Янгиликлар

Минск шаҳрида фан ва технологиялар соҳасида ҳамкорлик бўйича биринчи Ўзбек-Беларусь Қўшма мажлиси бўлиб ўтди

 

9 апрель куни Минск шаҳрида фан ва технологиялар соҳасида ҳамкорлик бўйича биринчи Ўзбек-Беларусь Қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Қўшма мажлисга Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов ҳамда Беларусь Республикаси Фан ва технологиялар давлат қўмитаси раиси Александр Шумилин раислик қилдилар. Йиғилишда Ўзбекистон-Беларусь қўшма комиссиянинг ҳар икки давлат аъзолари ҳамда таклиф этилган илмий ташкилотлар раҳбарлари иштирок этдилар.

Йиғилиш дўстона ва ҳамжиҳатлик руҳида ўтаркан, иккала томон ҳам ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга иштиёқлари баланд эканликларини намоён қилдилар.

Беларусь Республикасининг Президенти Александ Лукошенконинг 2018 йилнинг 13 сентябрь куни Ўзбекистонга давлат ташрифи чоғида Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва Белорусь Республикаси ҳукумати ўртасида фан ва технологиялар соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги Келишувга асосан ўтган мазкур тадбирда икки давлат ўртасидаги илмий-техник ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинди. Шунингдек, инновацион лойиҳаларни жадаллаштириш ва тижоратлаштириш масалаларига тўхтаб ўтилди. Учрашув чоғида Ўзбекистон делегацияси икки давлат технопарклари ўрасида ҳамкорликни йўлга қўйиш таклифини берди.

 

Комиссия бўйича энергетика, агросаноат технологиялари, қайта тикланувчи энергия, тиьббиёт ва тиббий технологиялар, нано- ва биотехнологиялар, кимё технологияси, янги материаллари ахборот-коммуникацион технологиялар, рақамли технологиялар, аэрокосмик соҳа, робототехника, озиқ-овқат хавфсизлиги, экология, лазер технологиялари, фойдали қазилмаларни топиш технологиялар Ўзбекистон—Белоруссия илмий-техник ҳамкорлигининг устувор йўналишлари бўлишига келишди.

Шунингдек, 2019-2021 йиллар учун Ўзбекистон-Беларусь қўшма илмий-техник лойиҳалар танловига тушган лойиҳалар ҳақида гапириларкан, ҳар икки давлатнинг олимлари ва илмий ташкилотларнинг ҳамкорликдаги лойиҳаларга алоҳида қизиқиш билдирганлари таъкидланди. Мамлакатлар ўртасида уч йиллик илмий-техник ҳамкорлик дастурининг тасдиқланишига келишилди.

 

Томонлар олимлар ва мутахассислар билан алмашишга, илмий-техник ва инновацион соҳаларда конференциялар, семинарлар, кўргазмалар ва бошқа тадбирлар ўтказишга келишиб олдилар.

Йиғилишдан сўнг Ўзбекистон делегацияси Беларусь Миллий техник университетига ташриф буюрди. Меҳмонлар мазкур университет қошида ташкил этилган технопарк фаолияти билан танишдилар. Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги “Яшнабод” технопарки ва Беларусь Миллий техник университети қошидаги “Политехник” технопарклари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида Келишув имзоланди.

 

Инновацион ривожланиш вазирлиги

Матбуот хизмати