Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Хитой Қишлоқ хўжалиги фанлари академияси ҳамкорлик алоқаларини ўрнатди

 

Инновацион ривожланиш вазирлигида Хитой Қишлоқ хўжалиги фанлари академияси делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди. Вазирликнинг инновацион фаолият соҳасида халқаро ҳамкорлар билан муносабатларни ўрнатиш ва мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар доирасида Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Шароф Ражаббоев Хитой Қишлоқ хўжалиги фанлари академияси раҳбари проф. Zhang Hecheng бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

 

Музокаралар чоғида турли хил экинларни (буғдой, пахта, мойли экинлар, сабзавот ва мевалар) етиштириш бўйича ҳамкорликда илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Музокаралар натижасида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Хитой Халқ Республикаси Қишлоқ хўжалиги фанлари академияси ўртасида англашув меморандуми имзоланди.

 

Таъкидлаш жоизки, ХХР Қишлоқ хўжалиги фанлари академияси 1957 йилда ташкил этилган бўлиб, қишлоқ хўжалиги ва техникаси соҳасидаги етакчи миллий илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади. Тизим 42 та тадқиқот институтларини ҳамда нашриёт уйини ўзида бирлаштирган. Академияда 5 мингдан ошиқ ходимлар фаолият юритади, уларда 11 нафари Хитой фанлар академияси ва Хитой муҳандислар академияси академикларидир. Шунингдек академияда 4 минг талаба таълим олади, 68 та илмий-техник журналлар нашр этилади.