Танловлар

Беш йилгача мўлжалланган фундаментал лойиҳалар танлови (29-тур)

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги республикамизда илм-фан ва технологияларни ривожлантиришнинг устувор йўналишларига мувофиқ илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси талаблари асосида бажарилиши беш йилгача мўлжалланган фундаментал лойиҳалар танловини

ЭЪЛОН ҚИЛАДИ

(29-тур)

Танловнинг асосий мақсади – табиат, жамият, инсон, онг ва сунъий равишда яратилган объектларнинг тузилиши, фаолияти ва ривожланишининг асосий қонуниятларини очишга қаратилган янги билимларни эгаллаш; илм-фаннинг муайян соҳасидаги тадқиқотлар натижаларини назариялар, тушунчалар, методологиялар, усуллар, тавсиялар шаклида қўллаш мақсадида тадқиқ этиш; илм-фан назарияси ва методологиясини бойитишга, келгусида бажариладиган амалий тадқиқотлар ҳамда уларни амалий қўллашга қаратилган инновация ишлари учун асос сифатида хизмат қиладиган илмий тадқиқотларни амалга оширилишини ташкил этишдан иборат.

Мазкур танлов Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятни ривожлантиришнинг норматив-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 9 мартдаги 133-сон қарорида белгиланган талабларга мувофиқ ўтказилади.

Танлов шартлари

Фундаментал тадқиқотлар лойиҳалари Фан ва технологиялар бўйича Республика кенгаши томонидан тасдиқланган илм-фан ва технологияларнинг қуйидаги устувор йўналишлари бўйича ишлаб чиқилиши лозим:

     1. Демократик ва ҳуқуқий жамиятни маънавий-ахлоқий ва маданий ривожлантириш, инновацион иқтисодиётни шакллантириш:

иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани ривожлантириш, миллий иқтисодиёт рақобатбардошлигини оширишнинг янги қонуниятларини ишлаб чиқиш;

давлат ва фуқаролик жамиятини модернизациялаш методологиясини бойитиш, давлат бошқаруви самарадорлигини оширишнинг ҳуқуқий асосларини тадқиқ этиш ва илмий муаммолари ечимини ишлаб чиқиш;

таълим тизими самарадорлигини ошириш механизмларини тадқиқ этиш асосида янги билимларни эгаллаш ва методологиясини бойитиш;

жамиятни ислоҳ қилиш жараёнида ўзбек халқининг маънавий қадриятларини, илмий ва маданий меросини ҳамда Ўзбекистон тарихини тадқиқ этишнинг илмий асосларини ишлаб чиқиш;

аҳоли турмуш даражаси ва фаровонлигини ошириш, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг замонавий инфратузилмаларини шакллантиришни илмий жиҳатдан ўрганиш ва янги билимларни эгаллаш.

     2. Энергетика, энерготежамкорлик ва муқобил энергия манбалари:

электр ва иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш, қўллаш самарадорлигини оширишнинг янги қонуниятларини аниқлаш;

инновацион энерготежамкор техника ва технологиялар асосида энергетика тармоғи самарадорлигини оширишнинг илмий муаммоларини  тадқиқ этиш;

атом энергетикаси ва ядро тиббиётида замонавий ядровий технологияларни қўллаш бўйича янги билимларни эгаллаш;

қуёш нурларини ўзгартириш орқали самарали лазер манбаларини яратиш қонуниятларини ишлаб чиқиш;

муқобил энергетика ва водород энергетикаси соҳасида янги билимларни эгаллаш.

