Конкурсы

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси талабларига мувофиқ бажариладиган фундаментал лойиҳалар танловини эълон қилади (54-тур)

Танловнинг асосий мақсади – табиат, жамият, инсон, онг ва сунъий равишда яратилган объектларнинг тузилиши, фаолияти ва ривожланишининг асосий қонуниятларини очишга қаратилган янги билимларни эгаллаш; илм-фаннинг муайян соҳасидаги тадқиқотлар натижаларини назариялар, тушунчалар, методологиялар, усуллар, тавсиялар шаклида қўллаш мақсадида тадқиқ этиш; илм-фан назарияси ва методологиясини бойитишга, келгусида бажариладиган амалий тадқиқотлар ҳамда уларни амалий қўллашга қаратилган инновация ишлари учун асос сифатида хизмат қиладиган илмий-тадқиқотларни амалга оширилишини ташкил этишдан иборат.

Мазкур танлов Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятни ривожлантиришнинг норматив-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 9 мартдаги 133-сон қарорида белгиланган талабларга мувофиқ ўтказилади.

 

Танлов шартлари

 

Танловга тақдим этиладиган фундаментал тадқиқотлар лойиҳалари қуйидаги талабларга жавоб бериши зарур:

1) лойиҳа ижрочиларига қўйиладиган талаблар:

лойиҳа раҳбари томонидан охирги уч йил мобайнида лойиҳа мавзуси йўналишида Web of Science ҳамда Scopus халқаро базаларига киритилган журналларда камида 1 та илмий мақола чоп этилган ва унинг Хирш индекси 3 ва ундан юқори бўлиши* (илмий мақоланинг нусхаси илова қилиниши лозим);

лойиҳага хорижий нуфузли университет ва илмий марказларда фаолият кўрсатаётган ва лойиҳа мавзуси йўналишида муҳим натижаларга эришган (илмий мактаб яратган), Хирш индекси 5 ва ундан юқори бўлган етакчи олим (шу жумладан, ватандош олим) ҳамраҳбар сифатида белгиланган бўлиши (лойиҳа ҳамраҳбари тўғрисидаги маълумотлар, шунинг унинг муҳим илмий натижалари илова қилиниши лозим);

лойиҳа доирасида унинг ижрочи ташкилотининг асосий штатидаги ходимлари таркибидан киритилган ижрочилардан камида биттаси томонидан фалсафа доктори (PhD) ёки фан доктори (DSc) илмий даражасини олиш бўйича диссертацияни тайёрлаш ва ҳимоя қилиш режасининг мавжудлиги;

лойиҳа илмий жамоасининг ўртача ёши 45 ёшдан ошмаслиги лозим (ўртача ёш ижрочилар ёшининг арифметик ўртача қиймати сифатида ҳисобланади);

лойиҳа раҳбарининг бир вақтнинг ўзида бошқа фундаментал лойиҳага раҳбарлик қилмаслиги;

лойиҳа доирасида илмий лабораторияларни замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш бўйича аниқ режанинг мавжудлиги (лойиҳага илова қилиниши лозим);

лойиҳа ижрочиларининг тегишлилиги бўйича дунёдаги нуфузли фан жамиятлари билан алоқаларининг мавжудлиги ва концорцумларда фаол иштирок этиши тўғрисида асослантирилган маълумотларнинг илова қилинганлиги;

тадқиқот мавзуси бўйича зарур илмий салоҳият ва илмий маълумотларнинг мавжудлиги (юқори малакали олимлар жамоаси, сўнгги беш йил ичида нашр этилган илмий нашрларнинг сони ва сифати, патентларнинг мавжудлиги, етакчи миллий ва хорижий илмий марказлар билан ҳамкорликнинг мавжудлиги ва бошқалар);

лойиҳа ижрочилари таркибида 35 ёшгача бўлган ёш олимларнинг мавжудлиги, уларнинг сони ва сифат хусусиятлари;

зарур моддий-техник базадан (бинолар, жиҳозлар, инвентарлар, дастурий таъминот, маълумотлар базаси, ахборот ресурслари ва бошқалар) фойдаланиш имконияти.

