Янгиликлар

“Яшнобод” инновацион технопарки резидентлари Мудофаа вазирлиги фестивалида иштирок этдилар

 

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги қўшинлари фаолиятига замонавий илмий-техник ва рационализаторлик ишланмаларини киритиш мақсадида 25—26 май кунлари “Ҳеч бир ижобий ғоя эътибордан четда қолмайди” шиори остида “TECHNO DISCOVERY—2019” фестивали ўтказилди.

Тошкент ҳарбий округининг “Чирчиқ” полигонида бўлиб ўтган ушбу фестивалда Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги “Яшнобод” инновацион технопарки резидентларидан “Greencode”, “Proven safety systems”, “Cotton well МЧЖ қатнашдилар. Хусусан “Proven safety systems“ корхонаси инновацион ёнғинга қарши курашиш тизими билан иштирок этиб, Мудофаа вазирлигига ўз таклифларини билдирди. “Greencode МЧЖ эса 3Д принтерларини намойиш этди. Мудофаа тизими мутахассислари принтер ускунасига алоҳида қизиқиш билдириб, соҳага доир талаб ва таклифларини билдирдилар. “Cotton well” МЧЖнинг инновацион гигиеник маҳсулотлари фестивалнинг махсус диплом билан тақдирланди.

Ўзбекистон армиясида биринчи бор ўтказилаётган бу турдаги кенг кўламли фестивалда уч юздан ортиқ ҳарбий хизматчилар ўзларининг янгича ёндашувлари асосида яратган ихтиролари, инновацион ишланмалари, рационализаторлик ғоялари билан иштирок этдилар.

Фестиваль иштирокчилари эътиборига Қуролли Кучлар марказий ашула ва рақс ансамбли ҳамда Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий оркестри, шунингдек, таниқли эстрада хонандалари томонидан ҳавола этилган кўнгилочар тадбирлар, ҳарбий хизматчиларнинг кўргазмали чиқишлари барчага хуш кайфият улашди.

Бундан ташқари полигонда ташкил этилган китоб ярмаркаси, совринли викторина ўйинлари ҳамда маданий тадбирлар фестивалга келган аҳолининг мароқли дам олишини таъминлади.