Янгиликлар

Илмий-техник лойиҳаларни грант асосида молиялаштириш тизими истиқболлари

 

Ўзбекистон — Марказий Осиёдаги энг йирик илм-фан марказларидан бири. Юртимизнинг бу борадаги салоҳияти, моддий-техник имкониятлари ҳамда малакали кадрларига ҳавас қилса арзийди.

Ҳозирги кунда мамлакатимизда 90 нафар академик, 2291 нафари фан доктори, 7891 нафар фан номзоди (PhD) илмий-тадқиқот ишлари билан шуғулланади.

Республикамизнинг илм-фан сектори 360 дан ортиқ академик, олий таълим ва тармоқ муассасаларидан иборат. Фанлар академияси илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш ва амалга ошириш бўйича етакчи марказий ташкилотдир.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, илм-фан соҳаси олдидаги муҳим вазифа — миллий иқтисодиётимизни технологик ва инновацион жиҳатдан модернизациялаш жараёнларини тўла-тўкис таъминловчи, самарали ва рақобатбардош тадқиқот ва ишланмаларни шакллантиришдир.

Маълумки, республикамизда 2006 йилдан бошлаб илмий ва инновацион лойиҳаларни танлов асосида грант тизими орқали молиялаштириш механизми қўлланилмоқда. Ушбу тизим йирик илмий-техник дастурлар ва инновацион лойиҳаларга мавжуд интеллектуал ҳамда моддий ресурсларни жамлаш учун кенг имконият яратиб беради. Шундай бўлса-да, ҳозир мавжуд салоҳиятдан тўлиқ фойдаланилмаяпти.

Хусусан, 2018 — 2020 йиллар учун мўлжалланган амалий ва инновацион дастурлар доирасида аниқ илмий-техник натижалар олишга имкон бермайдиган, мавзу йўналиши якуний маҳсулотга йўналтирилмаган жами 27 млрд. сўмлик 150 та илмий лойиҳа бажариляпти.

Бугунги кунда деярли барча йирик саноат корхоналари фақат жорий этишга тайёр инновацион ишланмаларга қизиқиш билдирмоқда. Бироқ, инновацион ишланмаларни саноат шароитида синаш, саноат-тажриба қурилмаларини яратишга кам эътибор қаратилмоқда.

Юқорида санаб ўтилган муаммоларни ҳал этиш борасида Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан давлат илмий-техник лойиҳаларини шакллантириш ва мониторинг қилишнинг самарали тизими ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилмоқда.

Хусусан, илмий-техник лойиҳаларни грант асосида молиялаштиришнинг янги тизими бир қатор афзалликларга эга. Эндиликда ишлаб чиқариш тармоқлари билан ҳамкорликда, уларнинг эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда грантлар мавзуларини шакллантириш тизими жорий этилди. Бунинг учун илмий-техник лойиҳалар танлови мунтазам равишда эълон қилиб борилади ва мавзуни молиялаштириш ҳажми аввалдан белгиланади. Қолаверса, танловда камида иккита лойиҳа иштирок эта олади.

Танлов учун мавзуларни шакллантириш жараёни вазирликнинг Илм-фан ва илмий-техник тадқиқотларни ривожлантириш бошқармаси томонидан мувофиқлаштирилади. Бу жараёнда илмий-техник кенгашлар аралашувига йўл қўйилмайди. Улар эълон қилинган мавзулар бўйича ўз эътирозларини бериш ҳуқуқига эга.

Танлов шартларида кутилаётган натижалар ва йиллик молиялаштириш ҳажми аниқ кўрсатилгани ижрочилар учун лойиҳа тузиш жараёнида муҳим бошланғич маълумот бўлиб хизмат қилади. Қолаверса, илгари молиялаштириш ҳажми етарли бўлмагани сабабли юқори натижага эришилмаган. Эндиликда эса ажратилаётган маблағлар тадқиқотчилар маошидан ташқари, ижрочи-ташкилотнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга ҳам етади.

