Танловлар

Инновация вазирлиги 15 нафар ёш олимни Германияга юбориш мақсадида грант дастурини эълон қилади

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги Германия Таълим ва тадқиқотлар вазирлиги билан ҳамкорликда пухта тадқиқот режасига эга 15 нафар ўзбекистонлик ёш олимнинг илмий ишланмаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Германия тадқиқот институтларида икки ҳафта давомида малака оширишлари учун грант дастурини эълон қилади.

Амалиёт дастури икки ҳафта давом этади:

  • Биринчи ҳафта давомида ёш олимлар Германия инновацион ландшафтини ўрганиш мақсадида мамлакатнинг турли илмий ва инновацион марказларига ташриф буюрадилар;
  • Иккинчи ҳафтада олимлар фаолияти тадқиқот мавзуларига мос бўлган Германия илмий ташкилотларида малака ошириш имкониятига эга бўладилар. Германия илмий ташкилотлари билан ҳамкорлик Германия илмий конкурслари ва илмий грант дастурларида ҳамкорлик асосида иштирок этиш учун ҳам шароит яратади.

Амалиёт дастурининг тадқиқот йўналишлари:

Илмий соҳаларнинг барча йўналишларидан тадқиқот режалари қабул қилинади. Лекин қуйидаги соҳалар бўйича жўнатилган тадқиқот режалари устунликка эга бўлади:

  • Ақлли шаҳар (Smart cities);
  • Атроф-муҳитни ўрганиш (Environmental science);
  • Барқарор ривожланиш (Sustainable development);
  • Қишлоқ хўжалиги (Agricultural science);
  • Маданий меросларни асрашга қаратилган инновацион технологиялар (Technological innovation in cultural heritage conservation).

Инновацион фаолиятга йўналтирилган ва натижаларини амалиётга жорий қилишга қаратилган лойиҳалар танловда устунликка эга бўлади.

Номзодларга қўйилган талаблар:

  • илмий тадқиқот режасининг юқори даражада бўлиши;
  • инновацион фаолиятга бўлган қизиқиш;
  • инглиз ва/ёки немис тилини билиш;
  • номзодларга ўзлари амалиёт ўташни хоҳлаётган ташкилот билан алоқага эга бўлишлари тавсия этилади.

Номзодларни танлаб олиш жараёни:

Биринчи босқич.

Номзодлар 2019 йилнинг 31 августига қадар https://forms.gle/H6m3QCDdA2aio5vEA  ҳаволаси орқали рўйхатдан ўтишлари ва exchange@mininnovation.uz манзилига қуйидаги ҳужжатларнинг электрон нусхаларини тақдим этишлари лозим:

  • “What makes you the best candidate for this project?” мавзусида мотивацион хат (инлгиз тилида, камида 500 та сўз)
  • Илмий тадқиқот мавзусига алоқадор бўлган илмий ишлари. Буларга нашр этилган тезислари, мақолалари ва бошқа турдаги ҳужжатлар киради;
  • Резюме (инглиз тилида);
  • Илмий даражасини тасдиқловчи дипломларнинг электрон нусхалари (бакалавриятдан бошлаб);

Қуйидаги ҳужжатларни тақдим этган номзодларга танловда устунлик берилади:

  • Тил билиш сертификатлари (IELTS, TOEFL, CEFR, TestDaF, Goethe Zertifikat ва бошқалар);
  • Бошқа нашр этилган илмий мақолаларининг электрон нусхалари (инглиз ёки немис тилида);
  • Бошқа эришган ютуқларини тасдиқловчи хужжатлар.

Қўйилган талабларга мос келмайдиган хужжатларни тақдим килган аризалар кўриб чиқилмайди!

Иккинчи босқич.

Вазирнинг юқори мартабали маслаҳатчиси Карстен Хайнц бошчилигида Инновацион ривожланиш вазирлги ва ҳамкор ташкилотлар томонидан саралаш жараёни амалга оширилади. Саралаш жараёнида номзодларнинг тил билиш даражаси текширилади ва илмий тадқиқот режаси бўйича суҳбат ўтказилади.

Грант соҳиблари учун жўнаб кетишларидан олдин Инновацион ривожланиш вазирлиги биносида бир кунлик тайёрлов семинари ташкил қилинади.

Лойиҳани молиялаштириш:

Номзодларнинг қуйидаги ҳаражатлари ташкилотчилар томонидан тўлиқ қоплаб берилади:

  • икки томонлама эконом класс авиачипталари;
  • Германияда турар жой ва озиқ-овқат ҳаражатлари;
  • Германия ҳудудида ички йўл ҳаражатлари ва лойиха билан боғлиқ бошқа ҳаражатлар.

Кутилаётган натижалар:

         Амалиёт дастурида иштирок этиб қайтган номзодлар 2019 йил октябрь ойида Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ўтказиладиган "INNOWEEK" - инновацион ғоялар ҳафталиги давомида тадқиқот натижаларига бағишланган тақдимотлари ёки ўз лойиҳалари билан қатнашишлари лозим. Шунингдек ғолиблар ўзлари бирга ишлаган германиялик ташкилотлар билан ҳамкорликда Германия ҳукумати томонидан ўтказиладиган илмий танловлар ва грант дастурларида иштирок этиш имкониятини қўлга киритадилар.