Янгиликлар

Телетиббиёт – вақт ва маблағингизни тежайди

 

Жорий йилнинг 21 май куни Инновацион ривожланиш вазирлиги ташаббуси билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Тошкент Давлат стоматология институти ҳамкорлигида навбатдаги телетиббиёт технологиясига асосланган онлайн маҳорат дарси ташкил этилди. Мазкур онлайн-тренингни тиббиёт фанлари доктори, доцент Севара Ризаева ўтказди. Маҳорат дарси бир вақтнинг ўзида Жиззах вилоятидаги “Жиззах шифо” хусусий клиникасининг стоматолог шифокорлари ҳамда стоматология олийгоҳи талабалари учун ўтказилди. Маҳорат дарси Тошкент Давлат стоматология институти ёш олимлар кенгаши раиси Жамшид Тўлаганов ҳамда RS group корхонаси кўмагида ўтказилди. Бундан кўзланган асосий мақсад, масофадан туриб ахборот алмашуви, ортиқча вақт ва маблағ сарфламасдан керакли маълумотларга эга бўлиш, масофадан туриб даволаш, маслаҳат бериш, семинар дарсларини ўтказиш, мониторинг қилиш ҳамда тажриба алмашишдан иборат. Мазкур маҳорат дарсида қатнашган мутахассис ва талабалар онлайн теледиагностиканинг устувор жиҳатлари ҳақида ижобий фикрлар билдирдилар. Илк тажрибанинг кўрсатишича, юксак даражали профессионалларни жалб қилиб, телетиббиёт усулини қўллаш нафақат маҳорат ва семинар дарсларини ўтказишга, балки шифокорларга кўп беморларни масофадан туриб текшириш ва даволашга ёрдам беради.

– Онлайн дарслар тиббиёт олийгоҳи талабалари, шунингдек, шифокор ва ходимларига ахборот алмашинуви, тажриба орттириш ва керакли маълумотларни ўз вақтида олиш имконини яратади, – дейди Инновацион ривожланиш вазирлиги бошқарма бошлиғи Бахтинур Худанов. – Шунингдек, теледиагностика орқали Ўзбекистон фуқаролари мамлакатдан ташқарига чиқмай, энг яхши хорижий экспертлардан консультация олишлари мумкин бўлади, беморлар ўз вақтлари ва маблағларини тежайдилар. Бу эса ўз навбатида Ўзбекистонда телетиббиётни ривожлантиришга, республикамиз тиббиёт туризми имкониятларини кенгайтиришга йўл очади ҳамда Туркманистон, Афғонистон ва Қирғизистон каби қўшни давлатлар фуқароларини Ўзбекистонга жалб қилади.

Айтиш жоизки, жорий йилнинг 17 май куни парламент қуйи палатасида Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси томонидан ташкиллаштирилган давра суҳбатида ҳам телемедицина институтини жорий этиш, бунда унинг ҳуқуқий асоси ҳисобланган Ўзбекистон Республикасининг “Телемедицина тўғрисида”ги Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш, шунингдек, аҳолига, айниқса чекка қишлоқлардаги фуқароларимизга қўлай шароитларни таъминлашда “электрон поликлиника” тизимини кенг жорий этиш масалалари кўриб чиқилди.

Ҳозирда Инновацион ривожланиш вазирлиги мутахассислари томонидан Қорақалпоғистон Республикасининг чекка туманларидан бири Мўйноқ туманида телетиббиётга асосланган инновацион клиника ташкил қилиш борасида ишлар олиб борилмоқда. Натижада чекка туманда истиқомат қилувчи фуқароларнинг вақти ва маблағини тежаган ҳолда ўз яшаш жойида соғлиғи бўйича керакли маълумотларни олиш имконига эга бўлади.