Янгиликлар

Тадбиркорлик бўйича жаҳон чемпионатининг миллий саралаш босқичи ғолиби аниқланди

Тадбиркорлик бўйича жаҳон чемпионатининг миллий саралаш босқичи ғолиби аниқланди

Ўзбекистон Республикаси инновацион ривож­ла­ниш вазирлиги, Ёшлар Иттифоқи, “Ground Zero” коворкинг марка­зи ҳамда Тад­бир­корлик глобал тармоғи билан ҳамкорликда жорий йилнинг 30–31 май кунлари “EWC-Tashkent 2019”семинари бўлиб ўтди.

Семинар инновацион тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган бўлиб, унинг доирасида “Тадбиркорлик бўйича жаҳон чемпионати” (Entrepreneurship World Cup)нинг миллий саралаш босқичига 130 дан ошиқ лойиҳалар келиб тушган булар, улардан 13 та стартап лойиҳалар миллий саралаш босқичининг финалига йўлланма олди. Тадбир давомида жамоалар ўз ғоялари ва биз­нес-режаларини эркин халқаро ва маҳаллий экспертлардан иборат жюри олди­да тақдим этдилар.

Семинар натижаларига кўра “Agroport Jizzakh” корхонаси таъсисчилари Илҳом Жўраев ва Миразим Турғунбоев Тадбиркорлик бўйича жаҳон чемпионати финалида иштирок этиш учун ғолибликни қўлга киритди. Финал ғолиблари 2019 йил 12 ноябрда Саудия Арабистонининг Эр-Риёд шаҳрида бўладиган Тадбир­корлик бўйича жаҳон чемпионатининг халқаро супер-финалида иштирок этиш имкониятига эга бўлдилар. Корхона раҳбари 30 ёшли Илҳом Жўраев Жанубий Кореянинг Solbridge International бизнес мактабининг Халқаро молия факультетини томомлаган бўлиб, АҚШдаги Rockwell Financial Group ҳамда Well Fargo банкларида фаолият юритган. Ҳозирда юртимизда шериги Миразим Турғунбоев ҳамкорлигида тадбиркорлик билан шуғулланади. Ёш тадбиркорларнинг “Микробиологик ва кимёвий биоунсурлар ёрдамида пахта поясини (ғўзапоя) қайта ишлаган ҳолда фармацевтика, озиқ-овқат, чорвачилик ва қурилиш саноати учун мўлжалланган маҳсулотларни ишлаб чиқариш биотехнологик комплекси” лойиҳаси ҳайъат аъзолари томонидан юқори баҳоланди. Шунингдек, ғолиб лойиҳа муаллифлари лойиҳаларини ривожлантириш учун Саудия Арабистонининг MISK жамғармаси томонидан тақдим этиладиган 500 000 АҚШ доллари миқдоридаги маблағни оладилар.

Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Йўлбарсхон Мансуров Тадбиркорлик бўйича жаҳон чемпионати миллий саралаш босқичининг финалига чиққан 13 та инновацион стартап лойиҳалари Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан тижоратлаштирилишига кўмак бериш орқали қўллаб-қувватланишини таъкидлади.

Таъкидлаш жоизки, танловда 18 дан 30 ёшгача бўлган шахслар иштирок этиб, у ғоявий ва бошлан­ғич, шунингдек ўсиш жараёнидаги тадбиркорлик лойиҳалари учун очиқдир.