Долзарб хабарлар

“Қадринг баланд бўлсин, она тилим” танловида иштирок этинг!

 Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаменти, Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси томонидан илмий ташкилотлар, олий ва ўрта-махсус таълим муассасалари ўртасида ўзбек тилини тарғиб қилувчи ижодий изланишларни рағбатлантириш ва оммалаштиришга каратилган “Қадринг баланд бўлсин, она тилим” танловини эълон қилади.

 

Танлов Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 21 октябрдаги ПФ-5850-сон Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармасининг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида” 2020 йил 10 февралдаги 73-сон қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилди.

 

Танловда ўзбек тилининг луғат бойлигини оширувчи лингвистик, соҳавий-терминологик, изоҳли луғатлар яратиш, давлат тилида соҳавий иш юритиш ҳужжатларининг ягона электрон намуналарини ишлаб чиқиш ва улардан фойдаланиш учун онлайн дастурлар яратиш, дастурий маҳсулотларнинг ўзбекча иловалари ва электрон луғат дастурларини яратиш, хорижликлар учун ўзбек тилини ўргатувчи дастур ва дарсликлар яратишда илғор натижаларга эришган олий ва ўрта-махсус таълим муассасалари, инновацион технопарклар, мустақил илмий изланувчилар ва дастурчилар, қизиқувчилар қатнашиши мумкин.


Танловга қуйидаги йўналишлар бўйича илмий-амалий ишлар қабул қилинади:

- ўзбек тилининг луғат бойлигини оширувчи лингвистик, соҳавий-терминологик, қомусий луғатлар яратишни рағбатлантириш;

- давлат тилида соҳавий иш юритиш ҳужжатларининг ягона электрон намуналарини ишлаб чиқиш ва улардан фойдаланиш учун онлайн дастурлар ишлаб чиқилишини рағбатлантириш;

- дастурий маҳсулотларнинг ўзбекча иловалари ва электрон луғат дастурларини яратиш;

- хорижликлар учун ўзбек тилини ўргатувчи дастурлар, дарсликлар, ўқув қўлланмалари яратиш;


Танловга тақдим этиладиган илмий лойиҳалар til-tanlov@mininnovation.uz электрон почтаси орқали жорий йилнинг 31 июлига қадар фақат электрон шаклда қабул қилинади.

Танловга тақдим этиладиган илмий лойиҳалар, ишланмалар қуйидаги ҳужжат ижрочи ташкилотнинг раҳбари томонидан имзоланган йўлланма хати бирга тақдим этилиши лозим.

 

Танловга белгиланган мавзу ва йўналишларга мос келадиган сўнгги икки йил ичида яратилган (нашр этилган/патентланган) луғатлар, электрон дастурлар, амалий қўлланмалар тақдим этилиши мумкин.

 

Танловга тақдим этилган дастурий маҳсулотларга улардан фойдаланиш бўйича йўриқнома ҳам илова қилиниши лозим.

 

Электрон шаклда тақдим этилмаган илмий-амалий ишлар танловда иштирок этмайди.

 

Илмий-амалий лойиҳалар қуйидаги мезонлар асосида баҳоланади:

– тадқиқотнинг илмий-амалий янгилиги, дастурий маҳсулотнинг мазмуний ва техник мукаммаллиги;

– мавзуга мослиги ва долзарблиги. Илмий тадқиқот ва дастурий маҳсулотнинг танлов мавзусига ҳамда танлов олдига қўйилган мақсад ва вазифаларга мос келиши;

– ғоянинг ўзига хослиги. Дастурий маҳсулот фойдаланиш учун қулай бўлиши ва аввал яратилган бошқа дастурий маҳсулотларни айнан такрорламаслиги;

– амалий қўлланмаларнинг қулай ва соддалиги, замонавий педагогик ютуқлардан фойдаланилганлиги”.