Янгиликлар

NAPA технопарки юқори малакали мутахассисларни бирлаштиради

 

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ташаббуси билан “NAPA Team” МЧЖ ҳамкорлигида Тошкент шаҳрида резидентларга максимал даражада қулай шароит яратиладиган, технологиялар трансферини амалга оширувчи лойиҳалар ва компаниялар учун мақбул майдон бўлиб хизмат қиладиган “NAPA Технопарки”ни таъсис этиш бўйича инвестицион лойиҳани ишлаб чиқилмоқда.

 

NAPA технопаркининг яратилиши ахборот технологиялари соҳасидаги мутахассислар сонини кўпайтириш орқали илм-фан ва таълимнинг ривожланишини рағбатлантирилишига таъсир кўрсатади, шунингдек ахборот технологиялари соҳасидаги юқори малакали кадрларнинг хорижга кетиб қолишини тўхтатиб, АТ соҳасидаги юқори технологияли мутахассисларнинг мамлакатимизга келишига туртки беради.

 

Таъкидлаш жоизки, “NAPA Team” МЧЖнинг асосий мақсади информацион технологиялар учун мақбул муҳитни ва инфратузилмаларни яратиш бўлиб, яқин келажакда янги технологияларни яратиш ва трансфер қилиш марказига айланиши кутилмоқда. Бунда барча иштирокчилар – инвесторлар, университетлар, йирик корпорациялар, хизмат кўрсатувчилар ва ишлаб чиқарувчиларнинг манфаатларининг ҳимоя этилиши таъминланади.

 

Резидентларга имкон қадар қулай шароитларнинг яратилиши ўз ичига коворкинг ҳудудлар, конференция заллари энг яхши стартапларни ва иқтидорли кадрларни танлаб олиш, бошқарув жараёнини автоматлаштириш, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, бизнес ва технологиялар йўналишидаги ўқув марказлари очиш, раҳбариятнинг резидентлар билан бевосита алоқаси, хусусан умумтаълим мақсадида мулоқотлар олиб бориш, семинарлар, турли тадбирлар, тим билдинглар ташкил этишни ўз ичига олади.

 

Бундан ташқари NAPA технопаркида Тошкент шаҳрида касбий таълим, малака ошириш, тор мутахассис кадрларни қайта тайёрлаш бўйича хизматларни кўрсатишга мўлжалланган NAPA EDU HUB (барча ўқув марказларини бирлаштирувчи ягона Академия) яратилади.

 

NAPA EDU HUBнинг бош стратегик мақсади – ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда янги ғоялар яратишга қодир янги авлод мутахассисларини тайёрлаш, инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқиш, амалга ошириш ва оптималлаштириш ҳамда мана шу кадрларни Ўзбекистоннинг етакчи ташкилотларига ишга жойлашдир. NAPA EDU HUB ахборот тизими, технологиялар ва ресурслар, робототехника ва мехатроника, маркетинг ва бизнес, медиа ва дизайн, шунингдек инжиниринг соҳаларида инновацион фаолиятни амалга ошириш учун юқори малакали, рақобатбардош мутахассисларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш билан шуғулланади.