     3. Ахборотлаштириш ва ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш:

коинот ва сунъий йўлдош технологияларини ўрганиш ва тадқиқ этиш асосида янги билимларни эгаллаш;

ахборот хавфсизлиги ва криптоҳимоялаш усуллари ва воситаларининг янги илмий асосларини яратиш;

рақамли иқтисодиёт элементларини тадқиқ этиш ва янги билимларни эгаллаш;

катта ҳажмли маълумотларни (Big Data) ажратиб олиш, қайта ишлаш, таҳлил қилиш, сақлашнинг илмий асосларини ишлаб чиқиш;

сенсорика, интернет буюмлар технологияси ва робототехника компонентларини тадқиқ қилиш;

квант технологияларини тадқиқ этиш ва янги билимларни эгаллаш.

     4. Қишлоқ хўжалиги, биотехнология, сув муаммолари, экология ва атроф-муҳит муҳофазаси:

қишлоқ хўжалиги экинларининг селекцияси ва бирламчи уруғчилиги соҳасида янги билимларни эгаллаш;

геномларни чуқур таҳлил қилиш орқали номзод генлар ва маркерларни аниқлаш;

геном селекцияси асосида атроф-муҳит ва инсон учун зарар бўлмаган, зараркунандалар ва касалликларга чидамли, турли тупроқ-иқлим шароитларига мослашган ўсимликларнинг янги навлари ва ҳайвонларнинг янги зотларини яратиш қонуниятларини тадқиқ этиш ва янги билимларни эгаллаш;

қишлоқ хўжалигини персоналлаштириш ва устувор қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосилдорлигини ошириш механизмларини тадқиқ этиш;

табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, биологик ландшафт хилма-хиллигини сақлаш, экологик тоза технологиялардан фойдаланиш, табиий ресурслар, сувни тозалаш ва чучуклаштириш, ундан оқилона фойдаланиш жараёнларини тадқиқ этиш.

     5. Тиббиёт ва фармакология:

касалликларни барвақт аниқлаш, даволаш ва профилактика қилиш бўйича янги билимларни эгаллаш;

маҳаллий доривор ўсимликлардан янги доривор препаратлар яратиш бўйича янги билимларни эгаллаш;

янги фармацевтика маҳсулотларини (умумий, оригинал воситалар, антинеопластик, антиаритмик ва микробларга қарши) олиш жараёнларини тадқиқ этиш ва янги билимларни эгаллаш.

     6. Кимё технологиялари, нефть-кимё ва нанотехнологиялар:

хом ашё базаси асосида янги органик минерал ўғитлар олишни тадқиқ этиш;

маҳаллий хом ашёлар асосида янги кимёвий маҳсулотлар технологияларини яратиш бўйича янги билимларни эгаллаш;

нанотехнологиялар асосида органик ва ноорганик, полимер ва синтетик материаллар олишни тадқиқ этиш;

янги қурилиш ва композит материалларни ишлаб чиқариш технологиялари соҳасида янги билимларни эгаллаш; 

нефть ва газ саноати маҳсулотларини чуқур қайта ишлашга қаратилган янги билимларни эгаллаш.

     7. Ер тўғрисидаги фанлар (геология, геофизика, сейсмология ва минерал хом ашёни қайта ишлаш):

геологик қидирув ишларида юқори самарадор янги илмий ёндашувларни ўзлаштириш;

фойдали қазилма бойликларини чуқур қайта ишлаш технологияларини чуқур тадқиқ этиш асосида янги билимларни эгаллаш.

     8. Машинасозлик технологиялари:

технологик жараёнларни комплекс механизациялаштириш ва автоматлаштириш бўйича янги билимларни эгаллаш;

кўп қамровли дастгоҳлар, ускуна ва машиналар, мослашувчан тизимларни ва замонавий прогрессив технологик жараёнларни тадқиқ этиш;

машинасозлик техника ва технологияларини чуқур тадқиқ этиш ва янги билимларни эгаллаш;

     9. Ўсимлик ва ҳайвонот олами биохилма-хиллигини сақлаш ва ундан оқилона фойдаланиш:

республика флора ва фаунасини комплекс ўрганиш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларидан оқилона фойдаланиш, зараркунандалар, паразитлар ва иншоотлар биозараркунандаларни чуқур тадқиқ этиш;

ёввойи ўсимлик ва ҳайвонларнинг ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган турларини тадқиқ этиш ва янги билимларни эгаллаш;

истиқболли ва иқтисодий аҳамиятга эга бўлган ўсимликлар, гидробионтлар, балиқ ресурслари генофондини чуқур ўрганиш, турларини интродукциялаштириш ва иқлимлаштиришнинг назарий асосларини тадқиқ этиш янги билимларни эгаллаш. 

