Янгиликлар

Ўзбекистон – Беларусь ҳамкорлиги давом этмоқда

 

Жорий йилнинг 29 май куни Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги таклифига биноан Беларусь Миллий Фанлар академиясининг қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш бўйича илмий-амалий маркази “Экспериментал завод” Республика унитар корхонаси директори Александр Близнюк бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташриф буюрди. Меҳмонларни Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов қабул қилди.

Беларусь ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар фаоллашиб, икки мамлакатнинг ҳудудлари, хўжалик субъектлари, илм-фан, маданият ва бизнес вакиллари ўртасида ҳамкорлик ўрнатилмоқда. Беларусь Республикасининг Минск шаҳридаги фан ва технологиялар соҳасида ҳамкорлик бўйича илк “Беларусь – Ўзбекистон” қўшма мажлиси келишувларига асосан илмий-техник ҳамкорлик масалаларига катта эътибор қаратилмоқда.

Учрашув Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов бошчилигидаги делегациянинг жорий йилнинг апрель ойида Минск шаҳрига хизмат сафари чоғидаги музокараралрнинг мантиқий давоми бўлди. Беларуслик меҳмонлар Ўзбекистон Республикасининг сабзавотчилик хўжаликлари ва логистика марказларида механизация даражаси билан танишадилар, техник воситалар ва ускуналарни ҳамкорликда ишлаб чиқаришни ташкил этилиши режалаштирилган корхоналарнинг фаолиятини ўрганадилар. Шунингдек, беларуслик мутахассислар заводнинг маҳсулотларини ўзбекистонлик истеъмолчиларга етказиб бериш масалалари бўйича манфаатли томонлар билан музокаралар олиб борадилар.

“Экспериментал завод” омборхоналар ва савдо-логистик марказларини жиҳозлашга қаратилган мева-сабзавот маҳсулотларини экиш, сақлаш ҳамда сотишга тайёрлаш замонавий юқори технологик ускуналар ва жиҳозларни ишлаб чиқариш бўйича дунёдаги етакчи компаниялардан бири саналади.

Инновацион ривожланиш вазирлиги ташаббусига кўра амалга оширилган Тошкент вилояти ҳокими Ғуломжон Ибрагимов билан учрашув мобайнида томонлар Тошкент вилоятидаги фаолиятида мева-сабзавот маҳсулотларини (картошка, пиёз, шолғом, лавлаги ва бошқа) экиш, йиғиб-териб олиш, саралаш ва сақлаш бўйича алоҳида машина ускуналари ва механизмларни ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхона тузишга келишдилар.

Бундан ташқари, беларуслик ишлаб чиқарувчилар “AGROVER” корхонасининг раҳбарлари билан учрашиб, картошкани саралаш ва вакуум қадоғига жойлаш ускуналарини етказиб бериш масаласини муҳокама қилдилар.

Шунингдек, Беларусь делегацияси Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти директори Р. Низомов билан ҳам учрашиб илмий-тадқиқот муассасаси фаолияти билан танишдилар, картошка, лавлаги ва помидорларнинг беларусь навлари етиштирилаётган тажриба участкаларини кўздан кечирдилар.