Янгиликлар

​Докторантурага ҳужжатлар энди электрон тарзда топширилади

 

Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан Тошкент ахборот технологиялари университети билан ҳамкорликда 2019 йил 26 апрел куни докторантурага қабул квотасини шакллантириш дастурий тизими юзасидан ўқув семинари ўтказилди.

Тадбир янги 2020 йил учун таянч докторантура ва докторантурага қабул квоталарини шаклантириш масаласига бағишланган бўлиб, семинарда тассаруфида олий таълим муассасалари ва илмий тадқиқот марказлари бўлган вазирлик ва идоралар, олий таълим муассасалари ва илмий тадқиқот марказлари масъул ходимлари иштирок этдилар. 2019 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегиясида илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларига сарфланадиган давлат харажатларини 2021 йилга бориб ялпи ички маҳсулот ҳажмининг 0,8 фоизига етказиш кўзда тутилган. Ушбу топшириқ ижросини амалга оширишда докторантурага қабул квоталарини ошириш, илм-фан билан шуғулланадиган ёшларга кенг имкониятлар яратиш кўзда тутилган.

Аммо соҳада кўпгина камчиликлар мавжуд бўлиб, жумладан, 2019 йилга мўлжалланган докторантурага қабул қилиш натижаларига кўра, 1116 та ажратилган квоталардан 318 та (28%) квотага танлов конкурссиз ўтказилган. Олий ўқув юртидан кейинги таълим самарадорлиги даражаси пастлигича қолмоқда. Ўз вақтида ҳимоя қилиш даражаси фақат 16,8 фоизни ташкил этади. Докторантурага қабул жараёнлари эски анъанавий усулларда, яъни қоғоз вариантда ҳужжатлар топшириш орқали амалга оширилмоқда.

Ҳозирги вақтга келиб республика бўйича жами 2405 нафар изланувчилар докторантурада ўқимоқда (шундан 2198 нафар таянч докторантурада, 207 нафари докторантурада) таҳсил олмоқда. Ушбу докторантларнинг фаолият самарадорлигини баҳолаш, мониторингини олиб бориш ўзига яраша қийинчиликларни туғдирмоқда.

Мониторинг масаласини ижобий ҳал қилиш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан барча вазирлик, идора ва ташкилотлар бўйича 2019 йилда таянч докторантура ва докторантурага қабул қилинган изланувчиларнинг тўлиқ маълумотлар базаси яратилди. Маълумотлар вазирлик ва идоралар, олий таълим муассасалари, илмий тадқиқот муассасалари кесимида ишлаб чиқилган бўлиб, ҳар бир изланувчи ҳақида маълумотлар киритилган. Маълумотлар базаси вазирликнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилди.

Юқоридаги муаммоларни самарали бартараф этиш мақсадида докторантурага ҳужжатларни топшириш, рўйхатга олиш электрон тизимини жорий қилиш, докторантларнинг шахсий режасини бажарилишини мониторинг қилиш имконини берувчи автоматлаштирилган тизимини жорий қилиш учун махсус дастурий таъминот яратилди. Ушбу дастурий таъминот Тошкент ахборот технологиялари университети мутахассислари билан ҳамкорликда яратилган бўлиб, Олий ўқув юртидан кейинги таълимга қабул механизмини такомиллаштириш, шаффофликни таъминлаш, ортиқча қоғоз сарфланишига чек қўйиш, квоталар шакллантириш жараёнини электрон шаклга ўтказиш имконини беради.

Мазкур ўқув семинарида иштирокчиларга бу йилги таянч докторантура ва докторантурага қабул квоталарини шаклантиришни автоматлаштирувчи дастурий таъминот намойиш этилиб, ундан фойдаланиш бўйича амалий кўрсатмалар берилди.