Долзарб хабарлар

Олимларга юқори рейтингга эга илмий журналларда мақола чоп этишга кўмак берамиз!

Инновацион ривожланиш вазирлиги олимларнинг илмий мақолаларини юқори рейтингга эга илмий журналларда чоп этишга кўмаклашиш мақсадида “Proоfreading Service” хизматини тақдим этади.

Proofreading – бу олимлар томонидан тайёрланган илмий мақола матнини юқори рейтингга эга бўлган журналлар талабларига мувофиқ таҳрир қилиш, ёзма инглиз тили матнини яхшилаш, орфографик ва грамматик хатоларни бартараф этиш, белгиланган техник талабларга мослаштириш хизмати. 

Ушбу хизматдан Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган барча ташкилотларда меҳнат қилаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган олим ва мутахассислар бепул фойдаланишлари мумкин.

Илмий мақолалар илмий мақола чоп этилиши режалаштирилаётган  юқори рейтингга эга илмий журнал(лар)нинг техник талабларига мос тарзда расмийлаштирилган ҳолда Инновацион ривожланиш вазирлигига Microsoft Word (.doc ёки .docx) форматида инглиз тилида тақдим этилиши лозим.

Мақолада унинг муаллифининг Ф.И.Ш., иш жойи ва лавозими, телефон рақами ва электрон почта манзили кўрсатилиши лозим.

Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан барча талабларга мувофиқ қабул қилинган илмий мақола(лар) бир ой муддатда “Proоfreading Service” хизматини кўрсатувчи халқаро ташкилотларга юборилади.

“Proоfreading Service” хизматини кўрсатувчи халқаро ташкилотлар томонидан қабул қилиниб, кўриб чиқилган илмий мақолалар тўғрисида уларнинг муаллифларига мақола топширилган муддатдан бошлаб икки ой муддатда электрон почта орқали маълум қилинади.

 “Proоfreading Service” хизматини кўрсатувчи халқаро ташкилотлар харажатлари Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.

Инновацион ривожланиш вазирлиги “Proоfreading Service” хизматини кўрсатиш рад этилган мақолаларнинг муаллифларига алоҳида маълумот тақдим этиш мажбуриятини олмайди.

Қабул қилинган илмий мақола(лар) унинг муаллифларига қайтарилмаслигини маълум қиламиз.