Долзарб хабарлар

ИННОВАЦИЯ – ТАРАҚҚИЁТ ЛОКОМОТИВИ

2019 йил 29 ноябрь куни Инновацион ривожлантириш вазирлигининг ташкил этилганига 2 йил тўлгани муносабати билан Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Марказий аппарати биносида вазирлик ва идоралар ҳамда илмий тадқиқотчилар билан биргаликда “Инновация – тараққиёт локомотиви” мавзусида илмий-амалий семинари ўтказилди. Мазкур семинар Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожлантириш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ўртасида тузилган ўзаро ҳамкорлик меморандуми доирасида ташкил этилди. Семинар мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ва инновацион ривожлантиришда муҳим бўлган бир қатор инновацион ғоялар ва ишланмалар билан яқиндан танишиш, таҳлил қилиш, муҳокама қилиш ва уни амалиётга татбиқ этиш мақсадида ташкил этилди.

Семинарда Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети, Тошкент Кимё-технология институти ҳамда Тошкент Давлат техника университети техника фанлари бўйича фалсафа докторлари (PhD) ва таянч докторантлари ўзларининг илмий тадқиқотлари натижалари ҳамда ишланмаларини тақдимот этдилар.

Жумладан:

- Тошкент Кимё-технология институти техника фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) А.Бобоев “Маҳаллий топинамбур хом-ашёсидан биоэтанол олиш технологиясини ишлаб чиқиш” мавзусида;

- Тошкент Кимё-технология институти техника фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) М.Вапаев “Йўл қопламалари учун модификацияланган битумлар олиш” мавзусида;

- Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети таянч докторанти Б.Каримов “Бино ва иншоотларнинг сейсмик бардошлигини текшириш” мавзусида;

- Тошкент Кимё-технология институти техника фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Л.Юсупова “Ацетилен ва диоллар асосида винил бирикмалар синтези, хоссалари ва қўлланилиши” мавзусида тақдимот қилди.

Шунингдек, “Ақлли иссиқхона”, 3D чоп этиш қурилмаси, “Ақлли ва хавфсиз ногиронлар аравачаси” ва бошқа ўнлаб роботатехник инновацион ишланмалар намойиш этилди.

Тадбирда мазкур мавзуга идоравий масъул ва манфаатдор вазирлик ва идоралар — Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамда бошқа идоралар вакиллари тақдим этилган лойиҳалар муҳокамасида иштирок этдилар.