Янгиликлар

UNICA ташкилоти вакиллари билан Ўзбекистонда докторантура тизимини ривожлантириш масаласи муҳокама этилди


Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Европа пойтахтлари университет тармоқлари (UNICA) ташкилотининг бош котиби Крис Дежонкере бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Учрашувда делегация аъзоларидан Загреб Университети профессори Мелита Ковачевич ҳамда UNICA лойиҳаси раҳбари Аурели Дюшато, Инновацион ривожланиш вазирининг юқори мартабали маслаҳатчиси Карстен Хайнц, бошқарма бошлиқлари ва бошқа масъуллар иштирок этдилар.

Учрашувда Ўзбекистонда олий таълим бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш ва олий таълим соҳасидаги миллий сиёсатимизнинг ҳолатини ўрганишга қаратилган “Ўзбекистонда докторлик таълими сифатини ошириш — UzDOC 2.0” халқаро лойиҳасининг натижалари муҳокама этилди. UZDOC 2.0 лойиҳасининг асосий мақсадлари ­ — Ўзбекистон ОТМларидаги докторантура таълими салоҳиятини Европа олий таълим кенглигига ҳамоҳанг равишда ривожлантириш, докторантура таълимининг сифатини миллий стандартларга мувофиқ такомиллаштириш, докторантура таълимида ислоҳотларни амалга ошириш доирасида профессор-ўқитувчилар ва илмий ходимларнинг малакасини оширишдан иборат. Шунингдек, лойиҳа докторантурада тайёрланаётган кадрларни ишлаб чиқариш (иш бурувчи) талабаларига мос равишда кўникмаларга эга бўлишида ҳамда ишлаб чиқариш ва ОТМ ўртасида ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашади.

Ўз навбатида Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов бугунги кунда ўқитишнинг замонавий, интерактив ва ижодий услубларини жорий этиш орқали илм-фанни тарғиб қилиш борасида қатор ишлар амалга оширилаётгани ҳақида сўзлади. Олий ўқув юртидан кейинги таълимни бошқаришнинг электрон тизими яратилгани тўғрисида гапираркан, докторантурага ҳужжатларни топшириш, рўйхатга олиш электрон тизимини жорий қилиш, докторантларнинг шахсий режасини бажарилишини мониторинг қилиш имконини берувчи автоматлаштирилган махсус дастурий таъминот ишга туширилганини таъкидлади.

— Ушбу дастур олий ўқув юртидан кейинги таълимга қабул механизмини такомиллаштириш, шаффофликни таъминлаш, ортиқча қоғоз сарфланишига чек қўйиш, квоталар шакллантириш жараёнини электрон шаклга ўтказиш имконини берди, ­ — деди И. Абдураҳмонов.

Крис Дежонкере UZDOC 2.0 лойиҳаси жорий йилнинг октябрь ойида якунига етганидан сўнг, унинг натижалари таҳлил қилиниб, докторантура соҳасидаги кейинги лойиҳаларда ҳамкорлик қилиш таклифини берди. Вазир Европа пойтахтлари университет тармоқлари (UNICA) ташкилоти билан алоқаларни мустаҳкамлашга ҳамиша тайёр эканини билдирди.