Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси


Охунов Бунёджон Ашурматович

Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ижрочи директори

+998 (95) 177-44-01

b.ohunov@mininnovation.uz

Жамғарма фаолиятининг асосий йўналишлари:

  • илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларида мамлакатда илм-фан ва технологияларнинг жадал ривожланишини таъминлашга, инновацион маҳсулотларни чиқаришни ўзлаштиришга йўналтирилган илғор илмий тадқиқот ва изланиш ишларини олиб бориш учун танлов асосида мутлақо янги ва замонавий юқори технологик асбоб-ускуналар билан жиҳозланган илмий лабораториялар ташкил этиш бўйича тадбирларни молиялаштириш;
  • маҳаллий инновацион ишланмалар ва технологияларни трансфер қилиш мақсадида давлат илмий-техника дастурлари доирасида яратилган интеллектуал мулк ҳуқуқини (патентларни) баҳолаш, шунингдек, хорижда рўйхатдан ўтказиш ва кўллаб-қувватлаш харажатларини қоплаш;
  • давлат илмий-техника дастурларини амалга оширишда иштирок этувчи илмий ва олий таълим муассасаларининг илмий лабораторияларини замонавий илмий асбоб-ускуналар билан қўшимча жиҳозлаш ҳамда зарур сарфлаш материаллари ва бутловчи қисмлар билан узлуксиз таъминлаш бўйича тадбирларни молиялаштириш;
  • илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг етакчи электрон илмий маълумотлар базаларидан эркин фойдаланишини таъминлаш, шунингдек, халқаро нашрларда илмий натижаларни чоп этишга тайёрлаш бўйича харажатларни қоплаш;
  • ёш олимларнинг етакчи хорижий илмий ташкилотларда (марказлар, университетлар ва бошқалар), шу жумладан илмий лабораторияларни жиҳозлаш учун сотиб олинадиган юқори технологик асбоб-ускуналарда ишлаш методикасини ўзлаштириши учун қисқа муддатли илмий стажировкаларини молиялаштириш;
  • технологияларни трансфер қилиш соҳасида тадқиқотлар ўтказиш, қонунчиликни бирхиллаштириш ва уйғунлаштириш, шунингдек, Вазирликка юклатилган вазифа ва функцияларни самарали бажариш учун тузилган шартномалар (контрактлар) асосида жалб қилинган хорижий юқори малакали олим ва мутахассисларнинг харажатларини (меҳнатга ҳақ тўлаш, транспорт харажатлари ва бошқалар) молиялаштириш;
  • Вазирлик ва Жамғарма ижро этувчи дирекцияси ходимларини моддий рағбатлантириш ва моддий-техник таъминлаш;
  • Вазирлик Илмий-техник ахборот маркази, нашриёти, шунингдек, Вазирлик қарори билан ташкил этиладиган илмий кадрлар тайёрлаш ва ходимлар малакасини ошириш бўйича идоравий илмий ҳамда ўқув марказлари, маслаҳат ва ахборот марказлари, илмий лабораторияларнинг хўжалик фаолиятидан тушган даромадларини ҳисобга олган ҳолда уларни молиялаштириш ва моддий-техник таъминлаш;
  • Вазирликка юклатилган вазифа ва функцияларга мувофиқ амалга ошириладиган бошқа тадбирларни, шу жумладан инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларнинг ҳар йиллик ярмаркаларини ташкил этиш ва ўтказишни молиялаштириш.

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йилдаги тегишли Фармони ва қарори билан Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди ҳамда унинг Низоми тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 ноябрдаги ПФ-5264-сон Фармони ҳамда 2017 йил 30 ноябрдаги ПҚ-3416-сон қарори билан белгиланган топшириқларни сўзсиз ва ўз вақтида бажариш мақсадида Вазирлик ва Жамғарма Ижро этувчи дирекцияси томонидан қуйидаги чоралар амалга оширилди.

Биринчидан, Жамғарма Кузатув кенгашининг тегишли қарорлари билан Жамғарманинг фаолияти тўлиқ йўлга қўйилди, шунингдек унинг 2018 йилги даромадлари ва харажатлари прогноз параметрлари ҳамда лойиҳалар бўйича танловлар ўтказиш ва жамғарма маблағларидан фойдаланиш механизмини тартибга солувчи меъёрий ҳужжатлар тасдиқланди.

