаратилган амалий ва инновацион лойиҳалар давлат буюртмаси сифатида бажарилмоқда.

Ушбу йўналишдаги ишлар Вазирлар Маҳкамасининг “Илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятни ривожлантиришнинг норматив-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 9 мартдаги 133-сон қарори билан тасдиқланган “Илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси тўғрисида”ги низомга мувофиқ ташкил этилмоқда.

Бунда эълон қилинган ҳар бир тематик мавзу йўналишини аниқ якуний маҳсулотга қаратиш ва лойиҳа доирасида ажратилган маблағларни чуқур илмий изланишлар олиб боришга, шунингдек иш ҳақидан ташқари асбоб-ускуналар, хом-ашёлар ҳамда бошқа зарур материаллар харид қилиш ва натижада юқори қийматга эга, тижоратлаштириш имконияти юқори бўлган янги технологиялар (ишланмалар, маҳсулотлар) яратилишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу асосда ҳар бир илмий лойиҳа доирасида нуфузли илмий мактаблар ва замонавий илмий асбоб-ускуналардан иборат инфратузилма яратилмоқда.

Вазирлик ҳузуридаги илмий-техник кенгашлар томонидан лойиҳаларнинг холис ва ҳаққоний экспертизасини ўтказиш ва бунда шаффофликни таъминлаш масалалари доимий назоратга олинди. Илмий-техник кенгашлар таркибини мунтазам ротация қилиш амалиёти жорий этилиб, экспертиза жараёнида салбий ҳолатлар аниқланганда масъул эксперт-олимларни муайян муддатга илмий-техник экспертизадан четлаштириш, айрим ҳолларда илмий-техник лойиҳаларда ижрочи сифатида иштирок этиш ҳуқуқидан махрум этиш қаби қатъий чоралар кўрилмоқда.

Илмий фаолиятни тартибга сотишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда қуйидагилар белгилаб қўйилган:

Ўзбекистон Республикасининг “Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида”ги Қонунининг 6-моддасига асосан Инновацион ривожланиш вазирлиги илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасидаги лойиҳалар танловини ўтказади ва уларни молиялаштиради, шунингдек илмий лойиҳалар бўйича давлат буюртмаларини шакллантиради, давлат рўйхатини юритади, бажарилишини мониторинг қилади;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 ноябрдаги ПФ-5264-сон Фармонига мувофиқ Инновацион ривожланиш вазирлиги илмий-тадқиқот, таълим ва бошқа муассасалар томонидан амалга ошириладиган илмий фаолиятга оид давлат дастурлари ва лойиҳаларининг ягона буюртмачиси ҳисобланади;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 майдаги ПҚ-3698-сон қарорининг 6-бандига асосан Инновацион ривожланиш вазирлиги грантлар асосида амалга оширилаётган фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларнинг тизимли мониторингини амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 июлдаги ПҚ-3855-сон қарорига асосан давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни бажариш доирасида муассасалар томонидан яратилган илмий ва илмий-техникавий фаолият натижалари, техник лойиҳалар якунланганидан ва (ёки) улар белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилганидан кейин тижоратлаштирилиши шарт.

 

I. Илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси талабларига мувофиқ илмий лойиҳалар мавзуларини шакллантириш бўйича.

Илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси талабларига мувофиқ тематик мавзуларни шакллантиришда қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратилмоқда:

таклиф этилаётган мавзу доирасида илгари грант асосида лойиҳа бажарилган бўлса – унинг натижалари (илмий асослари), тавсия этилаётган мавзу доирасида бажарилиши режалаштирилган илмий лойиҳадан фарқли жиҳатлари аниқ баён этилганлиги;

тавсия этилаётган мавзу доирасида бажарилиши режалаштирилган илмий лойиҳа якунида қўлга киритиладиган муҳим илмий натижа – маҳсулот, янги ишланма, технологиянинг аниқ тавсифи баён этилганлиги;

илмий лойиҳа якунида қўлга киритиладиган муҳим илмий натижа – маҳсулот, янги ишланма, технологияга қайси тармоқда (соҳада) қанча талаб/эхтиёж мавжудлиги аниқ рақамларда кўрсатилиши (шу технология асосида маҳсулот/хизмат ишлаб чиқарилса йилига/ойига қанча талаб/эхтиёж мавжуд (рақамларда асосланган таҳлиллар келтирилиши зарур);

илмий лойиҳа якунида қўлга киритиладиган муҳим илмий натижа – янги ишланма, маҳсулот, технология унинг хорижий/мавжуд аналоглари билан таққосланган ҳолда қиёсий устунлиги рақамлар билан солиштирилиши, таҳлил қилиниши, агар шу каби маҳсулотлар импорт қилинаётган бўлса импорт ўрнини қоплаш ва келгусида ушбу технология асосида маҳаллий хом-ашё асосида маҳсулот ишлаб чиқаришни ташкил этиш истиқболларининг чуқур таҳлил қилинганлиги;

