Янгиликлар

Илғор технологиялар марказида Қор қоплонини ўрганиш ва муҳофаза қилиш учун биологик намуналар таҳлилининг ДНКси мавзусида семинар-тренинг ўтказилди

2019 йилнинг 12-18 июнь кунлари Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази ва “Пантера” халқаро жамғармаси билан ҳамкорликда БМТТД/ГЭЖ ва Ўзбекистон Респуликаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан ҳамкорликдаги “Глобал аҳамиятга эга бўлган биохилма-хилликни муҳофаза қилиш мақсадида муҳим тоғли ҳудудларда ўрмонлардан ва табиат ресурсларидан барқарор фойдаланиш ва бошқариш” лойиҳаси томонидан Ўзбекистон олим-генетиклари учун семинар-тренинг ташкиллаштирилди. Тренингда Илғор технологиялар маркази, Геномика ва биоинформатика маркази, ЎзР Фанлар Академияси Зоология институти ходимлари иштирок этди. Биохилмахилликнинг асосий ҳудудларини мустаҳкамлаш бўйича компонент доирасида лойиҳа томонидан Ўзбекистонда қор қоплони умумий сонини баҳолаш учун генетик таҳлил қўллашда кўмак кўрсатилиши режалаштирилган.

Шу мақсадда БМТТД лойиҳаси экспертлари халқаро тренерлар – “Пантера” жамғармасининг “Қор қоплони” ва “Табиатни муҳофаза қилувчи генетика» дастурларининг директори Байрон Векворт ва Делавэр ҳамда Шимолий Каролина штати университети ўқитувчиси Иможен Канчеллар ўзбекистонлик генетикларни биологик намуналарнинг ДНК таҳлили асосида қор қоплони ва бошқа турдаги ёввойи ҳайвонларни идентификациялаш усули билан таништирдилар. Мазкур замонавий ноинвазив усул Ўзбекистон ва Ўрта Осиё ҳудудида илк бор қўлланилади.

Таъкидлаш жоизки, қор қоплони (Panthera uncia) мушуксимонлар оиласига кирувчи йирик ёввойи сутэмизувчи бўлиб, шимолий ва марказий Осиё, ҳамда Ҳималай тоғларида яшайди. Қор қоплони Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқининг Қизил рўйхати ва у учрайдиган барча мамлакатларнинг Қизил китобларига киритилган бўлиб, йўқолиш хавфи юқори бўлган йиртқич ҳайвон сифатида баҳоланади.

Ўзбекистонда бу ҳайвон яшайдиган ҳудудларнинг умумий майдони 10000 км2 ёки глобал майдоннинг 0,36% га тенг. Қор қоплони ғарбий Тян-Шаннинг Чотқол, Пскент, Угам ва Курамин тоғ тизмалари, шунингдек Помир-Олой тоғ тизимининг Ғиссор, Туркестон, Зарафшон тоғ тизмаларида яшайди.

Ўзбекистонда қор қоплонининг сони 30-50 дан 80-120 гача баҳоланади.

Ўзбекистон Республикасида қор қоплонини мониторинг қилиш дастури доирасида БМТТД лойиҳаси, Ўзбекистон Республикаси Экология давлат қўмитаси, ЎзР Фанлар Академияси Зоология институти мутахассислари томонидан ҳайвонни тутмасдан ва унга жисмоний зиён келтирмасдан уни ўрганиш ва текшириш имконини берувчи ноинвазив генетик таҳлил усулларини қўллаш бўйича инновацион технология жорий қилинмоқда. Бунда ўзбекистонлик олимлар қор қоплонининг бавл намуналарини лаборатор таҳлил қилиш орқали унинг тури, жинси ва идентификациясини аниқлаш имконига эга бўлади. Мамлакатда қор қоплонининг зичлиги ва сонини даврий баҳолаш учун ноинвазив генетик таҳлил усули ёрдамида Ўзбекистонда қор қоплонини мониторинг қилиш дастури амалга оширилади. Бу глобал миқёсда илвирсни муҳофаза қилиш ва йўқолиши даражасини камайтириш йўлида муҳим қадамдир ва у Ўзбекистонда амалга оширилмоқда. Шу пайтгача 12 мамлакатнинг трансчегаравий ҳудудида яшовчи мазкур ноёб турни муҳофаза қилиш бўйича лойиҳалар экспертлари генетик таҳлил учун барча тўпланган намуналарни ҳорижга юборишмоқда. Яқин келажакда бу амалиёт Ўзбекистоннинг ихтисослаштирилган генетик лабораторияларида амалга оширилади.

Тренинг давомида тингловчилар дала ва лаборатория шароитларида намуналарга ишлов бериш, бавл намуналарини тўғри сақлаш, йўқолаётган тур ДНК сини аниқлашда инновацион экспресс-усул ҳақида маърузалар тинглашди.