Давлат дастури

Арзон уй-жойлар қуриш дастурини изчил давом эттириш, намунавий уйлар лойиҳаларини такомиллаштириш, энергия тежамкор технологияларни қўллаш, замонавий ва арзон қурилиш материалларидан фойдаланиш чораларини кўриш

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январдаги ПФ-5635-сонли "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси"ни "Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожлантириш йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида"ги фармони иловасининг 171-бандида Қурилиш вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, тижорат банклари, "Қишлоққурилишинвест" МЧЖ, "Ўзшаҳарқурилишинвест" МЧЖ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, вазирлик ва идораларга арзон уй-жойлар қуриш дастурини изчил давом эттириш, намунавий уйлар лойиҳаларини такомиллаштириш, энергия тежамкор технологияларни қўллаш, замонавий ва арзон қурилиш материалларидан фойдаланиш чораларини кўриш вазифаси юклатилган. Бунда уй-жойларнинг ички ва ташқи конструкциялари, қурилиш материалларини мақбул, арзон ва сифатли қурилиш материалларига ўзгартириш, ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш орқали қурилиш материаллари таннархини мақбуллаштириш бўйича амалий чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланган.

Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан "Энергия тежамкор ва замонавий қурилиш материалларини ишлаб чиқаришни рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Қарор лойиҳасининг асосий мақсади мамлакатимизда энергия тежамкор, импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган янги турдаги инновацион қурилиш материаллари, буюмлари, конструкциялари ва ускуналарини ишлаб чиқаришни кенгайтиришни рағбатлантириш, уларни қурилишда қўллаш кўламини кенгайтириш, намунавий лойиҳалар асосидаги уйларнинг лойиҳаларини замонавий ва арзон қурилиш материалларидан ва энергияни тежайдиган технологияларини қўллаган ҳолда такомиллаштиришдан иборатдир.

Ушбу қарор лойиҳаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг 2019 йил 13 февралдаги 05-33/825-сонли хати билан Ўзбекистон Республикаси қурилиш вазирилигига таҳлил қилиш ҳамда фикр-мулоҳазалар билдириш учун киритилди. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирилиги томонидан 2019 йил 20 февралдаги 1215/10-06 сонли хат билан қарор лойиҳаси бўйича тегишли таклифлар киритилди ҳамда қарор лойиҳаси ушбу таклифлар асосида қайта ишлаб чиқилди.

Инновацион ривожланиш вазирлигининг 2019 йил 11 мартдаги 01-33/1416-сонли хати билан қарор лойиҳаси вазирлик ва идораларга ўрнатилган тартибда кўриб чиқиш ҳамда келишиш учун юборилди. Бугунги кунда қарор лойиҳаси вазирлик ва идораларнинг таклиф ҳамда эътирозлари юзасидан қайта кўриб чиқилмоқда.

Шу билан бирга мазкур қарор лойиҳаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталига жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилди. Муҳокама натижасида фуқаролардан жами 7 та таклиф келиб тушган бўлиб, улардан 5 та таклиф қабул қилиниб, қарор лойиҳасида ўз аксини топди.