илмий лойиҳа якунида яратиладиган  янги ишланма (технология) асосида маҳсулот/хизмат ишлаб чиқаришнинг ресурс/хом-ашё базаси ва зарур инфратузилманинг (илмий лаборатория, келгусида сериялаб ишлаб чиқариш учун ишлаб чиқариш базаси) мавжудлиги асослаб берилганлиги;

мавзу доирасида бажариладиган лойиҳани амалга ошириш (янги илмий ишланмани яратиш) учун сарфланадиган йиллик меҳнатга ҳақ тўлаш харажатлари (шу жумладан, хизмат сафари харажатлари), илмий тадқиқот учун зарур бўлган асбоб-ускуналарни харид қилиш харажатлари, шунингдек зарур реагентлар, реактивлар ва бутловчи қисмларни сотиб олиш харажатларидан келиб чиқиб йиллик молиялаштириш ҳажми миқдори асослаб берилганлиги;

таклиф этилаётган мавзунинг манфаатдор тармоқ (хўжалик бошқаруви органи) билан келишилганлиги (агар келишилган бўлса) тўғрисидаги маълумотлар (хат санаси, рақами, нусхаси) келтирилганлиги.

 

II. Илмий лойиҳаларнинг дастлабки техник экспертизасини ташкил этиш бўйича.

Илмий лойиҳаларнинг дастлабки техник экспертизасига қуйидагиларни назарда тутувчи янги тартиб киритилди:

Фан ва илмий-техник тадқиқотларни ривожлантириш бошқармаси томонидан танловга тақдим этилган ҳар бир илмий лойиҳанинг танлов шартларига мувофиқ унда тадқиқот дизайнининг асосланганлиги (амалга ошириладиган илмий-тадқиқот ишларининг усуллари ва методологияси қисқа ва лўнда келтирилиши), молиявий ҳисоб-китобларнинг тўғри шакллантирилганлиги, бунда сарфланадиган йиллик меҳнатга ҳақ тўлаш харажатлари (шу жумладан, хизмат сафари харажатлари), илмий-тадқиқот учун зарур бўлган асбоб-ускуналарни харид қилиш харажатлари, шунингдек зарур реагентлар, реактивлар ва бутловчи қисмларни сотиб олиш харажатларининг лойиҳа мақсад ва вазифаларига мослиги кўриб чиқилади;

дастлабки техник экспертиза жарёнида аниқланган камчиликларни бартараф этиш учун уч иш кунидан кам бўлмаган муддат белгиланади;

агар лойиҳа тақдим этган ташкилот (муассаса) аниқланган камчиликларни бартараф этган ҳолда қайта ишланган илмий лойиҳани уч кун  муддатда тақдим этмаса, лойиҳа кўриб чиқиш жараёнидан олиб ташланади ва илмий экспертизадан ўтказилмайди. Мазкур ҳолатда лойиҳа ҳужжатлари уни тақдим этган ташкилотга (муассаса) қайтариб юборилмайди ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда вазирликда сақланади. 

 

III. Илмий-техник кенгашларда лойиҳаларнинг илмий экспертизасини ташкил этиш бўйича.

Илмий экспертиза қуйидаги янги принциплар асосида ташкил этилади:

бундан буён илмий-техник кенгашларда вазирлик томонидан илмий экспертизадан ўтказиш учун тақдим этилган лойиҳаларнинг барчаси (уларнинг 2 нафар эксперт томонидан экспертиза натижаларига кўра қўйилган балларнинг миқдоридан қатъий назар) тегишли илмий-техник кенгашларда очиқ муҳокамадан (тақдимот) ўтказилади;

молиялаштиришга тавсия этилмаган лойиҳаларнинг раҳбарларига тегишли илмий-техник кенгашлар мажлисининг якунида асосланган тушунтиришлар берилади (мавжуд эътирозлар муҳокама этилади) ва молиялаштиришга тавсия этилмаганлигининг сабаблари (экспертиза ва очиқ муҳокама натижалари)  илмий-техник кенгаш баёнида қайд этилади; 

лойиҳаларни бирлаштириб, ягона лойиҳа сифатида молиялаштиришга тавсия этишда уларнинг мақсад ва вазифалари ўзаро бир-бирини тўлдириши ва якуний ягона натижани таъминлашига эътибор қаратилади, молиявий ҳисоб-китоблар қайта кўриб чиқилади, бунда лойиҳалар ушбу талабларга жавоб бермаса, зўрма-зўраки бирлаштиришга йўл қўйилмайди;

агар кўриб чиқилаётган лойиҳада илмий-техник кенгаш (ИТК) раиси, ўринбосари ёки илмий котиби лойиҳа раҳбари ёки ижрочи сифатида иштирок этаётган бўлса, ушбу шахслар ИТК йиғилиши муҳокамасида қатнашмаслиги, бу эса баёнда алоҳида қайд этилиши лозим;

бир йўналиш (мавзу)даги 2 та лойиҳани айнан бир мустақил эксперт томонидан кўрилиши ўрнига 2 нафар бошқа-бошқа экспертлар томонидан экспертиза қилинишига, шунингдек айнан бир мавзудаги лойиҳаларни турли ёндашув билан баҳоланишига йўл қўйилмайди.

