Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илмий-техник кенгашлар ротацияси амалга оширилди

2019 йилнинг 12-18 апрель кунлари Инновацион ривожланиш вазирлигида фан йўналишлари бўйича 16 та ва стартап лойиҳаларини экспертизадан ўтказиш учун битта Илмий-техник кенгашларнинг кенгайтирилган мажлислари бўлиб ўтди. Мажлисларга Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов раислик қилди.

Мажлисларда Илмий-техник кенгашларнинг 9 ой давомидаги фаолияти муҳокама қилинди, амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар ва эътибор қаратиш керак бўлган ҳолатларга тўхтаб ўтилди.

– Амалий лойиҳалар ва инновацион ишланмалар, стартап лойиҳалари танловларини мунтазам ўтказиб бориш билан бир қаторда илмий мактаблар сонини кўпайтириш, уларни янада ривожлантириш зарур, ­­­­­– деди вазир И. Абдураҳмонов. –­­ Илмий мактабларнинг рақобатбардошлигини ошириш бугунги кун талабидир. Олимларимиздан мақсадли фундаментал ва амалий тадқиқотлар бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқишларини ва вазирликка тақдим этишларини сўраймиз.

Мажлислар кун тартибидан Илмий-техник кенгаши таркибининг ротацияси, кенгаши раҳбариятини сайлаш, Давлат илмий-техник дастурлари доирасида бажарилаётган барча турдаги лойиҳаларнинг натижавийлиги бўйича ўтказилган 2018 йил учун ҳисобот натижалари, Вазирлик томонидан эълон қилинаётган Давлат илмий-техника дастурлари доирасида бажарилиши 2019-2020 йилларга мўлжалланган инновацион ҳамда 2019-2021 йилларга мўлжалланган амалий лойиҳалар танловлари ҳақида масалалар ўрин олди.

“Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги фан йўналишлари бўйича Илмий-техник кенгашлар ва Эксперт гуруҳлари тўғрисида”ги Низомга биноан Илмий-техник кенгашлар таркиблари ҳар 3 ойда ротация қилиниши белгилаб қўйилгани муносабати билан ҳар бир Илмий-техник кенгаш мажлисида иштирокчилар кенгаш таркиби бўйича тўхталиб, таркибдан чиқариладиган ва киритиладиган аъзолар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар ва кенгашларнинг янги таркибини тасдиқладилар. Шунингдек, ҳар бир Илмий-техник кенгашнинг янги раис, раис ўринбосари, илмий котиблари ҳам тасдиқланди.

Мажлисларда кун тартибидаги масалалар атрофлича муҳокама қилинди, вазир ҳар бир Илмий техник кенгаш олдига бугунги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда аниқ вазифалар қўйди.