Янгиликлар

"Яшнобод” инновацион технопаркининг резидентлари “Ташаббус-2019” кўрик-танловининг туман босқичида ғолиб бўлди

 

15 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун тадбиркорлар, фермерлар ва ҳунармандлар ўртасида ўтказилаётган “Ташаббус-2019” кўрик-танловининг туман (шаҳар) босқичлари якун топди. Тошкент шаҳри Яшнобод туманида ўтказилган танловда “Яшнобод” инновацион технопаркининг резидентлари – “Citylight” МЧЖ ҳамда “Interactive Robot Solutions” МЧЖ 1-ўринни эгалладилар.

Танловда, шунингдек, технопаркнинг бошқа резидентлари – “Vades Group” МЧЖ, “Gudvil” МЧЖ ва “Greencode” МЧЖ ҳам иштирок этдилар. Технопарк резидентлари маҳсулотлари танлов қатнашчилари ва комиссия аъзолари ҳамда ташриф буюрувчиларда алоҳида қизиқиш уйғотди.

“Citylight” корхонаси ёруғликни акс эттириш таъсирига эга полимер маҳсулотлари ва “Interactive Robot Solutions” корхонаси турли модификациялардаги АDBOT интерфаол роботлари билан 20-21 июнда “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар саройида ўтказиладиган республика босқичида иштирок этадилар.

Мамлакатимизда илғор натижаларга эришган, хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш ва хўжалик юритишнинг бошқа соҳаларида ташаббус кўрсатаётган, мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини янада мустаҳкамлашга, импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришга, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшаётган, тадбиркорлар, фермерлар ва ҳунармандлар, жумладан ёш тадбиркорлар қаторидаги “Ташаббус-2019” кўрик-танловининг республика босқичи мутлақ ғолиблари Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини “Chevrolet-Spark” автомашиналари билан тақдирланади.

Кўрик-танлов қуйидаги асосий номинациялари қуйидагилар:

1. “Саноат соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори”;

2. “Хизмат кўрсатиш соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори”;

3. “Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори”;

4. “Йилнинг энг яхши фермери;

5. “Йилнинг энг яхши ҳунарманди”.

Ҳар бир босчқичда кўрик-танловнинг асосий йўналишлар бўйича 1, 2, 3-ўрин ғолиблари аниқланади.

Бундан ташқари кўрик-танлов республика ташкилий қўмитасининг қарорига асосан танлов иштирокчилари қўшимча номинацияларда ҳам тақдирланади.