Contests

Илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида амалий ҳамда инновацион лойиҳалар танловининг 32-тури эълон қилинади

Илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида амалий ҳамда инновацион лойиҳалар танловининг 32-тури эълон қилинади

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида касалликларни даволашнинг янги самарадор усуллари ва технологияларини яратишга, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини оширишга, тиббий хизмат сифати ва аҳоли саломатлиги кўрсаткичларини оширишга тўсқинлик қилаётган муайян муаммолар ечимини таъминлашга қаратилган илмий лойиҳаларни шакллантириш ва молиялаштиришга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.

Шу мақсадда, илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси талабларига мувофиқ илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида инновацион ҳамда амалий лойиҳалар танловининг “Тиббиёт фанлари” йўналиши бўйича 32-тури эълон қилинади.

Мазкур танлов Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятни ривожлантиришнинг норматив-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 9 мартдаги 133-сон қарорида белгиланган талабларга мувофиқ ўтказилади.

Танлов мавзулари

Танлов шартлари.

Коронавирус пандемияси сабабли республикамизда эълон қилинган карантин шароитида лойиҳалар www.fan-portal.uz веб-саҳифаси орқали 2020 йилнинг 31 октябрига қадар фақат электрон шаклда қабул қилинади.

Бунда қуйидаги ҳужжатларнинг асл нусхалари сканердан ўтказилиб, pdf шаклида www.fan-portal.uz веб-саҳифасига юкланиши лозим:

  • ижрочи ташкилот томонидан имзоланган йўлланма хати;
  • ижрочи ташкилотнинг илмий (илмий-техник) кенгаши қароридан кўчирма;
  • амалий ёки инновацион лойиҳа матни (имзо ва муҳр қўйилган ҳолда).

Лойиҳа матни А4 форматдаги стандарт қоғоз варағининг икки томонида жойлашиши ва қоида тариқасида 1,15 қатор оралиғида ёзилиши лозим. Ҳар бир бет юқоридан ва пастдан 2 см; чапдан 3 см; ўнгдан 1,5 см ҳошияга эга; хатбоши 1,27 см га тенг ва бир хилда бўлиши лозим.

Матнни тайёрлашда “Тimеs Nеw Rоmаn” 12 ўлчамли шрифтда “Мiсrоsоft Wоrd” матн редакторидан фойдаланиш тавсия қилинади.

Бетлар титуль варағидан бошлаб охирги вараққача изчил кетма-кетликда рақамланади. Бетнинг тартиб рақами варақнинг пастки ўнг бурчагида 2 рақамидан бошлаб ёзилади. Титуль варағига 1 рақами қўйилмайди.

Лойиҳанинг ҳар бир талаб қилинган ҳужжати ва бошқа таркибий қисмлари янги бетдан расмийлаштирилади.

Лойиҳа раҳбари ва иштирокчиларининг мезонларда талаб қилинган илмий ишлар рўйхати (охирги 3 йил давомидаги нашрлар қуйидаги хронологик тартибда келтирилиб, изчил кетма-кетликда рақамланади: монография; патент; илмий мақола; илмий тўпламлар ва бошқа нашр ишлари) 3.4-шаклга қатъий риоя қилинган ҳолда расмийлаштирилади ва муаллиф, илмий котиб томонидан имзоланиб, ташкилот муҳри билан тасдиқланади.

Тақдим этилган лойиҳалар танлов талабларига қатъий риоя қилинганлиги, лойиҳа материалларининг ишончлилиги ва ҳаққонийлиги, кўчирмачиликка (плагиат) йўл қўйилмаганлиги, талаблар асосида шакллантирилганлиги бўйича дастлабки техник экспертизадан ўтказилади.

Дастлабки техник экспертизадан ўтмаган лойиҳалар танловнинг кейинги босқичига тавсия этилмайди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 18 июлдаги ПҚ-3855-сон қарорига мувофиқ, илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида бажарилган амалий ва инновацион тадқиқотлар натижалари улар якунланганидан сўнг тўлиқ тижоратлаштирилиши шарт.

Тақдим этилган лойиҳалардаги маълумотларнинг ҳаққонийлиги ва ишончлилиги ҳамда танлов ғолиблари томонидан илмий-техник лойиҳаларнинг натижадорлиги, тижоратлаштириш даражаси, танлов дастурлари вазифаларида белгиланган, кутилаётган натижаларни тўла ва ўз вақтида сифатли бажарилишига илмий лойиҳа раҳбарлари, илмий лойиҳани бажарувчи ташкилот раҳбарлари ва тегишли юқори турувчи ташкилотларнинг масъул ходимлари жавобгар ҳисобланадилар.

Эслатма: Танловга тақдим этилган лойиҳаларнинг натижалари тўғрисидаги маълумот www.mininnovation.uz веб-сайтида “Танловлар” рукнининг “Танлов натижалари” интерактив хизмати орқали тақдим этиб борилади. www.fan-portal.uz веб-портали орқали электрон рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ техник масалалар бўйича Инновацион ривожланиш вазирлигининг қўллаб-қувватлаш хизмати: (71) 203-32-23 (620, 621), (90) 993-99-32 – Ахборот технологияларини жорий этиш бўлими.