Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазирлиги олимларга хорижий илмий нашрларда мақола чоп этишга ёрдам беради

 

2019 йил 12-14 июнь кунлари Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида жаҳоннинг етакчи ўқув ва илмий ресурсларини тақдим этувчи Springer Nature компаниясининг Ғарбий Европа,Туркия ва Марказий Осиё давлатлари маслаҳат кенгаши семинар-мажлиси бўлиб ўтди. Унда Инновацион ривожланиш вазирлиги масъул ходимлари Шуҳрат Отажонов ва Бахтинур Худанов иштирок этдилар.

2019 йил май ойидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Springer Nature компанияси ҳамкорлигида Ўзбекистондаги 260 дан ортиқ ОТМ, ИТМ, вазирлик ва идораларга компания илмий журналларидан 3 ой давомида бепул фойдаланиш имконияти яратилган.

Будапештда ўтказилган мазкур семинарда компания томонидан яратилаётган инновацион маҳсулотлар, дунё олимлари учун фойдаланиши қулай бўлган электрон платформалар, очиқ фойдаланишдаги ресурслар (Open Access resources), ривожланаётган давлатлар учун яратилаётган имкониятлар ҳақида батафсил муҳокама бўлиб ўтди. Эътиборлиси, мазкур семинарда сунъий интеллект томонидан яратилган – Lithium Ion Batteries номли монография ҳам тақдим қилинди. Сунъий интеллектнинг турли ҳил мавзуларда мавжуд илмий адабиётларни тўплаш, таҳлил қилиш ва тизимли равишда монография шаклига келтириш бўйича олиб борилаётган амалий ишлар, унинг келажакдаги инсоният учун яратадиган қулайликлар кенг муҳокама қилинди.

Ўз навбатида вазирлик вакиллари семинар қатнашувчиларига Ўзбекистонда илм-фан ва инновация соҳасида олиб борилаётган давлат сиёсати, олимлар учун яратилаётган имкониятлар ҳақида маълумот бердилар. Жумладан, Давлат илмий-техника дастурлари доирасида илмий лойиҳаларни молиялаштириш, ёш олимларни хорижда ўқитиш ва малакасини ошириш ишлари тизимли равишда амалга оширилаётгани, хорижий давлатлар билан илм-фан ва инновациялар соҳасида ҳамкорлик ўрнатилгани ҳақида сўзлаб бердилар

Мазкур ташриф давомида вазирлик мутасаддилари компания вице президенти Асда Котани билан Ўзбекистонда олиб борилаётган илмий изланишларнинг дунё ҳамжамиятига танитиш, олимларнинг илмий мақолаларини нуфузли илмий журналларда инглиз тилида чоп этилишига амалий кўмаклашишни ташкил этиш мақсадида Springer Nature компаниясига тегишли бўлган AJE (American Journal Experts) компанияси ҳамкорлигида мақолаларни таҳрир қилиш (Proofreading service) хизматини ташкил қилиш бўйича келишиб олинди. Эндиликда юқори сифатли илмий иш бажарган ва илмий мақоласини инглиз тилида нашр этишга тайёрлаган олимлар учун Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан амалий ёрдам кўрсатилиши ва ўрнатилган тартибда молиявий харажатлари тўлаб берилиши мумкин бўлади.