Танловни ташкил этиш ва ўтказиш механизми мукаммаллиги лойиҳаларни саралаш жараёни шаффофлигини таъминлайди. Вазирлик лойиҳаларнинг танлов асосида саралаб олинишини ташкил этаркан, уларни қабул қилиш, ўрганиш ва қарор чиқариш занжирининг ҳар бир босқичи ўзаро боғланмаган ва бир-бирига таъсир кўрсата олмайдиган мустақил жараёнлардан иборат бўлишини таъминлади.

Танловга тақдим этилган лойиҳалар аввал электрон шаклда www.fan-portal.uz сайтида рўйхатга олинади. Лойиҳаларнинг қоғоз шакли лойиҳа раҳбари иштирокисиз илмий-тадқиқот институтларининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича директор ўринбосарлари, олий таълим муассасаларининг илм-фан ва инновациялар бўйича проректорлари орқали қабул қилинади. Бу жараён Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги Инновацияларни жорий этиш илмий-амалий маркази ходимларидан иборат махсус ишчи гуруҳ томонидан амалга оширилади.

Илмий-техник экспертизанинг кейинги босқичи юқори малакали олимлар, профессорлар ва академиклардан иборат Илмий-техник кенгашлар томонидан амалга оширилади. Вазирлик ходимларининг мазкур кенгашлар фаолиятида иштирок этиши ва аралашувига йўл қўйилмайди.

Таъкидлаш жоизки, тематик танловларда иккитадан ортиқ лойиҳалар мавжуд бўлгандагина, Илмий-техник кенгашларга муҳокама учун тақдим этилади. Бунда молиялаштиришга фақат битта лойиҳа тавсия этилиши мумкин. Муқобиллари мавжуд бўлмаган тақдирда яна икки мартагача танлов эълон қилинади. Шунда ҳам бошқа муқобил лойиҳа келиб тушмаган тақдирда, ушбу лойиҳа муҳокамалар орқали кўриб чиқилади.

Кейинги босқичда илмий-техник кенгашлар хулосалари вазир аппаратига тақдим этилади, аппарат ўз навбатида хулосаларни вазирлик Коллегиясига киритади. Коллегия Илмий-техник кенгашлар раислари иштирокида молиялаштирилишга тавсия этилган лойиҳаларни кўриб чиқади. Коллегия ва илмий-техник кенгаш аъзоларининг муайян лойиҳа бўйича фикрлари бир-биридан тубдан фарқ қилган ва томонлар ўз фикрида қатъий турган ҳолатларда лойиҳалар вазирликнинг Жамоатчилик кенгашида муҳокама қилиш учун тақдим этилади.

ундай қилиб, биринчидан, экспертизанинг ҳар бир босқичи мустақиллиги таъминланади. Иккинчидан, мустақил илмий-техник кенгашларнинг лойиҳаларни танлаб олишда ваколатлари кенгайган, коллегия йиғилишида ҳар бир лойиҳа бўйича қарор муҳокама қилиниши орқали шаффофликка эришилиб, илмий-техник кенгашлар раислари масъулияти оширилган.

Илмий-техник лойиҳаларни экспертизадан ўтказилишини мониторинг қилиш учун Инновацион ривожланиш вазирлиги қошида илм-фан ва технологияларни ривожлантиришнинг муҳим йўналишлари бўйича 16 та ва стартап лойиҳалар бўйича битта илмий-техник кенгаш ташкил этилган. Тематик грантлар ва стартап лойиҳалар доирасида 2019 йилда ўтказилган танловлар натижасига кўра, бугунги кунда 97 та илмий-техник ва стартап лойиҳа амалга оширилмоқда. 2019 йилдаги умумий молиялаштириш ҳажми 50,9 млрд. сўмни ташкил этади.

Илмий-техник дастурлар ва стартап лойиҳалар бажарилишида республикамизнинг 72 ташкилоти иштирок этмоқда.

Ушбу амалий саъй-ҳаракатлар юртимизнинг юқори инновацион имкониятларга эга давлатлар қаторига қўшилишига имкон яратади.

 

Шуҳрат ОТАЖОНОВ,

Инновацион ривожланиш вазирлиги

Фан ва илмий-техник тадқиқотларни

ривожлантириш бошқармаси бошлиғи.

("Халқ сўзи" газетасининг 2019 йил 6 июль 138-сони)