Вазирлик фаолияти

Транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бўлимининг ташаббус ва ютуқлари

1. “Нурафшон” интеллектуал транспорт тизими (ИТТ) лойиҳаси.

Тошкент шаҳрида синов тарзида "Ақлли светофорлар" ўрнатилади.

Лойиҳа бўйича синов ишларини Нурафшон кўчаси ва Лабзак кўчаси билан кесишган чораҳадан бошлаб Беруний кўчаси билан кесишган чораҳагача амалга ошириш, шу билан бирга Оқтепа айлана йўлигача давом эттириш чоралари кўрилмоқда.

Тавсия қилинган ва ҳозирча тасдиқланмаган "Ақлли светофор"ларни ўрнатиш синов ишлари режаси

 

Ушбу шаҳар транспорт инфратузилмасига технологияларни татбиқ этиш синов лойиҳаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан Тошкент транспорт департаменти, Ички ишлар бош бошқармаси Давлат ҳаракат хавфсизлиги инспекцияси ҳамда маҳаллий ABL-SOFT дастурий таъминотини ишлаб чиқувчилар ва трафикни назорат қилиш бошқармаси вакиллари билан учрашувда муҳокама қилинди.

Ҳозирги вақтда лойиҳанинг техник кўрсаткичлари ишлаб чиқилмоқда. Лойиҳа шу билан эътиборлики, у 100 фоиз миллий тайёрланган бўлиб, маҳаллий ходимлар ва мутахассислар томонидан амалга оширилади. Шу билан бирга, консультация ва халқаро тажрибани ўрганиш доирасида хорижий экспертлар жалб қилиниши истисно этилмайди. 

 

Бундан ташқари, жамоат транспортининг қулайлиги, автобуслар интерваллари, автобус бекатлари учун бепул Wi-Fi ва мобил қурилмалар учун зарядловчи станцияларни қуриш, ихтисослаштирилган институтларни ҳамкорликка жалб қилиш, "Ақлли светофор"ларни жорий этиш ва кўплаб масалалар бўйича келишувларга эришилди.

 

2. Давлат темир йўл транспорт инфратузилмаси инновацияларга муҳтож.

 

Ташкил этилган Форсайт-сессияда темир йўл инфратузилмасини инновацион ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Иштирокчилар томонидан темир йўл инфратузилмаси бўйича инновацион лойиҳалар ишлаб чиқиш ва жаҳон бозорига чиқиш усуллари, талабаларнинг инновацион стартап лойиҳалари билан танишувлар тўғрисида гапирилди, шу билан бирга Тошкент темир йўл транспорти муҳандислари институтида инновацион экотизим яратиш таклифи муҳокама қилинди.

Тошкент темир йўл транспорти муҳандислари институти қошида 3 та илмий лаборатория ва 51 та ўқув лабораториянинг фаолияти билан бирга уларнинг самарадорлиги учун бошқа манбалар билан бир қаторда етарли ахборот таъминотига эҳтиёж зарур бўлиб, бунинг учун хорижий илғор илмий-тадқиқот институтлари ёки саноат корхоналарининг илмий лабораторияларида амалиёт ўташ муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бугунги кунгача институтнинг 481 нафар талабаси Россия олий ўқув юртларига бакалавр, магистр ва докторантлик йўналишларига ўқишга юборилган бўлиб, улардан 248 нафари ўқишни муваффақиятли битириб қайтиб келишган.

Россия олий ўқув юртларининг қарийб 30 нафар битирувчиси Тошкент темир йўл транспорти муҳандислари институтида, қолганлари эса мамлакатимиз темир йўлларида фаолият олиб боришмоқда.

Форсайт-сессиясида институт талабаларининг инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти ва Тошкент темир йўл муҳандислари институти ҳамкорлигида Инновация маркази/акселератор яратиш таклифи билдирилди.

Инновация марказини халқаро грантлар, "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ маблағлари, маҳаллий грантлар ҳамда ишланмаларни тижорийлаштиришдан олинган маблағлар ҳисобига молиялаштириш юзасидан келишувга эришилди.

 

3. Инновацион ривожланиш вазирлиги ва UZCARD компанияси автомобилларни блокчейн тизими орқали рўйхатга ва ҳисобга олиш тизими яратилишини муҳокама қилишмоқда.

Автомобил транспорти хавфсизлигини таъминлашнинг инновацион усулларини жорий этиш лойиҳаси.

 

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ташаббуси билан 2019 йил 27 февраль куни Uzcard компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан таклиф қилинган, ҳамкорликда амалга оширилиши режалаштирилган ғоялар компания вакиллари ўртасида қизиқиш ўйғотди.

 Шу жумладан, автомобил транспорти хавфсизлигини таъминлашнинг инновацион усулларини жорий этиш, яъни анъанавий автотранспорт ва газ баллон ускунали транспортларни рўйхатга ва ҳисобга олишнинг ягона электрон тизимини (блокчейн технологиясидан фойдаланиш ҳисобига) яратиш лойиҳаси тақдим этилди.

Ўз навбатида Uzcard компанияси вакиллари таклиф этилган лойиҳани амалга оширишда дастурий таъминотни ишлаб чиқиш юзасидан ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини билдиришди, бунинг учун асосий буюртмачини аниқлаш ва унинг талаблари асосида таклиф қилинаётган лойиҳа учун техник вазифаларни тайёрлаш шартлари маълум қилинди.

Мазкур давра суҳбатида тезкор ривожланаётган электромобиллар соҳаси учун йўл-транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш, фойдали экотизим яратиш ва уни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Музокаралар якунида транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, соҳада самарали экотизим яратиш ҳамда транспорт соҳаси хавфсизлигини таъминлаш тўғрисидаги масалалар юзасидан икки томонлама ҳамкорлик қилиш бўйича келишувга эришилди.

 

4. Ақлли бекатлар.

Термиз шаҳрида "Ақлли бекатлар" сони 10 га етказилди.

 

Бепул Wi-Fi тизими ва онлайн-табло билан жиҳозланган биринчи ушбу бекатлар 2018 йилнинг август ойи охирида очилган эди.

"Ёшлар" телеканалида ҳам Термиз шаҳридаги тадбиркор Алимжон Сапаров Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг кўмагида ўтган йил август ойининг охирида шаҳардаги биринчи "Ақлли бекат"ни очганлиги ва кейинчалик яна тўққизта бекатни ишга туширганлиги тўғрисида маълумот берилди.

Сапаров маҳаллий банкдан олинган йиллик 14 фоизли имтиёзли кредит харажатларини "Ақлли бекат"лар фаолиятидан олинадиган фойда (шу жумладан реклама) ҳисобидан қоплашини режалаштирган. Лойиҳанинг ярми давлат томонидан молиялаштирилмоқда.

"Хар бир бекатда ёруғликни ва электр тармоғини USB автоном электр энергия орқали таъминлайдиган қуёш панеллари мавжуд."

Бекатларда кондиционер, онлайн-табло, фавқулодда вазиятлар учун алоқа панели, атроф-муҳит мониторинги сенсори, бепул Wi-Fi, видео кузатув ҳамда телефонларни зарядлаш имкониятлари мавжуд.

Тадбиркор Сапаров томонидан 2019 йилнинг якунигача яна шундай 20 та "Ақлли бекат"лар ўрнатилиши режалаштирилмоқда.