Танловга тақдим этиладиган фундаментал тадқиқотлар лойиҳалари қуйидаги талабларга жавоб бериши зарур:

1) лойиҳа ижрочиларига қўйиладиган талаблар:

лойиҳа раҳбари томонидан охирги уч йил мобайнида лойиҳа мавзуси йўналишида Web of Science ҳамда Scopus халқаро базаларига киритилган журналларда камида 1 та илмий мақола чоп этилган ва унинг Хирш индекси 3 ва ундан юқори бўлиши (илмий мақоланинг нусхаси илова қилиниши лозим);

лойиҳанинг ҳамраҳбари нуфузли хорижий университет ва илмий марказларда (охирги уч йилда Times Higher Education World University Rankings бўйича топ-1000 таликка киритилган университетларда) фаолият кўрсатаётган ва лойиҳа мавзуси йўналишида муҳим натижаларга эришган (илмий мактаб яратган), Хирш индекси 5 ва ундан юқори бўлган етакчи олим (шу жумладан, ватандош олим) бўлиши (лойиҳа ҳамраҳбари тўғрисидаги маълумотлар, шунинг унинг муҳим илмий натижалари илова қилиниши лозим);

лойиҳа доирасида унинг ижрочи ташкилотининг асосий штатидаги ходимлари таркибидан киритилган ижрочилардан камида биттаси томонидан фалсафа доктори (PhD) ёки фан доктори (DSc) илмий даражасини олиш бўйича диссертацияни тайёрлаш ва ҳимоя қилиш режасининг мавжудлиги;

лойиҳа илмий жамоасининг ўртача ёши 45 ёшдан ошмаслиги лозим (ўртача ёш ижрочилар ёшининг арифметик ўртача қиймати сифатида ҳисобланади);

лойиҳа раҳбарининг бир вақтнинг ўзида бошқа фундаментал лойиҳага раҳбарлик қилмаслиги;

лойиҳа доирасида илмий лабораторияларни замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш бўйича аниқ режанинг мавжудлиги (лойиҳага илова қилиниши лозим);

лойиҳа ижрочиларининг соҳадаги нуфузли халқаро конференцияларда маърузачи сифатида иштирок этиши бўйича аниқ режанинг мавжудлиги (лойиҳага илова қилиниши лозим);

лойиҳа ижрочиларининг тегишлилиги бўйича дунёдаги нуфузли фан жамиятлари билан алоқаларининг мавжудлиги ва концорцумларда фаол иштирок этиши тўғрисида асослантирилган маълумотларнинг илова қилинганлиги;

тадқиқот мавзуси бўйича зарур илмий салоҳият ва илмий маълумотларнинг мавжудлиги (юқори малакали олимлар жамоаси, сўнгги беш йил ичида нашр этилган илмий нашрларнинг сони ва сифати, патентларнинг мавжудлиги, етакчи миллий ва хорижий илмий марказлар билан ҳамкорликнинг мавжудлиги ва бошқалар);

лойиҳа ижрочилари таркибида 35 ёшгача бўлган ёш олимларнинг мавжудлиги, уларнинг сони ва сифат хусусиятлари;

зарур моддий-техник базадан (бинолар, жиҳозлар, инвентарлар, дастурий таъминот, маълумотлар базаси, ахборот ресурслари ва бошқалар) фойдаланиш имконияти.

