Янгиликлар

Ўзбекистондаги илк Илмий лойиҳалар акселераторининг финали бўлиб ўтди

Ўзбекистондаги илк Илмий лойиҳалар акселератори - C.A.T. Science Accelerator финали жорий йилнинг 7 май куни Инновацион ривожланиш ҳузуридаги Илғор технологиялар марказида бўлиб ўтди.

Тадбирни Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Азимжон Назаров очди. Унинг таъкидлашича, бугунги кунда мамлакатимизда самарали стартап-экотизимини яратиш жуда муҳим бўлиб, унинг ривожланишида акселератор ва инкубаторлар, шунингдек венчур фондлар муҳим ўрин тутади.

– Бугунги кунда Ўзбекистонда стартап ҳаракат шаклланиш босқичида экан, турли дастур ва танловлар оммалашмоқда, ­– деди А.Назаров. ­– Стартапларнинг аксарияти IT соҳаси билан боғлиқ бўлиб, шу пайтгача илмий йўналишдаги мутахассис ва ёш жамоалар бир четда қолиб кетаётган эди. Негаки, уларнинг лойиҳаларини муваффақиятли амалга ошириш учун замонавий лабораториялар керак, зарур материаллар ҳам анча маблағни талаб этади. Шу билан бирга, жаҳон тажрибасининг кўрсатишича, табиий фанлар соҳасидаги юқори технологик стартаплар энг даромадли ва тез ўсувчи сегмент бўлиб қолмоқда. Бу ўринда Илғор технологиялар маркази негизида илмий стартаплар учун акселератор ташкил этиш ташаббуси жуда ўринлидир. Айтишим лозимки, ушбу ташаббус 2018 йилнинг июль ойида давлатимиз раҳбарияти томонидан ҳам қўллаб-қувватланди. Бугун Акселераторнинг илк қалдирғочларининг меҳнат маҳсулини кўришдан мамнун бўламиз.

– Марказимиз 2018 йилнинг апрель ойида Инновацион ривожланиш вазирлиги таркибига ўтди. Шунда илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси масаласи кўтарилди, – деб айтди Илғор технологиялар маркази директори Шаҳло Турдиқулова. – Бир томондан илмий марказмиз, иккинчи томондан Талабалар шаҳарчаси ҳудудида жойлашганимиз учун акселерация илмий лойиҳасини яратишга қарор қилдик. Шундай қилиб, марказимизда юқори технологияли кичик компаниялар учун мавжуд инфратузилма, хоналар, лабораториялар ва асбоб-ускуналарни имтиёзли шартларда тақдим этган ҳолда Инновацион стартап-акселератор ва стартап-инкубатор ташкил қилинди. 2018 йилнинг сентябрь ойида акселераторимиз ўз ишини бошлади. Унга 130 та ариза тушиб, улардан 28 та лойиҳа танлаб олинди. Акселератор ишининг олти ойи давомида финалгача 17 та жамоа қолди.

Акселератор директори Владимир Цойнинг таъкидлашича, акселератор фаолияти давомида жамоалар турли семинар ва тренингларда иштирок этиб, бизнес асослари, солиққа тортиш тизими, бизнес-режалаштириш, корхонанинг ташкилий-ҳуқуқий шакли, инвесторлар олдида чиқиш учун презентация тузиш асослари каби мавзуларда малакаларини оширишди.

Жамоаларнинг чиқишларини DEKOS компанияси директори Хасан Мамасаидов, Инновацион ривожланиш вазирлигининг халқаро маслаҳатчилари Ербол Сулейменов ва Жамшид Авлони, GroundZero коворкинг директори ўринбосари Зуҳра Абдураҳмонова, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси бўлим бошлиғи Усмон Раҳимжонов, VRonica компания вакили Акмал Солихов, “Яшнобод инновацион технопарки” ДУК директори Фарҳод Жумаев, Nazarbayev Universityнинг Бизнес-инкубатор директори Болат Султангазин таркибидаги жюри баҳолади.

17 та жамоа 6 ой давомидаги ишларининг натижасини тақдим қилишди. SolSys — автоном қуёш сув таъминоти, UzAdditive — мойлаш материаллари учун махсус ускуна ишлаб чиқариш, Пектин — маҳаллий хомашёдан пектин ишлаб чиқариш, SNP (silver nanoparticles) — кумуш нанозаррачаларини қўшган ҳолда упа ишлаб чиқариш, The MeT — сунъий ақлни қўллаган ҳолда бизнес учун интеграллашган методология, SilkMedSeam — ипакдан стерил тикув материаллари ишлаб чиқариш, U-test — глюкоза миқдорини мониторинг қилиш учун тест тасмалари, Dental Paper — маҳаллий хомашёдан стоматологлар учун артикуляцион қоғоз ишлаб чиқариш, N E F (New Ecological Feed) — ўсимлик хомашёсидан емларнинг янги рецептурасини ишлаб чиқиш, ЛиПач (Liquid Patch) — суюқ пластир ишлаб чиқариш, Xumo Casting Technologies — заргарлар учун қуйиш мосламаси, MicroSpace — чумоли фермалари ва бошқа энтомологик ўқув қўлланмаларини ишлаб чиқариш, S.O.C. (Stop oral cancer) — оғиз бўшлиғи шиллиқ пардасининг онкологик касалликларини эрта ташхислаш, Geoberry — геология-геофизика асбоб-ускуналарини ишлаб чиқариш, H.pylori PCR test — ПЦР усулида Helicobacter pylori бактериясини аниқлаш технологияси, Second breath (Сурфактант) — ўпка сурфактанти таҳлили асосида ўпка касалликларини экспресс-ташхислаш.

Акселераторнинг барча иштирокчиларига сертификатлар топширилди, лойиҳаларини энг яхши тақдим этган 3 та жамоа эса эсдалик совғаларини олишди.

Даставвал учта энг яхши жамоа пул мукофоти билан тақдирланиши эълон қилинган. Лекин айни пайтда Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан стартап лойиҳалар танлови эълон қилингани туфайли акселераторнинг 10 та энг яхши жамоаси мазкур танловга тавсия этилди. Жамоаларнинг бизнес-режалари Инновацион ривожланиш вазирлигининг танлов комиссияси томонидан алоҳида баҳоланади ва молиялаштиришга тавсия этилади.