 

IV. Илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси талабларига мувофиқ бажрилаётган илмий лойиҳаларнинг мониторингини ташкил этиш бўйича.

Ўзбекистон Республикаси Давлат  бюджети маблағлари ҳисобидан илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида бажарилаётган барча турдаги илмий лойиҳаларнинг бажарилиши (олинган муҳим илмий натижалар ва уларнинг календарь режага ҳамда лойиҳа ҳужжатларига мослиги, ажратилган молиявий маблағларнинг мақсадли сарфланаётганлиги ва ҳ.к.) мазкур лойиҳаларнинг бажарилишига бир йил йил тўлгандан сўнг кейинги ойнинг якунига қадар ижрочи ташкилотга жойига чиққан ҳолда (зарур ҳолларда онлайн тарзда) мониторинг қилиб борилади.

Мониторинг жараёнида қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратилади:

илмий-тадқиқот ишларининг лойиҳа бўйича имзоланган шартнома ва унинг календарь режасига асосан бажарилиши ҳолати;

ижрочи ташкилот томонидан илмий лойиҳанинг бажарилиши учун зарур шарт-шароитлар яратиб берилганлиги;

ажратилган молиявий маблағнинг мақсадли сарфланаётганлигини тақдим этилган ҳужжатлар ҳамда масъул шахслар томонидан тайёрланган тақдимотлар асосида ўрганиш ва таҳлил қилиш асосида илмий лойиҳаларни бажариш жараёнида илмий-тадқиқот олиб бориш учун янги ва замонавий юқори технологик асбоб-ускуналар билан жиҳозланган илмий лабораториялар ташкил этилганлиги (ажратилган маблағнинг камида 40 фоизини моддий-техник базага тўғри йўналтирилганлиги);

илмий лойиҳаларнинг бажарилишида докторантлар ва ёш олимларнинг иштироки, уларни етакчи маҳаллий ва хорижий илмий марказларда қисқа муддатли илмий стажировкаларга юбориш ишларининг ҳолати;

илмий лойиҳалар натижалари бўйича етакчи хорижий журналларда мақолалар чоп этиш бўйича эришилган натижалар ва уларнинг мавжуд салоҳиятга нисбатан қиёсий таҳлили;

ҳар бир лойиҳа доирасида қўлга киритиладиган якуний натижа(лар) ва у(лар)нинг тижоратлаштириш имкониятлари таҳлили;

ҳар бир лойиҳа кесимида мавжуд муаммо ва камчиликларни ўрганиш асосида уларни бартараф этиш ёки белгиланган тартибда тегишли чоралар кўриш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш.

Илмий фаолияга оид давлат дастурлари доирасида лойиҳалар бажарилаётган ташкилотлар – илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг илм-фан бўйича ўринбосарлари ҳамда илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректорлари вазирлик мониторинг гуруҳига лавозими бўйича аъзо ҳисобланади ва мониторинг гуруҳи раҳбарининг кўрсатмасига кўра ўрганиш жараёнига бевосита жалб этилади.

 

V. Илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмасини шакллантиришга оид вақтинчалик электрон платформани ишга тушириш бўйича.

Қуйидагилар маълумот учун қабул қилинсин:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган давлат илмий дастурларининг ягона интеллектуал (фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳаларни (тематик, мақсадли, ташаббускор) шакллантириш, танлаб олиш, экспертизадан ўтказиш, ҳисоботини юритиш, мониторинг қилиш, баҳолаш, келгусида жорий қилиш ва тижоратлаштириш учун илмий ишланмаларни тавсия қилишни ўз ичига олган) электрон платформасини жорий йилнинг 1-ярим йиллиги якунига қадар яратиш бўйича рақамлатирилган дастурий маҳсулот ишлаб чиқишга қўйилган талаблар асосида Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан танлов эълон қилинганлиги ва ҳозирги кунда ижрочи ташкилотлардан таклифлар қабул қилинаётганлиги;

Фан ва илмий-техник тадқиқотларни ривожлантириш бошқармаси (Ш.Отажонов) томонидан дастурчи мутахассисларни жалб этган ҳолда www.grant.mininnovation.uz – лойиҳалар танловлари учун илмий лойиҳалар мавзулари бўйича хужжатларни (таклифларни) тақдим этиш/қабул қилиш, эълон қилинган танловларга лойиҳаларни қабул қилиш, танловларга тақдим этилган лойиҳаланинг кўриб чиқиш (илмий-техник экспертизаси) натижалари тўғрисида маълумотларни бериш (Tracking)ни ягона платформада жамловчи вақтинчалик электрон платформа ишлаб чиқилганлиги;

Илмий-техника ахбороти марказига (А.Цой) www.fan-portal.uz веб-порталига шу кунга қадар киритилган барча маълумотларни алоҳида маълумотлар базаси сифатида сақлаш, таҳлил қилиш ва ундан келгусида фойдаланиш юзасидан амалий чоралар кўриш вазифаси юклатилганлиги.