2) лойиҳа мазмуни қуйидаги талабларга мос бўлиши зарур:

тадқиқот натижаларини лойиҳа якуни билан амалий тадқиқотларга ва келгусида тажриба-конструкторлик ҳамда инновацион лойиҳаларга ўтиши цикли аниқ кўрсатилганлиги;

тақдим этилган лойиҳанинг ижрочи ташкилот илмий (илмий-техник) кенгашида пухта муҳокамадан ўтказилиб, халқаро ҳамкорлар хулосалари билан асослантирилганлиги ҳамда юқори турувчи ташкилот (вазирлик/идора) томонидан лойиҳадан кутилаётган натижалар республика иқтисодиёти ва ижтимоий соҳани ривожлантириш учун зарурлиги (эҳтиёжнинг мавжудлиги) таъкидланган тасдиқловчи ҳужжатларнинг мавжудлиги.

лойиҳанинг фан ва технологияларни ривожлантиришнинг устувор йўналишларига мувофиқлиги;

лойиҳанинг мақсадли танлов мавзуси ва шартларига мувофиқлиги;

мавзунинг долзарблиги, тадқиқотнинг янгилиги ва ушбу йўналишда илмий натижаларнинг мавжудлиги ва даражаси ҳамда янги билимларни олиш, янги назариялар, усуллар, тушунчаларни яратишга қаратилганлиги;

3) фундаментал лойиҳаларни амалга ошириш муддатларини фан йўналишлари кесимида қуйидаги муддатларга мувофиқ шакллантириш тавсия этилади:

а) қуйидаги фан йўналишлари бўйича амалга ошириладиган фундаментал лойиҳаларни 3 йил* муддатга (2021-2023 йиллар) мўлжаллаб шакллантириш ва амалга ошириш тавсия этилади:

тарих ва ижтимоий фанлар;

филология, психология ва педагогика фанлари;

иқтисодиёт ва ҳуқуқ фанлари;

информатика, ахборот-коммуникация технологиялари.

б) қуйидаги фан йўналишлари бўйича амалга ошириладиган фундаментал лойиҳаларни 4 йил* муддатга (2021-2024 йиллар) мўлжаллаб шакллантириш ва амалга ошириш тавсия этилади:

археология фанлари;

қишлоқ хўжалиги, ветеринария ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш;

архитектура, қурилиш, дизайн ва шаҳарсозлик;

ўрмон хўжалиги;

ер тўғрисидаги фанлар.

в) қуйидаги фан йўналишлари бўйича амалга ошириладиган фундаментал лойиҳаларни 5 йил муддатгача (2021-2025 йиллар) мўлжаллаб шакллантириш ва амалга ошириш тавсия этилади:

математика, физика, механика фанлари;

техника фанлари;

тиббиёт фанлари;

фармакология ва фармацевтика;

кимё фанлари;

кимёвий технологиялар ва нанотехнологиялар;

биология фанлари, биотехнология, экология.

*Изоҳ:

Мазкур танлов Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 9 мартдаги 133-сон қарори 1-иловаси билан тасдиқланган “Илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси тўғрисида”ги низомнинг 9-бандига мувофиқ фундаментал лойиҳаларни амалга оширишнинг энг кўп муддати беш йилгача бўлиши мумкин.

Фундаментал лойиҳани амалга ошириш даври белгиланган беш йилгача бўлган муддат доирасида узайтирилган (ёки ўзгартирилган) ҳолатда унинг келгуси (узайтирилган ва/ёки ўзгартирилган) даврда илмий-тадқиқотларни амалга оширишдан кутилаётган натижалари асослаб берилган ва ижрочи ташкилот Илмий (илмий-техник) кенгашининг қарорига асосан тасдиқланган бўлса лойиҳа муддатини белгилаш масаласи Инновацион ривожланиш вазирлиги  (Буюртмачи) томонидан кўриб чиқилиши мумкин.

