Янгиликлар

Ўзбекистон – 2030: Олий таълим муассасалари келажагига назар


Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда ЎзЛиДеП ҳамкорлигида жорий йилнинг 14 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида “Ўзбекистон 2030: Олий таълим ва иқтисодиётнинг реал секторининг синергетик интеграцияси” мавзусида форсайт ташкил этилди. Унда олий таълим муассасалари ректорлари, инновация ва илмий ишлар бўйича проректорлар, бизнес сектори вакиллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси депутатлари, Вазирлар Маҳкамаси таълим ва илм-фан масалалари ахборот-таҳлил департаменти вакиллари, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги мутахассислари, “Buyuk Kelajak” халқаро нотижорат ташкилоти экспертлари ва талабалар иштирок этди.
Форумнинг биринчи қисми “Ўзбекистон таълим муассасалари ХХI аср технологик имкониятлари ва юзага келиши мумкин бўлган муаммоларга тайёрми?” мавзусидаги панель-учрашув шаклида ташкил этилди. Унда 300 нафардан ортиқ вакил иштирок этди.
Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов очиб берди ва мазкур тадбирнинг аҳамияти, бугунги кунда олий таълим муассасаларининг илмий салоҳияти борасида тўхталиб ўтди. Шунингдек, А.Абдувоҳидов Олий таълим тизимининг ҳозирги ҳолати ҳақида гапирар экан: “Шуни тан олиш лозимки, биз олий таълимда, илмий салоҳиятда дунёдан орқада қолдик. 70-90 фоиз ёшларимиз ўз соҳасини профессионал эгалламагани туфайли бозорда ўрнини топа олмаяпти. Бунинг ечими таълимнинг сифати, илмий салоҳиятини ривожлантиришдир”, деди.
Тадбирда Инновацион ривожланиш вазири биринчи ўринбосари в.б. Ш.Ражаббоев Форсайт катта вазифалар – тегишли қонунлар, қарорлар ишлаб чиқишимизга кўмак беришини алоҳида таъкидлаб ўтди. Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари У.Бегимқулов юртимиздаги олий ўқув юртларининг нуфузли халқаро рейтингларга киришини таъминлашга доир ишларни амалга ошириш кераклигини айтди.
– Бизнес кенгайгани сари янада сифатли, янада замонавий ахборот-технологияларни жорий этиш талаб этилади, – деди Korzinka.uz компанияси асосчиси Зафар Ҳошимов. – 15 мингга яқин маҳсулот сотиладиган супермаркетларимизга кунида 100-150 минг мижоз киради. Бу эса тизимни ҳар сония назорат қилиш зарурлигини кўрсатади. Шу боис янги ахборот тизимларини жорий этдик. Буни амалга ошириш учун эса мутахассислар керак. Бу йўлда юртимиздаги олий таълим муассасалари, жумладан, Инҳа ва Ўзбекистон Миллий университетлари билан ҳамкорлик ўрнатилди.
Шунингдек, Тошкент Халқаро Вестминстер университетининг ректори Комилжон Каримов сўзга чиқди ва олий таълим тизими муаммоларига тўхталиб ўтди. К.Каримовнинг фикрича, олий таълим муассасалари талабаларига креатив фикрлаш ва ёндашувни ўргатиш олий таълим ривожи учун муҳим аҳамиятга эга.
Сунъий интеллект маҳсулотларимизнинг харидоргирлигини аниқлашда ёрдам беради, дея таъкидлади "Coса-cola" компаниясининг Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон бўйича ҳудудий менежери Шадаб Хан. – Ишлаб чиқаришда 20 йил ичида ўзгарган нарса бу – ҳозирда бизнинг кўпроқ маълумотларга эга бўлиш имкониятимиздир. Ҳозирда ҳали маҳсулот ишлаб чиқармасимиздан аввал унинг сотилиш-сотилмаслигини тахмин қилоламиз. 2030 йилларда мутахассислар сунъий интеллект бажара олмайдиган ижодий масалаларни ҳал қила олиш кўникмаларга эга бўлиши керак.
Тадбирнинг форсайт шаклидаги иккинчи қисмда иштирокчилар ОТМ, масъул ташкилотлар вакиллари, ишлаб чиқарувчилар ҳамда олий таълимнинг асосий кучи бўлган талабалардан шакллантирилган олтита гуруҳга бўлинган ҳолда муаммоларни ҳал этиш бўйича баҳсга киришишди ва ўзаро фикр алмашишди. Хулосаларни умумлаштириб қуйидаги мавзулар бўйича тақдимотлар қилишди:
1. ОТМларнинг XXI аср технологик имкониятларидан фойдаланиш ва юзага келиши мумкин бўлган муаммоларга тайёргарлик даражаси;

2. ОТМ ва иқтисодиётнинг реал сектори ҳамкорлик истиқболлари;

3. ОТМлар тадқиқот потенциалини ривожлантириш ва тижорийлаштириш даражасини ошириш;

4. ОТМларнинг жамиятда етакчилик ролини ошириш – бизнес сектори, давлат секторига йўл кўрсатиш потенциалини шакллантириш;

Муҳокамаларда иштирокчилар ўз йўналишлари бўйича реал вазиятга баҳо бериб, камчиликларни бартараф этиш ва соҳа ривожи учун хизмат қиладиган амалий таклифлар ишлаб чиқишди.
Муҳокама якунида гуруҳлар тарафидан ишлаб чиқилган таклифларга асосан республикамиз олий таълим тизимини ривожлантириш бўйича аниқ режалар ишлаб чиқилди.

 

Инновацион ривожланиш вазирлиги

Матбуот хизмати