Уруғчиликни ривожлантириш маркази

ГУЛЯЕВ РИНАТ АМИРОВИЧ

Директор

Тел.: +998 71 262-53-72, Факс: +998 71 262-57-28,

E-mail: direktor@urugmarkaz.uz

Ташкил этилиши

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 17 апрелдаги ПФ-5418-сонли Фармони ҳамда 2018 йил 27 апрелдаги ПҚ-3683-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ғўза уруғчилиги республика маркази ва Бошоқли дон экинлари республика маркази негизида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш ҳузурида “Уруғчиликни ривожлантириш маркази” ДУК ташкил этилди.

 

Уруғчилик соҳасига оид ҳужжатлар қайта кўриб чиқилди

Ўзбекистон Республикасида уруғчилик соҳасига тааллуқли барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни инвентаризациядан ўтказилди. Ўзбекистон Республикасининг “Уруғчилик тўғрисида”ги қонунига тегишли ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифлар тайёрланиб, Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилди ва 2018 йил 13 декабр куни Олий Мажлис Сенатининг 17-ялпи мажлисида қабул қилинди.

 

Уруғ етиштириш ишлари

Жорий йилда қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларини етиштириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, 2018 йил ҳосилидан республика бўйича жами 176 минг тонна уруғлик пахта жамғарилиб, пахта тозалаш корхоналарида стандарт талабларига риоя қилган ҳолда сақланмоқда.

Шунингдек, 2019 йил бошоқли дон экинлари ҳосили учун 283 минг тонна уруғлик ғалла тайёрланиб, оптимал муддатларда экиш ишлари якунланди.

 

Уруғчилик кластерлари

Республикада қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларини етиштиришнинг замонавий механизмини шакллантириш мақсадида уруғчилик кластерларини ташкил этиш бўйича қатор ишлар амалга оширилди.

Жумладан,Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 12-13 июнь кунлари Фарғона вилоятига ташрифи якуни бўйича ўтказилган йиғилиш Баёнида Фарғона вилоятида “Қўқон-кластер” уруғчилик кластерини ташкил этиш ва ушбу тажрибадан келиб чиқиб, Бухоро, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларини тайёрлаш бўйича уруғчилик кластерларини ташкил этиш белгиланган.

 

Уруғчилик корхоналари инвентаризацияси

“Ўзпахтасаноат” АЖ ва “Ўздонмаҳсулот” АКнинг уруғчилик корхоналарини инвентаризациядан ўтказиш ишлари олиб борилмоқда. Бугунги кунгача “Ўзпахтасаноат” АЖ тизимидаги уруғлик чигит тайёрлаш цехлари тўлиқ инвентаризациядан ўтказилиб, тегишли қарор лойиҳаси тайёрланган ва Вазирлар Маҳкамасига киритилган.

Уруғчилик соҳасида фаолият кўрсатаётган ташкилотларнинг ваколатлари белгилаб берилди ва уларнинг тузилмаси ташкил этилди. Пахтачилик ва ғаллачилик соҳасида ташкилий ва бошқарув тизими такомиллаштирилиб, моддий-техника базаси мустаҳкамланди, селекционер-олим ва мутахассисларни рағбатлантириш механизми жорий этилди.

 

Элита уруғчилиги

Республикада махсус элита уруғчилиги хўжаликларининг фаолияти йўлга қўйилди. “Ўзпахтасаноат” АЖ қошида 34 та уруғлик чигит тайёрлаш цехлари ташкил этилиб, замонавий ускуналар билан жиҳозланди.

“Ўздонмахсулот” компанияси тизими корхоналари таркибида 67 та уруғлик тайёрлаш цехлари ташкил этилиб, шундан 44 таси Германия давлатининг “Петкус” компаниясининг замонавий дастгоҳлари билан жиҳозланди. Натижада, бошоқли дон экинларининг юқори авлодли (супер элита, элита, биринчи авлодли) уруғликлари билан тўлиқ ҳажмда таъминлашга эришилди.

 

Янги навлар

Сўнгги йилларда республикада ғўзанинг 27 та, кузги юмшоқ буғдойнинг 36 та (шу жумладан 16 та хорижий), кузги қаттиқ буғдойнинг 3 та (1 та хорижий), баҳорги буғдойнинг 1 та, кузги арпанинг 9 та (4та хорижий), сулининг 7 та, тритикаленинг 3 та, маккажўхорининг 43 та (41 та хорижий), жўхорининг 3 та (1та хорижий), шолининг 8 та, дуккакли дон экинларидан нўхатнинг 6 та, мошнинг 6 та, кўк нўхатнинг 2 та, ясмиқнинг 3 та ва соянинг 12 та (3 та хорижий) навлари яратилиб, Давлат реестрига киритилди.

Элита ва кейинги авлодли уруғлик етиштирувчи ва қайта ишловчи субъектларда ғўза навлари сифат кўрсаткичларини яхшилаш ва чигит экиш меъёрларини камайтириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар натижасида уруғлик чигитнинг умумий сарфи 1997 йилда 180 минг тоннадан 2018 йилда 73 минг тоннага (-107 минг тн), ўртача бир гектарга сарфи эса 1997 йилда 123 килограммдан 2018 йилда 61 килограммгача ёки икки баробарга камайтиришга эришилди.

 

Селекция ишлари

Селекция ишларида бирламчи манбалар сифатида фойдаланиладиган ўсимликларнинг нав намуналари коллекциялари бойитилди. Илмий тадқиқот институтларининг генофондларида ғўзанинг 21300 та, буғдойнинг 15378 та, арпанинг 2023 та, шолининг 2200 та, маккажўхорининг 3582 та, оқ жўхорининг 1127 та, тритикаленинг 453 та, рапснинг 10 та, маржумакнинг 40 та, сулининг 94 та, мошнинг 678 та, соянинг 948 та, нўхатнинг 1193 та, кўк нўхатнинг 102 та, ловиянинг 60 та, кунгабоқарнинг 62 та, ер ёнғоқнинг 1415 та, махсарнинг 418 та, кунжутнинг 1437 та, зиғирнинг 671 та, виканинг 8 та, беданинг 6000 та нав намуналари сақланмоқда.