Янгиликлар

Малайзия технологик ривожланиш корпорацияси вакиллари билан учрашув

 

Жорий йилнинг 29 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигида «Malaysian Technology Development Corporation» (MTDC) корпорация делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди. Корпорация директори Муҳаммад Фариш Низар Отман ва катта вице-президенти – Захария Забиддинни Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Ойбек Норинбоев ва вазирнинг юқори мартабала маслатаҳатчиси Карстен Хайнц қабул қилди.

Учрашув давомида томонлар илмий-тадқиқот ишлари, лаборатория тадқиқотларини ўтказиш, тадқиқот натижаларини  республикада тижоратлаштириш, ҳамда ушбу мақсадларда MTDC томонидан молиявий-техник кўмак учун маблағлар ажратиш ва бенефициарни аниқлаш масалаларини муҳокама қилишди.

Таъкидлаш жоизки, Малайзия технологик ривожланиш корпорацияси 1994 йилда илмий-тадқиқот ишлари ва лаборатория тадқиқотларини ўтказиш, шунингдек мазкур ишланмаларни тижоратлаштириш ва иқтисодиётнинг саноат секторига жорий қилиш мақсадида ташкил қилинган. Малайзия техник ҳамкорлик дастури - MTCP таълим дастури бўлиб, техник кўмак кўрсатиш, ҳамда қисқа муддатли ва ўрта муддатли курслар – турли йўналишлардаги тренингларда таълим олиш ва малака ошириш  мақсадида ташкил қилинган. МТСР Котибиятининг маълумотларига кўра ҳозирги пайтгача Дастур доирасида ҳамкорликнинг бутун даврида Ўзбекистондан келган иштирокчилар сони 603 нафарга тенг.

М.Отманнинг таъкидлашича, MTDC Ўзбекистонга инвестиция киритишга тайёр. Шу ўринда MTDC директори Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг ваколатли шахсларини Малайзия техник ҳамкорлик дастури доирасида Куала-Лумпур шаҳрида 24-28 июнь кунлари ташкиллаштирилаётган «MTCP – MTDC Commercialization Ecosystem and Entrepreneurship Development Workshop» семинарига таклиф этди.