Contests

Илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси талабларига мувофиқ республика ҳудудларидаги мавжуд муаммоларнинг илмий ечимини таъминлашга қаратилган амалий ҳамда инновацион лойиҳалар танловининг 39-турини эълон қилинади

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги илмий-тадқиқот ишларига давлат  буюртмаси талабларига мувофиқ республика ҳудудларидаги мавжуд муаммоларнинг илмий ечимини таъминлашга қаратилган илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида бажариладиган амалий ҳамда инновацион лойиҳалар танловини қуйидаги вилоятлар (ҳудудлар) кесимида фан йўналишлари бўйича эълон қилади:

 

 

Тошкент вилояти;

Қорақалпоғистон Республикаси;

Хоразм вилояти;

Бухоро вилояти;

Жиззах вилояти;

Сурхондарё вилояти;

Навоий вилояти;

Фарғона вилояти.

Мазкур танлов Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятни ривожлантиришнинг норматив-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 9 мартдаги 133-сон қарори билан тасдиқланган “Илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси тўғрисидаги низом”да белгиланган талабларга мувофиқ ўтказилади.

Танлов шартлари.

Танловга тақдим этиладиган илмий лойиҳалар grant.mininnovation.uz электрон платформасининг “Танловга илмий лойиҳа тақдим этиш” саҳифаси орқали 2021 йилнинг 15 мартига қадар фақат электрон шаклда қабул қилинади.

Танловда фақат танлов йўналишиларида рўйҳати келтирилган вилоятларда (ҳудудларда) фаолият кўрсатаётган илмий ташкилотлар, олий таълим муассасалари ва илмий/инновацион фаолият субъектлари иштирок этишлари (лойиҳа тақдим этишлари) мумкин.

Бунда қуйидаги ҳужжатлар асл нусхаларининг pdf/doc шакли электрон платформага юкланиши лозим:

  • ижрочи ташкилотнинг раҳбари томонидан имзоланган йўлланма ҳат (.pdf);
  • ижрочи ташкилотнинг илмий (илмий-техник) кенгаши қароридан кўчирма (.pdf);
  • амалий ёки инновацион лойиҳа матни (имзо ва муҳр қўйилган ҳолда, .pdf ва .doc/.docx).

Тақдим этилган лойиҳалар танлов талабларига қатъий риоя қилинганлиги, лойиҳа материалларининг ишончлилиги ва ҳаққонийлиги, кўчирмачиликка (плагиатга) йўл қўйилмаганлиги, талаблар асосида шакллантирилганлиги, шунингдек лойиҳа якунида қўлга киритиладиган муҳим илмий натижаларнинг тадқиқот дизайнига мувофиқ тўлиқ асосланганлиги ва сўралган маблағларнинг танлов шартларида келтирилган молиялаштириш ҳажмига мувофиқ тўғри ҳисоб-китоб қилинганлиги бўйича дастлабки техник экспертизадан ўтказилади.

Дастлабки техник экспертизадан ўтмаган лойиҳалар танловнинг кейинги босқичига тавсия этилмайди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 18 июлдаги ПҚ-3855-сон қарорига мувофиқ, илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида бажарилган амалий ва инновацион тадқиқотлар натижалари улар якунланганидан сўнг тўлиқ тижоратлаштирилиши шарт.

Тақдим этилган лойиҳалардаги маълумотларнинг ҳаққонийлиги ва ишончлилиги ҳамда танлов ғолиблари томонидан илмий-техник лойиҳаларнинг натижадорлиги, тижоратлаштириш даражаси, танлов дастурлари вазифаларида белгиланган, кутилаётган натижаларни тўла ва ўз вақтида сифатли бажарилишига илмий лойиҳа раҳбарлари, илмий лойиҳани бажарувчи ташкилот раҳбарлари ва тегишли юқори турувчи ташкилотларнинг масъул ходимлари жавобгар ҳисобланадилар.

Эслатма: Танловга тақдим этилган лойиҳаларнинг кўриб чиқиш натижалари тўғрисидаги маълумотлар grant.mininnovation.uz электрон платформасининг “Танловлар натижаларни аниқлаш бўйича интерфаол хизмат” саҳифаси, шунингдек www.mininnovation.uz веб-сайтидаги “Танловлар” рукнининг “Танлов натижалари” интерактив хизмати орқали тақдим этиб борилади.

Илмий лойиҳаларни grant.mininnovation.uz электрон платформасининг “Танловга илмий лойиҳа тақдим этиш” саҳифаси орқали электрон рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ техник масалалар бўйича Инновацион ривожланиш вазирлигининг техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш хизмати: +998-71-203-32-32, +998-94-296-07-70