Янгиликлар

Оролни ободонлаштиришда Араб Амирликлари тажрибасидан фойдаланилади

Бирлашган Араб Амирликларининг тажрибаси асосида Оролбўйи ҳудудларини тиклаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилади. Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазирлигида бўлиб ўтган учрашувда маълум қилинди.

Шу йилнинг 20 февраль куни Оролбўйи халқаро инновация марказининг 6 нафар мутахассиси Дубай шаҳрида жойлашган Шўрланиш шароитидаги биодеҳқончилик халқаро маркази (ICBA)нинг бош офисига илмий амалиёт ўташ учун юборилган эди.

Мутахассислар бир ярим ой давомида Абу-Даби шаҳридаги Масдар Сити экошаҳри билан танишиб,  агробизнес учун муваффақиятли инкубаторларни ташкил қилиш, сув ва тупроқ унумдорлигини ошириш бўйича инновацион технологияларни жорий этиш ва бошқа йўналишларда ўқув-амалиёт курсларини ўтаб қайтишди. 

Мутахассислар Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Азимжон Назаров билан мулоқот чоғида агросоҳада араб тажрибасининг ўзлаштириш мумкин бўлган жиҳатлари ҳақида маълумот беришди.

«Ўсимликларнинг генетик хусусиятлари тадқиқ этиладиган лабораторияда бўлдик. Унда сув кам муҳитга ўсимликларни мослаштириш, ип орқали суғориш, дарахтнинг ўзида сув сақланиши кабиларни ўргандик», — дейди Оролбўйи маркази Ўрмон хўжалиги ва дала тадқиқотлари бўлими мутахассиси Жолмырза Жаксымуратов.
 
Экинлар диверсификацияси лабораторияси лаборанти Камолиддин Идирисов Амирликдаги тупроқ музейи ҳақида маълумот берди. «Улар ўз ҳудудларида учрайдиган тупроқлардан намуналар олиб, ўзига хос хусусиятлари ҳақидаги маълумотларни илова қилган ҳолда кичкина музей ташкил қилишган. Бу музейдан даромад ҳам кўрилади, маблағ марказ фаолияти учун сарфланади. Ўзбекистонда ҳам 157 турдаги тупроқ хиллари учрайди. Бизнинг марказда ҳам шундай музей ташкил этилиши мақсадга мувофиқ бўлар эди», — дейди у. 

«Ҳозирда бизнинг мутахассисларимиз хориж тажрибасини ўрганиб келишяпти. Лекин биз Оролбўйи халқаро инновация марказида ишни шундай йўлга қўйишимиз кераккки, бизнинг тажрибамиздан андоза олиш учун бошқа мамлакатлардан келишсин», — дейди Азимжон Назаров. 

Вазир ўринбосарига кўра, Оролбўйи халқаро инновация маркази фақатгина илмий-амалий эмас, балки туристик марказга ҳам айлантирилиши керак. 

«Марказ чин маънода халқаро миқёсда фаолият олиб бориши учун жараёнда халқаро ташкилотлар ва қўшни мамлакатлар, хусусан, Қозоғистон ва Туркманистоннинг ҳам роли оширилиши керак», — дея таъкидлади Назаров.

Бирлашган Араб Амирликлари тажрибасини кенг миқёсда оммалаштириш ва ундан бевосита амалиётда фойдаланиш мақсадида Фанлар Академияси мутахассислари, тадқиқотчилар, агро соҳада таҳсил олувчи талабалар иштирокида Нукус шаҳрида семинар ўтказилиши режалаштирилмоқда.

Манба