Янгиликлар

Оролбўйи - экологик инновациялар ва технологиялар зонаси

 

16 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ”Оролбўйи - экологик инновациялар ва технологиялар зонаси” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди. Матбуот анжумани Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновацион маркази ташкил этилганига роппа роса ярим йил бўлган санада ўтказилаётгани боис, тадбир марказнинг оммавий ахборот воситалари вакиллари олдидаги ярим йиллик ишлари бўйича ўзига хос ҳисобот бўлди, деса бўлади.

Тадбир Қорақалпоғистон Республикаси Нукус тумани Саманбай қишлоқ фуқаролар йиғини манзилида жойлашган Оролбўйи халқаро иновацион марказининг боғида ўтказилди. Журналистларга марказнининг қурилаётган биноси ва унинг атрофида амалга оширилган ободонлаштириш ишлари намойиш этилди.

Матбуот анжуманини Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Азимжон Назаров очиб берди. У Инновацион ривожланиш вазирлиги қошида тузилган Идоралараро ишчи гуруҳи томонидан ”Оролбўйи - экологик инновациялар ва технологиялар зонаси” Концепцияси ишлаб чиқилганини маълум қилди. Шу билан бирга, жорий йилнинг октябрь ойида Оролбўйини экологик инновациялар ва технологиялар зонаси деб эълон қилиниши бўйича Халқаро конференция ташкил этилиши ва уни ўтказиш юзасидан катта тайёргарлик ишлари олиб борилаётганлигини таъкидлаб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази директори Нурлибек Мирзамуратов Марказнинг ташкил этилиши ва унинг аҳамияти тўғрисида маълумот берди. Тадбирда Оролбўйи халқаро инновация маркази томонидан Оролбўйида инновацияларни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан презентация қилинди.

Хусусан, бир ярим ой мобайнида қурғоқчилик шароитида ўсимликлар етиштириш, тупроқ унумдорлигини ошириш, кескин об-ҳаво шароитларига мос  ўсимликлар навларини яратишнинг инновацион усулларини ўрганиб келган қорақалпоғистонлик ёш олимлар Дубай тажрибаси билан ўртоқлашдилар.

Матбуот анжуманида республика оммавий ахборот воситалари вакиллари ва журналистлар томонидан берилган саволларга Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Азимжон Назаров ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази директори Нурлибек Мирзамуратов атрофлича жавоб бериб, олиб борилаётган ишлар ҳақида батафсил гапирди.

- Оролбўйи ҳудудини ривожлантириш бўйича катта ишлар бошланган, - деди Нурлибек Мырзамуратов. - Марказимизнинг Мўйноқдаги филиалига 20 гектар ер майдони ажратилган бўлиб, у ерда ҳозир кўчатлар ва уруғлар экиш жараёни авжида.