*ижтимоий-гуманитар фанлар йўналишларида мазкур кўрсаткич
1 ва ундан юқори этиб белгиланади.

2) лойиҳа мазмуни қуйидаги талабларга мос бўлиши зарур:

тадқиқот натижаларини лойиҳа якуни билан амалий тадқиқотларга ва келгусида тажриба-конструкторлик ҳамда инновацион лойиҳаларга ўтиши цикли аниқ кўрсатилганлиги;

тақдим этилган лойиҳанинг ижрочи ташкилот илмий (илмий-техник) кенгашида пухта муҳокамадан ўтказилиб, халқаро ҳамкорлар хулосалари билан асослантирилганлиги ҳамда юқори турувчи ташкилот (вазирлик/идора) томонидан лойиҳадан кутилаётган натижалар республика иқтисодиёти ва ижтимоий соҳани ривожлантириш учун зарурлиги (эҳтиёжнинг мавжудлиги) таъкидланган тасдиқловчи ҳужжатларнинг мавжудлиги.

лойиҳанинг фан ва технологияларни ривожлантиришнинг устувор йўналишларига мувофиқлиги;

лойиҳанинг мақсадли танлов йўналиши ва шартларига мувофиқлиги;

мавзунинг долзарблиги, тадқиқотнинг янгилиги ва ушбу йўналишда илмий натижаларнинг мавжудлиги ва даражаси ҳамда янги билимларни олиш, янги назариялар, усуллар, тушунчаларни яратишга қаратилганлиги;

3) фундаментал лойиҳаларни амалга ошириш муддатларини фан йўналишлари кесимида қуйидаги муддатларга мувофиқ шакллантириш ва амалга ошириш зарур:

а) қуйидаги фан йўналишлари бўйича амалга ошириладиган фундаментал лойиҳаларни 3 йил муддатгача (2022-2024 йиллар) мўлжаллаб шакллантириш ва амалга ошириш лозим:

ижтимоий фанлар;

тарих;

филология, психология ва педагогика фанлари;

иқтисодиёт фанлари;

ҳуқуқ фанлари;

информатика, ахборот-коммуникация технологиялари;

археология фанлари;

қишлоқ хўжалиги, ветеринария ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш;

ўрмон хўжалиги;

б) қуйидаги фан йўналишлари бўйича амалга ошириладиган фундаментал лойиҳаларни 4 йил муддатгача (2022-2025 йиллар) мўлжаллаб шакллантириш ва амалга ошириш лозим:

архитектура, қурилиш, дизайн ва шаҳарсозлик;

ер тўғрисидаги фанлар.

математика, физика, механика фанлари;

техника фанлари;

тиббиёт фанлари;

фармакология ва фармацевтика;

кимё фанлари;

кимёвий технологиялар ва нанотехнологиялар;

биология фанлари, биотехнология, экология.

 

Танловга тақдим этиладиган илмий лойиҳалар grant.mininnovation.uz электрон платформасининг “Танловга илмий лойиҳа тақдим этиш” саҳифаси орқали 2021 йилнинг 15 октябрига қадар фақат электрон шаклда қабул қилинади.

Илмий лойиҳа ҳужжатларини grant.mininnovation.uz электрон платформаси орқали рўйхатдан ўтказиш жараёнида қуйидаги ҳужжатлар асл нусхаларининг pdf/doc шакли электрон платформага юкланиши лозим:

  • ижрочи ташкилотнинг раҳбари томонидан имзоланган йўлланма ҳат (.pdf);
  • ижрочи ташкилотнинг илмий (илмий-техник) кенгаши қароридан кўчирма (.pdf);
  • фундаментал лойиҳа матни (имзо ва муҳр қўйилган ҳолда, .pdf ва .doc/.docx, ҳамраҳбарнинг розилик хати илова қилиниши лозим).