Жамғарманинг 2018 йилги даромадлари 10,0 млн. АҚШ доллари миқдорида тўлиқ шакллантирилди.

Иккинчидан, Жамғарманинг 2018 йилги даромадлари ва харажатлари прогноз параметрларида ёш олимларнинг қисқа муддатли илмий стажировкаларини молиялаштиришга 200,0 минг АҚШ доллари режалаштирилган.

2018 йили ёш олимларнинг қисқа муддатли илмий стажировкаларини ташкил этиш мақсадида уч маротаба танлов ўтказилди. Ҳозирги кунга қадар, йигирма тўққиз нафар ёш олимларнинг АҚШ, Хитой, Германия, Россия ва бошқа давлатлардаги етакчи илмий марказларидаги илмий стажировкалари молиялаштирилди.

Бундан ташқари, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш мухандислари институтининг тўрт нафар ёш олимларининг Лейбниц ўтиш даври иқтисодиёти мамлакатларида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш (Германия) илмий-тадқиқот институтидаги илмий стажировкалари молиялаштирилди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация марказининг олти нафар ёш олимларини Шўрланиш шароитида биодеҳқончилик халқаро марказига (ICBA БАА Дубай) ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Халқаро молекуляр аллергология марказининг олти нафар ёш олимларини Вена тиббиёт университетига (Австрия) илмий стажировкага юбориш билан боғлиқ харажатлар молиялаштирилади.

Учинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 ноябрдаги ПҚ-3365-сон қарори ижроси бўйича Фанлар академияси тасарруфидаги олтита илмий-тадқиқот муассасалари (Зоология институти, Астрономия институти, Биорганик кимё институти, Ион плазма ва лазер технологиялар институти, Ядро физикаси институти, Полимерлар кимёси ва физикаси институти) учун 173 турдаги 7,2 млн. АҚШ доллари миқдоридаги илмий лаборатория асбоб-ускуналари харид қилиниши кўзда тутилган.

Шундан, 3,3 млн. АҚШ доллари тўғридан-тўғри тузилган шартномалар ҳамда 3,9 млн. АҚШ доллари тендер савдолари орқали харид қилинади.

Бугунги кунга қадар илмий-тадқиқот муассасалари учун лаборатория асбоб-ускуналарини харид қилишга тўғридан тўғри шартномалар асосида 808,5 минг АҚШ доллари ўрнатилган тартибда 100 фоизли аккредитив орқали молиялаштирилди. Жумладан,

1. Фанлар академиясининг Ядро физикаси институти учун лаборатория асбоб-ускуналарини харид қилишга 499,5 минг АҚШ доллари молиялаштирилди. Шундан,

“Central Azia Trading LTD” (Буюк Британия) компанияси билан тузилган шартномага асосан “SPM -9700HT русумли зондли сканер микроскопи” учун 170,0 минг АҚШ долл.;

“Sunrise Development Corporation LP” (Буюк Британия) компанияси билан тузилган шартномага асосан “Стационарсиз сиғимли сектрометр” учун 84,5 минг АҚШ долл.;

“DistriTech” (Қозоғистон) компанияси билан тузилган шартномага асосан “Empyrean дифрактометри” учун 245,0 минг АҚШ долл.

2. Фанлар академиясининг Ион плазма ва лазер технологиялар институти учун лаборатория асбоб-ускуналарини харид қилишга 309,0 минг АҚШ доллари молиялаштирилди. Шундан,

“MCTrade Instruments LP” (Буюк Британия) компанияси билан тузилган шартномага асосан “SPM 785nm диодли огоҳлантирувчи лазер” ва “SER 850 SENresearch 4,0 серияли спектроскопик эллипсометр” учун 266,0 минг АҚШ долл.;

ООО “Авесто-Проект” (Россия) компанияси билан тузилган шартномага асосан “TEMA 100/1054 моделдаги фемтосекундли қаттиқ лазер” учун 43,0 минг АҚШ долл.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 августдаги ПҚ-3190-сон қарорига асосан Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази учун илмий асбоб-ускуналар ва ҳисоблаш техникаларини харид қилиш бўйича тузилган шартномаларга 65,3 минг АҚШ доллари йўналтирилди.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 2 августдаги 575-сон қарорига асосан Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтининг Формали кийим-бошни лойиҳалаштириш бўйича илмий лабораториясига 31 турдаги 344,2 минг АҚШ долларлик лаборатория асбоб-ускуналари
ва приборларини харид қилиш учун тендер савдолари эълон қилинган.

Тўртинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19-20 январь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида берган топшириқлари ва Қизириқ туманида кенгайтирилган мажлис баённомасига асосан Сурхондарё вилоятидаги ўрта мактабларга 100 дона Q-Box мосламалари харид қилинди (92,5 минг АҚШ долл.).

Бешинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорларига мувофиқ Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Халқаро молекуляр аллергология маркази учун:

  • республика аҳолисининг аллергик касалликларини аниқлаш учун “Macro Array Diagnostics GmbH” (Австрия) компанияси билан тузилган шартномага (80,0 минг ЕВРО) асосан ультра-замонавий биологик микрочиплар ва сканер харид қилинди;
  • аллерген ўсимликлар чанги тўпланишини кузатишни ва муайян ҳудудда аллергия паталогияси билан касалланган беморларни хабардор қилишни назарда тутадиган аэробиологик тизимини яратиш учун «Lanzoni S.R.L.» (Италия) компанияси билан VPPS 2010 сўнгги авлодининг экологик чанг қопқонлари хариди учун 18,2 минг ЕВРО миқдорида шартнома тузилган бўлиб, шартномага асосан 9,6 минг ЕВРО миқдоридаги чанг қопқонлари ва бутловчи қисмлари етказиб берилган ҳамда шартнома шартларига асосан тўлиқ молиялаштирилган.

Олтинчидан, вазирлик томонидан илмий-техникавий натижаларни тижоратлаштириш, аэробиологик мониторинг тизимини яратиш ҳамда нанотехнологиялар ва юқори технологик маҳсулотларни ишлаб чиқариш йўналишлари бўйича жалб қилинган хорижий юқори малакали олим
ва мутахассисларнинг харажатларини молиялаштиришга 32,3 минг АҚШ доллари йўналтирилди.

Еттинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил
7 майдаги ПҚ-3698-сон қарорига мувофиқ устувор инновацион, илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик, «стартап» лойиҳаларини ўз харажатларини ўзи қоплаш асосида молиялаштиришга 2018 йилда Жамғармага 50,0 млрд. сўм миқдорида бюджет маблағлари ажратилган.

Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида “Устувор инновацион, илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик, «стартап» лойиҳаларини ўз харажатларини ўзи қоплаш асосида молиялаштириш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланди ҳамда 2018 йилнинг 6 сентябридан 22 октябрига қадар лойиҳалар танлови эълон қилинган.

Белгиланган муддатда юридик ва жисмоний шахслардан жами 514,9 млрд. сўмга тенг 518 та лойиҳалар қабул қилинган. Лойиҳалар танлов натижаларига асосан белгиланган тартибда молиялаштирилади.

Саккизинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 24 майдаги ПҚ-2995-сон қарорига асосан Фанлар академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти фондига 117 турдаги жами 158,1 млн. сўмлик (20,1 минг АҚШ доллари) ноёб қўлёзма ва тарихий манбалар харид қилинди.

Тўққизинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 октябрдаги ПҚ-3975-сон қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази фаолиятини молиялаштиришга 438,4 млн. сўм маблағ йўналтирилди.

Ўнинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида 2018 йил 20 июль куни Фанлар академиясининг Ядро физикаси институтида ўтказилган мажлис баёнининг 17-бандига асосан Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар марказида юқори технологияли “стартап” компаниялари учун Инновацион стартап акселератор дастурини амалга ошириш билан боғлиқ харажатларга 190,4 млн. сўм маблағ йўналтирилди.

Ўн биринчидан, Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан жамғармага маблағлар жалб қилиш бўйича бир қанча халқаро молия институтлари ва уюшмалари (Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки ҳамда бошқа халқаро ҳамкорлик ташкилотлари)га хат юборилган ҳамда Жамғарма томонидан молилаштирилаётган лойиҳаларда ҳамкорлик юзасидан музокаралар олиб борилган.