Коронавирус пандемияси сабабли республикамизда эълон қилинган карантин шароитида лойиҳалар www.fan-portal.uz  веб-саҳифаси орқали 2020 йилнинг 7 октябрига қадар фақат электрон шаклда қабул қилинади.

Бунда қуйидаги ҳужжатларнинг асл нусхаси сканердан ўтказилиб, pdf шаклида www.fan-portal.uz веб-саҳифасига юкланиши лозим:

ижрочи ташкилот томонидан имзоланган йўлланма хати;

ижрочи ташкилотнинг илмий (илмий-техник) кенгаши қароридан кўчирма;

фундаментал лойиҳа матни (имзо ва муҳр қўйилган ҳолда).

Лойиҳа матни А4 форматдаги стандарт қоғоз варағининг икки томонида жойлашиши ва қоида тариқасида 1,15 қатор оралиғида ёзилиши лозим. Ҳар бир бет юқоридан ва пастдан 2 см; чапдан 3 см; ўнгдан 1,5 см ҳошияга эга; хатбоши 1,27 см га тенг ва бир хилда бўлиши лозим.

Матнни тайёрлашда “Тimеs Nеw Rоmаn” 12 ўлчамли шрифтда “Мiсrоsоft Wоrd” матн редакторидан фойдаланиш тавсия қилинади.

Бетлар титуль варағидан бошлаб охирги вараққача изчил кетма-кетликда рақамланади. Бетнинг тартиб рақами варақнинг пастки ўнг бурчагида 2 рақамидан бошлаб ёзилади. Титуль варағига 1 рақами қўйилмайди.

Лойиҳанинг ҳар бир талаб қилинган ҳужжати ва бошқа таркибий қисмлари янги бетдан расмийлаштирилади.

Лойиҳа раҳбари ва иштирокчиларининг мезонларда талаб қилинган илмий ишлар рўйхати (охирги 3 йил давомидаги нашрлар қуйидаги хронологик тартибда келтирилиб, изчил кетма-кетликда рақамланади: монография; патент; илмий мақола; илмий тўпламлар ва бошқа нашр ишлари) 3.4-шаклга қатъий риоя қилинган ҳолда расмийлаштирилади ва муаллиф, илмий котиб томонидан имзоланиб, ташкилот муҳри билан тасдиқланади.

Тақдим этилган лойиҳалар танлов талабларига қатъий риоя қилинганлиги, лойиҳа материалларининг ишончлилиги ва ҳаққонийлиги, кўчирмачиликка (плагиат) йўл қўйилмаганлиги, белгиланган талаблар асосида шакллантирилганлиги бўйича дастлабки техник экспертизадан ўтказилади.

Дастлабки техник экспертизадан ўтмаган лойиҳалар танловнинг кейинги босқичига тавсия этилмайди.

Тақдим этилган лойиҳалардаги маълумотларнинг ҳаққонийлиги ва ишончлилиги ҳамда танлов ғолиблари томонидан илмий лойиҳаларнинг натижадорлиги, тижоратлаштириш даражаси, танлов дастурлари вазифаларида белгиланган, кутилаётган натижаларни тўла ва ўз вақтида сифатли бажарилишига илмий лойиҳа раҳбарлари, илмий лойиҳани бажарувчи ташкилот раҳбарлари ва тегишли юқори турувчи ташкилотларнинг масъул ходимлари жавобгар ҳисобланадилар.

Эслатма: 

Танловга тақдим этилган лойиҳаларнинг натижалари тўғрисидаги маълумот www.mininnovation.uz веб-сайтида “Танловлар” рукнининг “Танлов натижалари” интерактив хизмати орқали тақдим этиб борилади.

www.fan-portal.uz веб-портали орқали электрон рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ техник масалалар бўйича Инновацион ривожланиш вазирлигининг қўллаб-қувватлаш хизмати – Ахборот технологияларини жорий этиш бўлими: (71) 203-32-23 (620, 621), (90) 993-99-32.