Янгиликлар

Кўп қаватли уйларни қайта таъмирлашда Германия тажрибаси ўрганилмоқда

 

12 март куни Инновацион ривожланиш вазирлигида Тошкент шаҳридаги кўп қаватли уйларни Германиянинг Pro House лойиҳаси асосида санациялаш (бино ва иморатларни махсус технология асосида қайта таъмирлаш ва модернизация қилиш) мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирни вазирнинг юқори мартабали маслаҳатчиси Карстен Хайнц очиб берди, шунингдек унда Уй-жой коммунал қурилиш вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Профессионал бошқарувчи ширкатлар уюшмаси, Тошкент Архитектура қурилиш институтининг малакали мутахассислари қатнашди.

˗ Германияда кўп қаватли уйларни санация қилиш ўз самарасини бериб, ҳатто давлат дастурига киритилган, ˗ деди К. Хайнц. ˗ Бу ишларга одатда 2-4 фоизли имтиёзли кредитлар ажратилади. Аслида, кўп қаватли уйларни махсус технологиялар асосида қайта таъмирлаш ташабусси унда яшовчи аҳолидан чиқиб, ҳукумат томонидан қўллаб-қувватланиши лозим.

Ўзбекистонда кўп қаватли уйларнинг қарийб 98 фоизи мулкдорларга тегишли. Бундай уйлар бошқаруви турли ижтимоий, техник, ҳуқуқий, молиявий ва операцион масалалар ечимини тақозо этади. Шу билан бир пайтда уларнинг кўпи капитал таъмирланиши ёки тикланиши лозим.

Қозоғистон ва Ўзбекистонда кўп қаватли уйларнинг энергия самарадорлигини ошириш ҳамда асосий тизимларни мустаҳкамлаш мақсадида “Шарқий Европада уй-жой хўжалиги” иттифоқи 2016 йилда Қозоғистон ва Ўзбекистонда кўчмас мулк профессионал бошқаруви бўйича PRO HOUSE лойиҳасини ишлаб чиқди.

Санациялаш – кўп қаватли уй-жойларнинг техник, иқтисодий, ижтимоий омилларини ҳисобга олган ҳолда алоҳида қурилиш элементларининг техник ҳолатини ўзгартириб, уйнинг хизмат қилиш даврини узайтириш мақсадида амалга оширилган ишлар мажмуидир. Ушбу қайта таъмирлаш тадбирлари энергиянинг тежалиши, энергия йўқотишларининг камайиши, шунингдек кўчмас мулк қийматининг ошишига олиб келади. Санациялаш одатда уйда истиқомат қилувчи фуқароларни яшаш жойидан чиқарилмасдан амалга оширилади.

Германия мисолида кўрадиган бўлсак, бу ерда кўп қаватли уйларнинг 70 фоизи модернизация қилинган. Санациялаш қиймати янги қурилиш қийматидан 3-7 баробар пастлиги эътиборга моликдир. Бугунги кунда санацияланган панель уйлар кўчмас мулк бозорида қайта таъмирдан чиқмаганларидан анчайин юқори баҳоланади.

Ўзбекистонда ҳам кўп қаватли уйларни энергия самарадорлик жиҳатидан модернизация қилиш вақти келди. Семинар натижаларига кўра, Европа Иттифиқининг “Pro House” лойиҳаси вакиллари жорий йилнинг апрель ойида Тошкентда кўп қаватли уйларни санациялаш мавзусида халқаро конференция ўтказишни таклиф қилдилар.