Янгиликлар

Ғолиб Ар-Риёдга боради

EWC-Tashkent 2019 журналист нигоҳида

 

Пойтахтимизда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ишбилармон доиралари ҳамда инновация соҳасидаги экспертлари иштирокида ёш тадбиркорлар учун халқаро семинар ташкил қилинди. Ташаббус Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ёшлар иттифоқи, “Ground Zero” коворкинг-маркази ҳамда Глобал тадбиркорлик тармоғи ҳамкорлигида амалга оширилган. 

Юртимиз инновацион ривожланиш йўлидан бормоқда. Бизда бой инсон капитали ва юқори интеллектуал салоҳият мавжуд. Бироқ дунёдаги тараққий этган мамлакатлар эътиборига тушиш ва айниқса, улар билан рақобатлашиш учун ақлнинг ўзи камлик қилади. Янги билимлар асносида янгилик (ғоя, технология, хизмат)лар яратишга ҳаракат қилиш ҳам керак. Бунга эса халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, жаҳондаги илғор тажрибалар билан танишиш, энг сараларини амалда қўллаш орқали эришилади.

Ҳиндистон юқори технологик маҳсулотлар билан глобал бозорни забт этишга интилмоқда. Мамлакатда инновацион фаолият яхши йўлга қўйилган. Мазкур жараёнда тадбиркорлик субъектларининг ҳам роли катта. Демак, биродар халқдан ўрганса бўладиган жиҳатлар кўп. Халқаро семинардан айнан шу мақсад кўзланди.

Икки кунлик тадбир давомида инновацион тадбиркорлик бўйича маҳорат дарслари ўтилди. Уларда асосан талабалардан ташкил топган стартаперлар жамоалари қатнашиб, Ҳиндистон, исроиллик мутахассислардан билим ва кўникмалар ўзлаштирди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилда юртимиз ёшлари Саудия Арабистонининг MiSK жамғармаси томонидан таъсис этилган тадбиркорлик бўйича жаҳон чемпионатида қатнашиш имконини қўлга киритди. Бу биз учун катта шараф. Зотан, мазкур нуфузли беллашув глобал аҳамиятга молик инновацион бизнес-лойиҳаларнинг ўзига хос генератори ҳисобланади. Шу сабаб унга дунёдаги йирик сармоядорлар катта қизиқиш билдирмоқда.

Чемпионатда ҳар йили юзта мамлакатдан ўн минглаб ёш тадбиркорлар иштирок этади. Танлов шаффоф тарзда олиб борилиб, стартаплар халқаро даражада тан олинган экспертлар томонидан баҳоланади.

  • Миллий саралаш босқичини ўтказишда бизга Ҳиндистоннинг таълим ва лидерликни ривожлантириш халқаро жамғармаси (tGELF) ташкилий ҳамда услубий жиҳатдан кўмак берди, — дейди Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги бошқарма бошлиғи Жамолиддин Бобохонов. — Аризалар жорий йил 15 майига қадар онлайн тарзда ва фақат инглиз тилида қабул қилинган. Ҳакамлар ҳайъати 150 дан заёд жамоадан 13 тасига ижобий тавсия берди. Семинарнинг иккинчи кунида стартаперлар ўз тақдимотларини ўтказиб, учта ғолиб аниқланди. 1-ўринга “Agroport Jizzakh” МЧЖ таъсисчилари — Илҳом Жўраев ва Миразим Турғунбоев сазовор бўлди. Бу жамоа 12 ноябрда Ар-Риёд шаҳрида бўлиб ўтадиган тадбиркорлик бўйича жаҳон чемпионатининг халқаро супер-финалида Ўзбекистон номидан иштирок этади.

Шу билан бирга барча ғолиб жамоалар стартапларини ишга тушириш учун зарур бўладиган бухгалтерия ҳисоби, маркетинг асослари, компания қийматини баҳолаш ва бошқа масалалар юзасидан тезкор курсларда ўқитилади.

Ўзбекистон-Ҳиндистон ёш тадбиркорларининг халқаро семинари чоғида tGELF жамғармаси ижрочи директори Дину Рахеджа хоним мактабларнинг юқори синф ўқувчилари учун мўлжалланган ва уларда етакчилик қобилиятини ривожлантиришга қаратилган “LEAD” ўқув дастури ҳақида маълумот берди. Интерфаол усулда амалий машғулотлар ўтилди.

Жамғарманинг бошқа мутахассислари ёшларимизга тадбиркорликда муваффақиятга эришиш сирларини очиб берди. Жумладан, пухта бизнес-режа ишлаб чиқиш технологияси, сармоядорлар олдида қандай тақдимот қилиш кераклиги тушунтирилди.   

Семинар аввалида сўз олган Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари, “Yoshlar — kelajagimiz” жамғармаси ижрочи директори Бунёдбек Баҳромбеков ўтган бир йил мобайнида жамғарма ҳисобидан 4 мингдан ортиқ бизнес-лойиҳа имтиёзли кредит тизими асосида молиялаштирилгани, ёш тадбиркорларга қулайлик яратиш мақсадида ҳудудларда 112 та “Ёшлар меҳнат гузари” ва 18 та коворкинг-маркази ташкил қилинганини қайд этди. У Ҳиндистоннинг таълим ва лидерликни ривожлантириш халқаро жамғармаси мутасаддиларига қўшма лойиҳалар доирасида ҳамкорлик қилиш таклифини билдирди.

Халқаро семинарнинг иккинчи кунида Ўзбекистонда инновацияларни ривожлантиришдаги муаммолар таҳлил қилинди. Тор доирадаги учрашувларда эса юртимиз илмий, инвестициявий салоҳиятига урғу берилиб, инновацион тадбиркорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

***

Ўзбекистонлик ёшлар биринчи бор тадбиркорлик бўйича жаҳон чемпионатида қатнашиш имконини қўлга киритди.  

Наргиза УМАРОВА