Янгиликлар

Ўзбекистон ва “Инновацион Ипак йўли” орқали ҳамкорликнинг ноёб имкониятлари

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Бир макон, бир йўл” Иккинчи халқаро форумида иштироки доирасида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов “Ўзбекистон ва Инновацион Ипак йўли орқали ҳамкорликнинг ноёб имкониятлари” мавзусида тақдимот ўтказди.

– Мазкур форумда иштирок этиш мен учун шараф, – деб айтди И.Абдураҳмонов. – Ўзбекистон азалдан инновациялар билан машҳур бўлиб келган. Бугун ҳам аждодларимизнинг цивилизация ривожига қўшган илмий ва инновацион ҳиссалари бутун дуёни лол қолдиради. Илм-фан, алгебра, математика, тиббиёт, кашфиётлар, астрономияда инновациялар – бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин. Шундай қилиб, ушбу форумда иштирок этиш – инновациялар соҳасида ҳамкорлик руҳини ҳис қилишнинг яна бир имкониятидир.

Вазир, шунингдек, Хитой Халқ Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматлари ўртасида илм-фан ва технологиялар соҳасидаги қатор лойиҳаларни санаб ўтди. Хусусан, Хитой Қишлоқ хўжалиги фанлари академияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги қишлоқ хўжалиги сектори ва пахта чигитлари селекцияси соҳасида инновацияларни жорий қилиш бўйича ҳамкорлик қилмоқда. Вазирлик томонидан Хитойнинг Wenzhou Jinsheng Trading компанияси иштирокида Сирдарё вилоятида Пенг Шенг саноат парки ҳудудида агрокластер ташкил қилиш масаласи устида ишлар олиб борилмоқда.

Шунингдек, 2018 йилнинг ноябрь ойида Ривожланаётган мамлакатлар Фанлар Академияси ва Хитой Фанлар Академиясининг президенти жаноб Бай Чуньли бошчилигидаги делегация Инновацион ривожланиш вазирлигига ташриф буюрган. 

Шундай қилиб, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири томонидан қуйидаги таклифлар илгари сурилди:

  • ўзаро ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга ошириш учун олимлар, мутахассислари ва тадқиқотчилар алмашинуви;
  • ўзаро илмий-техник лойиҳаларни ишга тушириш;
  • ҳамкорликда илмий тадқиқотлар олиб бориб фан соҳаларида юқори натижаларга эришиш мақсадида Халқаро аллергология маркази, Илғор технологиялар маркази, Оролбўйи Халқаро инновацион маркази каби муассасаларда қўшма лабораториялар яратиш;
  • технопарклар ўртасида тажриба алмашиш, хусусан “Яшнобод” инновацион технопарки резидентлари билан қўшма лойиҳалар амалга ошириш соҳасида ҳамкорликни фаоллаштириш;
  • янги технологияларни жалб қилиш.

Умуман олганда, “Инновацион Ипак йўли” ташаббуси Ўзбекистон томонидан Ипак йўлидаги мамлакатлар ўртасида илмий-техник ва инновацион алоқаларни кенгайтириш учун мустаҳкам платформа сифатида кўриб чиқилмоқда.

– “Бир макон, бир йўл” ташаббуси илмий-техник ҳамкорликни мустаҳкамлаш лозимлигини кўрсатди. – деб давом эттирди вазир. – Мана шу йўлда елкама-елка кетаётган халқларнинг ўзаро ҳамкорлиги, бир-бирларини қўллаб қувватлашлари туфайли давлатлар ўртасидаги муносабатларнинг янги саҳифаси очилади, бу ҳамкорлик натижалари эса барча мамлакатларнинг ривожига ижобий таъсир кўрсатади.

Ўз чиқишини якунлар экан, Инновацион ривожланиш вазири форумнинг барча иштирокчиларини жорий йилнинг октябрь ойида Тошкентда ўтказиладиган, ҳам мамлакатимизда, ҳам хорижда ишлаб чиқилган янги технологияларни намойиш қилишга қаратилган йирик тадбир – InnoWeek Инновацион ғоялар ҳафталигига таклиф этди.