Шерзод Шерматов: «Қоғозда қонунчилик чиройли бўлса-да, амалда ишламаса, бу инновациялар рейтингига салбий таъсир кўрсатади»

«Глобал инновацион индексда (121-ўрин) Ўзбекистонни орқага тортаётган асосий муаммоларни ўтган сафар санаб ўтган эдик. Энди уларни бирма-бир таҳлил қилишни бошласак.

Энг биринчиларидан бу «қонунчилик сифати» («Regulatory quality», 139-ўрин) ва «қонунчилик ижроси» («Rule of law», 133-ўрин) кўрсаткичларидаги Ўзбекистоннинг ўрни. Бу индикаторлар Жаҳон банки томонидан тайёрланадиган «World Governance Indicators» ҳисоботидан олинади», — деб ёзди Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Шерзод Шерматов «Facebook»даги саҳифасида.

 

Унинг қайд этишича, бу иккала индикатор ҳам ушбу давлатларда фаолият юритувчи корхоналар ва экспертлар орасида сўров ўтказиш орқали аниқланар экан. Яъни «қонунчилик сифати» индикатори давлатнинг хусусий сектор ривожи учун қулай бўлган қонунчиликни жорий қилиш қобилиятини баҳолар экан, «қонунчилик ижроси» индикатори эса давлатнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ҳамда суд органлари томонидан хусусий мулк ҳимояси, хусусий сектор ҳуқуқлари ҳимояси, жиноятчиликни олдини олиш бўйича қобилиятларини баҳолар экан.

«Бу индикаторларга ўзимиз берадиган маълумотлар эмас, айнан Ўзбекистонда фаолият юритаётган корхоналар ва сармоядорлар фикрлари кўпроқ рол ўйнаши муҳимлигига эътибор қаратиш зарур. Яъни, бу рейтингларда осонликча қандайдир чиройли рақам бериб кўтарилиш мумкин эмас, балки ушбу соҳалардаги ҳақиқий ўзгаришларни ўша сармоядорлар ва экспертлар ўз тажрибаларида сезишлари керак бўлади. Қоғозда қонунчилик чиройли бўлса-да, амалда уни ижроси умуман бошқача бўладиган бўлса бу каби кўрсаткичларни тузатиш жуда қийин бўлади. Бу эса ўз навбатида нафақат инновациялар рейтингига, балки давлатнинг умумий сармоядорлар учун жозибадорлигига ҳам салбий таъсир кўрсатади.

Қуйидаги дунё харитасида бу иккала кўрсаткич ҳам айнан иқтисодиёти ривожланган ва инновациялар муҳити яхши яратилган давлатларда яхшироқ эканлигини, яъни ўзаро аниқ боғлиқликни кўрсатиб турибди», — дейди вазир ўринбосари.

«Кейинги расмда мисол сифатида қўшни давлат билан ушбу 2 та индикаторни солиштирилишини кўрса бўлади», — деб ёзади у. 

 

Шерзод Шерматовнинг таъкидлашича, ушбу йўналишда ҳақиқий ўзгаришларга эришиш учун давлат бошқарувига юқори малакали мутахассисларни жалб қила оладиган даражада имконият яратишимиз зарур, чунки айнан улар қонунчиликни яратиш ва ижро этиш билан бевосита шуғулланади. Бу борада Сингапур жуда яхши ўрнак бўла олади.

«Давлат бошқаруви самарасини ошириш ва коррупцияни камайтириш учун давлат хизматчилари шароити хусусий секторникидан юқори даражада қилиб белгиланган (масалан, вазирнинг йиллик оладиган маоши, ўша соҳадаги энг йирик хусусий корхона раҳбариникидан юқори). Бизда эса эски тузумдан сарқитлар халигача сақланиб қолган, яъни «завскладга ҳали ойлик ҳам берадими...» деган латифадагидек.Давлат хизматчисининг маош ва шароитидан иқтисод қилишга ҳаракат қилингандан кейин у ўз ваколатини суистеъмол қилиш орқали ўзига шароит яратишга ўтса (масалан, қонунчиликни ўзига мос қилиб ёзиб ёки талқин қилиб), бунинг натижасида унга берилиши мумкин бўлган маошдан кўра иқтисодиётга юзлаб баробар кўпроқ зарар тегиши мумкинлигини улар аллақачон тушуниб етган», — дея хулоса қилади Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари.

 

Manba: xabar.uz

 

  • 22.03.2018

  • |
  • 275

Поделится:

Об-ҳаво башорати

Сешанба
11 Декабрь
Ҳафта давомида
Календар

Воқеалар тақвими

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Ижтимоий сўровнома
Сайтни яхшилаш максадида яна нималарни кушиш керак?
  • Расмлар
  • Янгиликлар
  • Маьлумот
  • Кайта алока
  • Интерактив хизматлар