Янгиликлар

“Орзу дарахти” номли инновацион болалар боғчаси очилди

1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоялаш куни Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Хотин-қизлар қўмитаси ва Янгийўл тумани ҳокимлиги ҳамкорлигида “Орзу дарахти” номли инновацион болалар боғчаси ўз фаолиятини бошлади. Давлат раҳбаримизнинг қишлоқ жойларида оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасаларини барпо этиш бўйича саъйи ҳаракатлари туфайли ташкил этилган “Орзу дарахти” номли мазкур инновацион болалар боғчасида Ўзбекистон ва Корея мактабгача таълим тизимининг энг ижобий жиҳатлари мужассам этилган.

Боғча 80 ўринли бўлиб, унда корейс, инглиз ва рус тиллари мукаммал ўргатилади. Иш фаолияти душанбадан шанбагача соат 8-00 дан 20-00 гача белгиланиб, болажонларнинг кунига беш маҳал овқатланишлари ташкил этилган.

Шунингдек, муассасада массаж муолажалари, дефектолог машғулотлари, дарсонваль терапияси, даволовчи жисмоний тарбия (ЛФК) машқлари, электрофорез, парафин терапияси ўтказилади.

Ўз навбатида Инновацион ривожланиш вазирлиги тишларнинг тозалик даражасини баҳолайдиган, кариесни рентген тасвири орқали аниқлаш имкони бўлмаган даврида ҳам аниқлаш имконини берувчи технологияни ўзида мужассам этган Qscan ускунасини Тошкент вилоятида биринчи бўлиб ушбу боғчага тақдим этди.

Бунда боғча тарбияланувчиларига ва уларнинг ота-оналарига оғиз бўшлиғининг гигиеник қоидалари ўргатилди, тишларни тўғри тозалашда улар томонидан йўл қўйилаётган камчиликлар кўрсатиб ўтилди, сўнгра жорий қилиниши бошланган технология орқали текшириб кўрилди.

Мазкур мактабгача таълим муассасасида давлат раҳбарининг 5 та ташаббуси жорий этилган бўлиб, хусусан, расм чизиш ва рақс тўгараги, бадан тарбия машқи, шашка ва шахмат, сув спорти тўгараги, шунингдек болаларга китобхонликни ўргатишга расмли китоблар ва инновацион QR қодли китобларни аудио эшитилиши ташкил этилган, бешинчи йўналиш бўйича эса 10 нафар хотин-қизлар бандлиги таъминланган.