Танловга Фанлар академияси илмий ташкилотлари томонидан тақдим этиладиган лойиҳалар мазкур илмий ташкилотлар томонидан давлат бюджети маблағлари ҳисобига тўғридан-тўғри амалга оширилаётган илмий-тадқиқот ишларини (устувор йўналишлар, дастурлар, режалар, бошқа лойиҳалар ва ҳ.к.) такрорламаслиги, улардан ҳам мазмунан ҳам натижаларига кўра тубдан фарқ қилиши тўғрисидаги асоснома лойиҳага илова қилишини зарур.

Тақдим этилган лойиҳада келтирилган илмий янгилик, ноу-хау ва ғояларни экспертиза жараёнларида очиқ муҳокамага қўйишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида ижрочи ташкилот ваколатли тузилмасининг (хизматининг) хулосаси лойиҳага илова қилиниши лозим.

Лойиҳа доирасида ажратилган маблағлар илмий изланишлар олиб боришга, шунингдек, иш ҳақидан ташқари, умумий маблағнинг камида 40 фоизи илмий асбоб-ускуналар, хом ашёлар ҳамда бошқа зарур материалларни харид қилиш ва моддий-техника базасини ривожлантириш билан боғлиқ бошқа харажатларга йўналтирилиши лозим, бунда фундаментал, шунингдек, ижтимоий-гуманитар фанлар соҳасидаги лойиҳаларда мазкур миқдор 20 фоизгача камайтирилиши мумкин.

Тақдим этилган лойиҳалар танлов талабларига қатъий риоя қилинганлиги, лойиҳа материалларининг тўлиқлиги, ишончлилиги ва ҳаққонийлиги, кўчирмачиликка (плагиатга) йўл қўйилмаганлиги, белгиланган талаблар асосида шакллантирилганлиги, шунингдек лойиҳа якунида қўлга киритиладиган муҳим илмий натижаларнинг тадқиқот дизайнига мувофиқ тўлиқ асосланганлиги ва сўралган маблағларнинг тўғри ҳисоб-китоб қилинганлиги, шунингдек, танловга тақдим этилган лойиҳаларни амалга ошириш муддатларининг танлов шартларига мослиги бўйича дастлабки техник экспертизадан ўтказилади.

Дастлабки техник экспертизадан ўтмаган лойиҳалар танловнинг кейинги босқичига тавсия этилмайди.

Тақдим этилган лойиҳалардаги маълумотларнинг тўлиқлиги, ҳаққонийлиги ва ишончлилиги ҳамда илмий лойиҳаларнинг натижадорлиги, тижоратлаштириш салоҳияти, лойиҳада режалаштирилган илмий-тадқиқотларни тўла ва ўз вақтида сифатли бажарилишига илмий лойиҳа раҳбарлари, илмий лойиҳани бажарувчи ижрочи ташкилот раҳбарлари ва тегишли юқори турувчи ташкилотларнинг масъул ходимлари жавобгар ҳисобланадилар.

Танловга тақдим этиладиган лойиҳани амалга ошириш учун сўралаётган умумий молиялаштириш ҳажмини (5-шакл) ҳисоблашда Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ушбу ҳаволага жойлаштирилган ҳисоб-китоб шаклидан фойдаланиш тавсия этилади: http://grant.mininnovation.uz/site/example-docs .

Эслатма: Танловга тақдим этилган лойиҳаларнинг кўриб чиқиш натижалари тўғрисидаги маълумотлар grant.mininnovation.uz электрон платформасининг “Танловлар натижаларни аниқлаш бўйича интерфаол хизмат” саҳифаси, шунингдек www.mininnovation.uz веб-сайтидаги “Танловлар” рукнининг “Танлов натижалари” интерактив хизмати орқали тақдим этиб борилади.

Илмий лойиҳаларни grant.mininnovation.uz электрон платформасининг “Танловга илмий лойиҳа тақдим этиш” саҳифаси орқали электрон рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ техник масалалар бўйича Инновацион ривожланиш вазирлигининг техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш хизмати: +998-71-203-32-32.